"Улар орасида 2 нафар қиз ҳам бўлган". Тошкентда икки кишининг ўлимига сабаб бўлган оммавий пичоқвозлик тафсилотлари маълум қилинди

ЖИНОЯТ 21.09.2020, 19:57
"Улар орасида 2 нафар қиз ҳам бўлган". Тошкентда икки кишининг ўлимига сабаб бўлган оммавий пичоқвозлик тафсилотлари маълум қилинди

Аввал хабар берилганидек, кеча, 20 сентябрь куни эрталаб соат 6.00 атрофида Юнусобод тумани, А.Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида содир бўлган оммавий жанжал оқибатида 4 киши пичоқланган.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳодиса бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди.

"Келиб тушган хабарга кзра, ППХ ходимлари воқеа жойига етиб келишганда, пичоқ билан яраланган тўрт нафар йигитлардан биттаси – 18 ёшли Али Г. воқеа жойнинг ўзида ҳаётдан кўз юмган эди, уч нафар йигитлар шифохонага етказилдилар. Шифохонада жанжалда иштирок этганлардан яна бири – 23 ёшли Данил С. ҳаётдан кўз юмди. 21 ёшли Азиз А. ва 28 ёшли Азизбек Т.лар айни вақтда шифохонага жойланганлар.

Маълум бўлишича, келишмовчилик икки гуруҳ йигитлар орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қизлар ҳам бўлган ва уларнинг ҳаммаси Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида бўлишган. 5 кишилик иккинчи гуруҳ ҳам ўша атрофда бўлганлар. Қизлардан бирининг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи бошқа гуруҳдаги йигитга худди унга айтилгандек туюлган. Шу сабабли орада келиб чиққан можаро муштлашувга айланиб кетган. Муштлашув давомида иккинчи гуруҳ иштирокчиси 23 ёшли Санжарбек Х. пичоқ чиқариб тартибсиз равишда зарба беришни бошлаган. Натижада тўрт нафар йигитлар жабрланиб, улардан иккитаси ҳаётдан кўз юмган.

Воқеа жойига етиб келганлар Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томнидан 23 ёшли Санжарбек Х., 18 ёшли Сардор К., 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х. ва яна бир неча киши қўлга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 моддаси 2 қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Гумонланувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилинган 23 ёшли Санжарбек Х. ҳозирда қўлга олинган.

Айни вақтда келишмовчиликнинг яна икки нафар иштирокчиси бўлмиш 18 ёшли Сардор К. ва 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мазкур шахслар ҳам қўлга олинганлар.

Тергов давом этмоқда. Келишмовчиликнинг бошқа иштирокчиларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1