Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги залида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда халқ таълими тизимига доир бир қатор саволларга жавоб берилди.
– Мактабларда дарсликларни ижарага беришда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларида имконият йўқлиги инобатга олинадими?
– Албатта, инобатга олинади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар умумтаълим мактаби кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади. Бу “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низомда белгилаб қўйилган.
– Нима сабабдан мактаб дарсликлари ўқувчиларга ижара асосида берилади?
– Бунинг сабаби ота-она дарсликни кўчадан харид қиладиган бўлса бу унга жуда ҳам қимматга тушади, биргина таълим тили рус тилида бўлган 4-синф тўплам дарсликларнинг баҳоси очиқ савдода 299 630 сўмни ташкил қилса, кутубхонада ушбу тўплам дарсликнинг баҳоси 24 200 сўм бўлиб, 12 баробарга арзон саналади. Шуни қайд этиш лозимки, дарслик ижараси кутубхона жамғармаларидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
– Бизнинг мактабда синф хоналарни йиғиштириш учун ота-оналардан пул йиғилади. Мактаблар фаррошлари зиммасига синф хоналарни йиғиштириш кирмайдими?
– Синфхоналарни ўқувчилар навбатчилик асосида тозалаши тавсия этилади. Жойларда эса баъзи ота-оналар фарзандлари синфхонани йиғиштиришини хоҳламагани учун фаррош ёллаб унга синфхонани йиғиштириши учун қўшимча маблағ тўлаш ҳоллари кузатилади. Яна шуни айтиш жоизки, болаларнинг ўзларининг орқасидан синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Бу эса болага ўзи ўтирган жойни тоза ва озода сақлаш, бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатади. Шу сабабли болалар дарслардан кейин синфхонани йиғиштириш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ саналади.
Шу ўринда мактабларда фаррошлар учун ажратилган штат бирлиги Биноларнинг фойдаланиладиган ички қисми, шу жумладан хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфлари майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 350 квадрат метр тозалаш майдони учун 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.
Мактабда машғулотлар иккинчи сменада ҳам олиб борилганда, ушбу сменадаги ўқувчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв.м. тозаланадиган майдон учун қўшимча 0,25 бирлик, узайтирилган кун гуруҳи мавжуд бўлганда эса, гуруҳга қатновчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв.м. тозаланадиган майдонга 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда фаррош лавозими киритилади.