Бутун дунёда инқирозга сабаб бўлаётган пандемия ва унинг оқибатларини тугатиш ҳақида кўпчилик сиёсатчилар, давлат ва жамият бошқарувининг лидерлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Улар орасида дунёдаги зиддиятлар ва инқироз оқибатларини енгиллаштириш бўйича умидли ечимларни таклиф қилаётганлар ҳам бор.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам глобал пандемия даври муносабатлари ва муаммолари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
"Коронавирус пандемияси кенг миқёсли ва кўриниб тургандек, узоқ муддатли таъсир кучига эга, бир кеча-кундузда тугамайдиган глобал ҳодиса сифатида аллақачон замонавий дунё жараёнларининг барча соҳалари — сиёсат, иқтисодиёт, маданият, экология, инсон тараққиётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш инқирози шу пайтгача мавжуд бўлган иқтисодий муаммолар, ижтимоий ва гендер тенгсизликни янада кучайтирди, бугун қатор минтақалар дуч келаётган табиий офатларнинг салбий таъсирини оширди. Шунингдек, у давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқаро фаолиятнинг устувор йўналишларини ўзгартиришга ёки тузатишлар киритишга мажбур қилди. Бундай шароитда инсониятнинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда.
Шу сабабли атрофимиздаги тез ўзгараётган дунё ҳақида гапирганда унинг нафақат “пандемик ўлчови”, балки ўзаро боғлиқ бўлган янги ҳодисаларнинг бутун бир жамланмасини назарда тутиш керак. Улар турли мамлакатларнинг ички ҳаётини, халқаро сиёсат, дунё иқтисодиёти, жаҳон хўжалик муносабатларини, шунингдек, глобал ахборот, технологик ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни қамраб олмоқда. Умуман олганда, сўз шаклланаётган сифат жиҳатидан янги халқаро муносабатлар тизими, эҳтимол тубдан ўзгарган янги дунё тартиби ҳақида кетмоқда.
Ушбу муносабатлар нафақат сиёсий, иқтисодий асосларни, балки, эътибор қаратмоқчиманки, замонавий дунё тартиби қадриятларини жиддий қайта кўриб чиқиш жараёнида шаклланмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, буни, масалан, айрим давлатларнинг миллий эгоцентризм, деб аталмиш хусусиятлари кучайишида, кўплаб ҳукуматларнинг, авваламбор, ўз мамлакатлари ёки ҳатто уларнинг алоҳида сиёсий доираларининг манфаатларини таъминлашга интилишида кўриш мумкин. Шундай ҳам ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ривожланиш босқичи жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қиладиган давлатларнинг тенгсизлиги тобора кучаймоқда.
Айрим давлатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашиб, ахборот, технологик, санкциявий урушларнинг янада кескин босқичларига айланиб бормоқда. Биз дунёнинг турли минтақаларида зўравонлик ва ҳарбий инқирознинг авж олишига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Афсуски, буларнинг барчаси дунёнинг етакчи давлатлари муносабатларидаги тизимли кескинликлар муҳитида содир бўлмоқда. Бирор бир давлатни четлаб ўтмаган пандемия шароитида ушбу кескинлик умумжаҳон муаммоларига ечим топишга, жумладан, камбағаллик, қашшоқлик ва очлик, хавфли касалликлар ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. COVID-19 нинг чегара ёпилиши, карантин зоналари белгиланиши, таъминотнинг узилиши ва бошқа кўринишдаги тўғридан-тўғри таъсири билан бирга, турли глобал “ўйинчи”лар ўртасидаги халқаро сиёсий номутаносибликлар дунё миқёсидаги ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш занжирларининг бузилиши, эркин савдога зарар етиши, инвестициялар оқими ва иқтисодий алоқаларнинг сусайишига олиб келмоқда".






