АсосийShou-biznes

Пойтахтимизда Грузия киноси кунлари бошланди

Пойтахтимиздаги Киночилар уйида 18 декабрь куни Грузия киноси кунлари бошланди. 

Тадбир “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Грузиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Грузия киноси кунлари доирасида Грузия кинематография санъатининг ўзига хос жиҳатларини акс эттирган ўнга яқин фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Қизиқарли воқеаларга бой мазкур асарлар орқали грузин халқининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари, ёшларининг дунёқараши ва ички кечинмалари билан танишиш мумкин. 

Маданий анжуман грузиялик ижодкорлар томонидан суратга олинган «Кето ва Коте» фильми намойиши билан бошланди. Унда, шунингдек, «Илк қалдирғоч», «Кузги қуёш», «Верий мавзеси тароналари», «Бедорлар қуёши», «Ёлғиз овчи», «Ошиқ ошпазнинг 1001 рецепти» каби қатор фильмлар намойиш этилади. 

Мамлакатимиз кино ихлосмандлари тадбир давомида Грузиянинг таниқли кино ижодкорлари – режиссёрлар, актёрлар ва сценаристлар билан учрашиш имконига эга бўлади. 

 

    Бошқа янгиликлар