АсосийJinoyat

"Кичик ўғлимни ҳам ўлдираман..." 5 ёшли қизини аввал ўлдириб, сўнг ўчоқда ёқиб, дарёга ташлашга мажбур қилган онанинг жиноий шериги – ота хотини бу ишни қандай қилганини гапириб берди

'"Кичик ўғлимни ҳам ўлдираман..." 5 ёшли қизини аввал ўлдириб, сўнг ўчоқда ёқиб, дарёга ташлашга мажбур қилган онанинг жиноий шериги – ота хотини бу ишни қандай қилганини гапириб берди'ning rasmi

Тошкент шаҳар прокуратураси маълумотига таяниб, бундан 10 ой аввал эр-хотин ижарада яшаб келган хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, фарзандини уриб, дўппослаб, қасддан ўлдиргани ҳақида хабар бергандик. 2020 йил 12 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида, очиқ суд мажлисида жиноят ишини кўриб чиқилди ва ҳукм ўқилди...

35 ёшли аёл шаърий никоҳдаги 52 ёшли турмуш ўртоғи ва ўзининг биринчи турмушидан бўлган фарзандлари билан биргаликда ижарада яшаб келган. Турмуш ўртоғи ишда, ўзи эса уйда фарзандлари билан бирга бўлган вақтида, биринчи турмушидан бўлган 2014 йилда туғилган қизи иккинчи турмушидан бўлган кичик фарзандларига нисбатан салбий муносабатда бўлади. Аёлда юзага келган нафрат ва ғазаб натижасида ожиз аҳволда бўлган қизини қасддан ўлдириш мақсадида, дастлаб унинг бошини деворга уриб, кейинроқ эса ўқлов билан танасининг бошқа қисмларига уриб-дўппослайди. Бола олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.

Бундан ташқари, аёл жиноий ҳаракатларини давом эттириб, воқеа куни шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи ишдан уйга қайтган вақтида, бола оғир тан жароҳатлари сабабли вафот этганини билгач, хотини билан жиноий тил бириктиради. Жиноятини яшириш мақсадида эр-хотин боланинг мурдасини Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги дала ҳовлига олиб боришади. Боланинг мурдасини таҳқирлаб, таниб бўлмас ҳолатга келгунича дала ҳовлининг ўчоғида куйдириб, мурда қолдиқларини эса полиэтилен қопга жойлаштиришиб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишган.

                  “ЎЗ ФАРЗАНДИМНИ ҚОТИЛИ БЎЛИШ ИСНОД”, ДЕЯ АНЧА ВАҚТ ЙИҒЛАДИ”

Судда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган аёл ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга умуман иқрор бўлмади. Эри эса айбловга қисман иқрор бўлди...

— Хотиним билан 2015 йил Москвада танишимнинг туғилган кунида танишганмиз. У менга икки нафар фарзанди борлиги, уларни боқишга қийналиб қолганини айтди. Шундан сўнг яқинроқ танишиб, 2015 йил шаръий никоҳ билан турмуш қурдик. Турмушимиз давомида икки нафар ўғил фарзандли бўлдик. Унинг биринчи турмушидан уч нафар фарзанди бор эди. 2019 йил биринчи турмушидан бўлган тўнғич ўғлини никоҳ тўйида иштирок этиш ҳамда икка нафар ўғлим тез-тез касал бўлгани сабабли Ўзбекистонга қайтиб келганмиз. Намангандаги уйимда биринчи оилам ва ўғилларим яшагани учун бу аёл билан Тошкентда яшашга қарор қилганмиз. Қурилишда ишлаб юрганимда хотиним қўнғироқ қилиб, фарзанди касал бўлиб қолганини айтиб, уйга келишимни сўради. Бошлиқдан рухсат сўраш билан бирга бироз дори-дармон олиш учун пул ҳам сўрадим. Пул эмас, рухсат берди. Уйга киришим билан биринчи турмушидан бўлган қизини ўлдириб қўйганини айтди. Нима бўлганини тушунмай, бола ётган хонага кирдим. Қизалоқ ерга ётқизилган, устига ёпинчиқ ташлаб қўйилганди. Ёпинчиқни очиб, унинг юзига бир-икки енгил шапалоқ урганимда, юзи қотиб қолганини билдим. Нима бўлганини сўраганимда, воқеа тафсилотларини айтиб берди. Шунда “онангга қўнғироқ қилиб, муаммони ўзларинг ҳал қилинглар”, дедим. Хотиним кичик ўғлимизни маҳкам ушлаб, “Одамлар “онаси қизини ўлдирибди”, дейишгач, катта қизимни ҳеч ким сўрамай қўяди. Агар онамга қўнғироқ қилсангиз, кичик ўғлимни ҳам ўлдираман”, деди. Биринчи ўғил фарзандим туғилганида шифокорлар хотинимнинг руҳияти яхши эмаслигини айтгани эсимга тушди. Шу сабабли унга “Нима қилсанг қил, боламни қўйиб юбор”, дедим. Сўнг “қизимнинг мурдасини йўқ қилишда ёрдам беринг. Онамга қўнғироқ қилманг. Ҳаммасига ўзим жавоб бераман”, дедии. Ноилож рози бўлдим. Бироздан сўнг егулик олиш мақсадида хотиним ва болаларим билан биргаликда кўчага чиқдик. Хотиним бир шиша ароқ ҳам сотиб олди. Пулни қаердан олганини сўрасам, “Зирагимни 350.000 сўмга сотдим”, деди. Уйга киргач, ароқ ичиб, ўзига келганини айтди. “Ўғилларим жувонмарг бўлиб кетмасин. Қамалиб кетсак, кимларни қўлида хор бўлишади? Ўз фарзандимни қотили бўлиш иснод”, дея анча вақт йиғлади. Бироздан сўнг музлатгичдан пиво олиб ичди... 

