Дунёдаги илк етти эгизаклар 18 ёшини нишонлади(Фото)

ДУНЁ 22.12.2015, 11:12
Дунёдаги илк етти эгизаклар 18 ёшини нишонлади(Фото)

1997 йилда америкалик Кенни ва Бобби Маккоги оиласида етти нафар фарзанд-эгизаклар дунёга келди. Чақалоқларнинг тўрттаси ўғил, учтаси қиз бола эди. Мазкур оламшумул янгилик тез орада бутун дунёга тарқалди. Ахир Маккогилар оиласида дунёга келган эгизаклар дунёдаги илк етти нафар эгизаклар эдида! Уларни ҳамма “Фалакдан тушган еттилик” деб атай бошлади.


Чақалоқларга Кенни, Келси, Натали, Брэндон, Алексис, Натан ва Жоэл деб исм қўйилди. Эгизакларни тарбиялашда эр-хотин ҳақиқий жасорат кўрсатди.Чунки бирваракайига еттита фарзандни тарбиялаш осон иш эмасда. Барча машаққатларга қарамай болалар аҳил ва иноқ оилада, ота-онасининг қайноқ меҳри тафтидан баҳраманд бўлган ҳолда улғайди.  

 
Дунёдаги илк етти эгизаклар бу йил 18 ёшга тўлди. Улар бугун келажакда ўз ҳаёт йўлини танлаган, мустақил фикрга эга йигит-қизларга айланди. 
Кенни ва Бобби иккинчи маротаба фарзанд кўриш ниятида ЭКО марказига мурожаат қилади. Маълум вақтдан сўнг шифокорлар уларга етти нафар фарзанд кутаётганини маълум қилади. Шифокорларнинг қаршиликларига қарамай, Бобби болаларнинг барчасини дунёга келтиришга қарор қилади.   
Эгизаклар туғилганида улар жуда митти кўринишга эга бўлган, улардан энг каттаси 1,5 килограмм, энг кичиги эса 1,13 килограмни ташкил этган. Шифокорлар эгизакларнинг яшаб кетишлари учун астойдил ҳаракат қилди. Улардан икки нафари Алексис ва Натан болалар церебрал фалажлиги ташхиси билан туғилганлиги сабабли, улар юриб кетиши учун жарроҳлик амалиёти ўтказишга тўғри келди. Ҳозирда улар соғайиб кетган.
Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар бу ноодатий оилага қанчалар қийин эканлигини ҳис этар ва мунтазам равишда уларга ёрдам берарди. Ҳукумат ва ҳайрия жамғармалари томонидан оилага каттароқ уй ажратилди, болалар мактабда бепул овқатланиши учун шароит яратиб берилди, таътилда улар имтиёзли равишда лагерларга юборилди. Бундан ташқари оила бошлиғи-ота тинимсиз ишлар ва фарзандларини ҳам меҳнаткаш бўлишга ундарди. У фарзандларига ҳаётда ҳамма нарсага ўз кучи билан эришиш қанчалик муҳим эканлигини уқтирарди.

Оиладаги тўнғич фарзанд Микаэла онасига ука-сингилларига қарашга ёрдам берарди. 

Иккинчи қатор чапдан ўнгга: Брэндон, Алексис, Жоэл ва Натан. Биринчи қаторда ўнгдан чапга: Кенни-катта, Кенни- кичкина, Келси, Натали ва уларнинг онаси, Бобби. 

Эгизаклар аллақачон ўзларига касб танлаган: Брэндон мактабни тугатиб армияга кетади, Алексис — тарбиячи, Натали — ўқитувчи, Кенни — қурувчи, Натан ва Жоэл эса дастурчи бўлишга қарор қилди. Келси эса Айова штатидаги хорда қўшиқ куйлайди, орзуси-хонанда бўлиш.
 

Улар нафақат эгизаклар балки ҳақиқий дўстлардир. Эгизак қизлар катта опалари Микаэланинг тўйида. 

Эгизаклар тез орада мактабни тугатади ва ҳаммаси ўз танлаган касбини эгаллаш учун турли ҳудудларга тарқалади. 
“Бу ҳаётимиздаги энг кескин бурилиш бўлади. Ҳеч қачон тинч ва сокин бўлмаган хонадонимиз бирдан бўшаб қолади”, — дейди Бобби

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1