Тўсатдан бошланган ва қачон тугаши номаълум бўлган пандемия барча соҳалар қатори халқ таълими тизимини ҳам бир қатор муаммоларга дучор қилди. Хусусан хавфсизликни таъминлаш мақсадида анъанавий таълимдан масофавий таълимга ўтишга тўғри келди. Лекин “Ҳар бир ёмоннинг бир яхши томони бор” деганларидек, пандемия даврида айрим давлатларда аллақачон турмуш тарзига айланган ахборот технологиялари юртимизда ҳам кенг қўлланила бошлади. Бу жараёнга барча соҳа ва тизимлар жалб қилинди. Халқ таълими тизими ҳам бундан мустасно эмас.
Хўш, электрон журнал нима ўзи? Унинг қандай афзалликлари бор? Камчиликлари ҳам борми? Бу борада кўпчилик ота-оналар ва педагогларни қизиқтирган саволларга Сергели туман 6 - ИДУМ тарбия фани ўқитувчиси Муяссар ВОҲИДОВА батафсил жавоб берди.
–Республикада баъзи мактаблар жорий ўқув йилида қоғоз журналдан воз кечишди. Қисқа вақт ичида ўқитувчилар ҳам электрон журнал билан ишлашнинг афзалликларини билиб олишди. Албатта, кўпгина қулайликлар билан бирга, электрон журналларнинг камчиликлари ҳам мавжуд. Улар вақт ўтиши билан такомиллашиб, мукаммаллашиб боради деб ўйлаймиз. Келинг аввало, мактабларда электрон журналга ўтишнинг афзалликларини таҳлил қиламиз.
Аввало, электрон журнал - бу ажойиб имконият. Ҳатто у одатдаги қоғоз журнал билан бир вақтда параллель равишда юритилганда ҳам бизга кўпгина қулайликларни тақдим этади.
Дунёда электрон журналлар 2000 йилдан буён таълим соҳасида қўлланилиб келинмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда ҳам бу тизим ривожлантириляпти, бир қатор ўқитувчилар тажрибали мутахасссилар томонидан ўқитиляпти.
Интернет журналнинг асосий янгилиги: бу тизимга ўтилса, ўқитувчиларни қийнаб юборган «қоғоз иши» деярли икки бараварга камаяди.
Тизим қандай ишлайди?
Бу тизимда ўқитувчилар дастлаб одатдаги қоғоз журналларни ҳам ушлаб туришади, сўнгра керакли маълумотларни электрон журналга киритадилар: ҳар бир фан учун ўқув дастури; ўқувчиларнинг шахсий карталари; ўқитувчилар ҳақида маълумот ва бошқалар.
Тизимнинг аҳамияти – ота-оналар ҳам Интернет орқали фарзандларининг баҳоларини кўриб, кузатиб боришлари, ўқитувчи билан яқин алоқада бўлишлари мумкин.
Биринчи ўқув йили давомида ушбу режимда хато ва ноаниқликлар бўлиши мумкин. Аммо уларни аста-секин тузатса бўлади. Аста-секин устозлар электрон журнални юритишни ўзлаштириб оладилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун ҳам бу иш жуда осон бўлиб қолади.
Электрон журнал – бу бой маълумотлар базаси
Ўқитувчининг асосий вазифаси ўқув жараёнини кузатиб боришдир. Бу ўқув натижалари, давомат, интизомни назорат қилишни англатади. Ҳисобот топшириш ва ўз ишларини бажариш жуда кўп вақтни талаб қилади.
Илгари синф раҳбарлари ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига қават-қават ҳисоботларни топширган бўлса, энди бу тизим оворагарчиликка чек қўйилади. Электрон журналда ишлаганда фақат иккита тугмачани боссангиз, керакли ҳисоботни чоп этиб олишингиз, давоматни ҳам, ким қандай ўзлаштираётганини ва ҳатто барча фанлардан ўртача баллни ҳам билиб олишингиз мумкин.
Бу тизим мактабга ва на синф раҳбарларига катта даромад олиб келмайди аммо уларнинг ўз устида ишлашга бўш вақти кўпроқ бўлиши аниқ.
Ҳеч нарса йўқолмайди
Қоғоз журнал битта бўлади, бир вақтнинг ўзида уни икки киши варақлай олмайди. Баъзан йўқолиши, йиртилиб қолиши ҳам мумкин.
Ўқитувчилар ёзувлари ва кундалик баҳоларнинг электрон нусхаси пайдо бўлгандан кейин бу муаммо бартараф бўлади. Ҳатто 10 нафар ўқитувчи бир вақтнинг ўзида бир синфнинг журнали билан ишлаши мумкин. Мактабдан кейин ва таътилда ҳам ниманидир киритмоқчи ёки текширмоқчи бўлса, ўқитувчилар хонасига бориши шарт эмас. Электрон журнал йўқолмайди ёки шикастланмайди ҳам.
Камчилиги ҳам борми?
Албатта электрон тизимда ҳар бир ўқитувчининг шахсий маълумотлари бор. Айрим нохолис фойдаланувчилар логин ва паролни билиб олса, муҳим маълумотларни йўқ қилиши мумкин. Ёки бегоналар электрон журналдан чиқиб кетилмаган компьютердан фойдаланиб унга маълумот киритиши ёки керакли ҳужжатни ўчириши мумкин. Дарвоқе, қопқоғи ёпилган ноутбук унинг ўчирилганлигини англатмайди.
Аммо огоҳ ва эҳтиёткор бўлсак, бу нохушликларга йўл қўймаймиз. Табиийки, тизимни яхши ўзлаштириб олган ўқитувчилар “Эҳ, бу даҳмаза нимага керак?” дейишдан тўхтаб, “Оҳ, бу тизим жуда қулай экан!” дейишга ўтади. Демак, электрон журналнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. У мактаб ва оилага кўплаб имкониятларни тақдим этиши мумкин.