Хотиним телефон ва калитларимни олиб қўйди. Эртаси куни хотиним ва фарзандларим билан яна кўчага чиқиб, қизни мурдасини кўмиш учун жой қидирдик. Лекин жой топа олмадик. Россияда бўлган вақтимизда, кўпроқ шашлик қилиш учун ўрмонга ўхшаш жойларга бориб турардик. Хотиним ҳам шашлик қилиш баҳонасида тоққа чиқиб, ўша ерларга кўмиб келишни айтди. Дўстлик-2 мавзесига бориб, у ерда ташландиқ жойларни кўриб келдик. Лекин у жойларда ҳам кўмишнинг имкони бўлмади. Йўлда хўжалик моллари дўконидан бир дона сопсиз белкурак ва бир шиша ўт олдириш учун ёқилғи сотиб олдик. Уйга келиб, интернет орқали Бўстонлиқдан дала ҳовли қидириб, бир кеча тунаб қолиш учун маклер билан 250.000 сўмга келишдик. Хотиним боласининг мурдасини сумкага жойлаштирди. Такси келганидан сўнг биргаликда йўлга чиқдик. Илгари гаплашган дала ҳовлимизни бошқаларга ижарага бериб юборилганини билдик. Ўша ердаги нотаниш маклер ўзининг дала ҳовлисини бир кечага 250.000 сўмга беришини айтди. Қоровулига паспортимни бериб, ҳовлига жойлашишдик. Мурда солинган чамадон эса дарвозахонада қолди. Сўнг хотиним ва фарзандларим билан яқин атрофдаги дўконга бориб, тухум, картошка, бир шиша ароқ сотиб олдик. Биргаликда ароқ ичдик. Шу куни тунда хотинимга мурдани янги қурилаётган дала ҳовли атрофига кўмишни таклиф қилдим. “Нима қилишни ўзим биламан, мурдани кўммайман. Агар итлар ковласа, очилиб қолади. Энди ишингиз бўлмасин”, деди. Эртаси куни тонгда мени уйғотиб, “мурда сасиб кетяпти”, деди. Шунда мурдани ўчоқ бошига олиб бориб ёқаётганини кўрдим. Мурда ўчоққа жойлаштирилган, устидаги қозонда сув қайнаётганди. “Нималар қилиб қўйдинг?” дея ўша ердаги қўлқопни қўлимга кийиб, қозонни олдим. Мурдани устига сув сепиб ўчирдим... Дала ҳовлига мурдани кўмиш учун боргандик, лекин хотиним нима сабабдан ёққанини билмайман. Хотиним “Энди бу жиноятда иккаламиз шерикмиз, биргаликда жавоб берамиз”, деди. Хотиним дўкондан полиэтилен қоп олиб келди. Нима қилишини сўраганимда, “Мурданинг қолдиқларини қопга солиб, йўқотиб келаман”, деди. Бундай қилмаслигини айтганимда, “Энди менга шериксиз. Хоҳласангиз ташлаб келамиз, хоҳламасангиз ҳеч нарса қилманг”, деди. Шунда ноилож мурдани қопга жойлаштириб, оғзини маҳкамлаб боғладим. Хотиним ва фарзандларим билан Чирчиқ дарёси бўйига бордик. Қопни сув бўйига олиб тушдим, ичига 2-3 дона тош солиб, оғзини боғлаб, сувга ташлаб юбордим...

Автобусда Тошкентдаги метрогача келиб, хотинимнинг қистови билан чамадонни шу ердаги ахлат қутисига ташлаб, маршруткада уйга кетдик. Шу орада уй эгаси “Уйимни бўшатиб қўйинглар”, деб талаб қилди. Ижарага уй қидириб, ижара ҳақи қимматлигини билиб, хотинимга қўнғироқ қилдим. У “Ҳовли ёки бир хонали квартира топинг. Қизим йўқолиб қолгани ҳақида ИИБга ариза ёзиб, онамга хабар бердим”, деди... ИИБ ходимларига эса бўлган ҳолатни айтиб бердим. 

Судланувчи қизни ўлдирмагани ва мурдасини ёқмагани, фақат мурдани йўқ қилишда хотинига ёрдам бергани, қизларига умуман тажовуз қилмагани айтиб, суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўради. 

Зафар НУРМАТОВ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси:

— Суд иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчиларнинг содир қилган жиноятлари ўз тасдиғини топган ва далиллар билан исботланган деб ҳисоблайди.

Аёл ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди ва 134-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Судланувчига ЖКнинг
59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Турмуш ўртоғи эса ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в”, “п” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этилишига дахли бўлмагани сабабли, ЖПКнинг 83-моддаси 3-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди. Судланувчига ЖКнинг 134-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга шу модда билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

                                                                                                                                                С.АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар