1

“Тажрибали” фирибгар тузоққа илинди

ЖИНОЯТ 11.01.2016, 11:27
“Тажрибали” фирибгар тузоққа илинди

...Панжи ҳаш-паш дегунча 53 ёшни ҳам уриб қўйди. Ортига бир назар ташлади.  Афсуски одамлар ҳавас қилгулик ишларни шу кунгача амалга оширмаганига амин бўлди. Шу ёшгача бир неча  бор суднинг қора курсисида ўтиришга “муваффақ” бўлди. Эҳҳе, шу пайтгача у не-не судларни кўрмади. Қашқадарёда ҳам, Тошкентда ҳам, Сурхондарё-ю Навойида ҳам судланиб чиққан.

“Балиқ ови”

 Панжи май ойида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Республика Нейрохирургия Илмий марказига борди. Тузган режасига кўра у бу ердаги содда одамларни чув туширмоқчи бўлди. Бу гал унинг тузоғига ўша ердаги фитобарда ишлайдиган Дурдона илинди. Панжи у ерга кириб,  овқатланиб, қизга яхши гапириб юрди.

—Исмим Зокир. Чиноз туманида яшайман. Балиқчилик фермам бор. Бир ойга 11 миллион даромад топаман. Фитобарда ишлаб арзимаган маош олсангиз керак-а! — деб қолди бир куни Панжи.

—Қора қозонимиз қайнаб турибди. Нолимайман, — деди Дурдона.

—Хоҳласангиз, фермамга ишга ўтинг. Маошингизни кўнглингиздагидек қилиб бераман.

—Ўйлаб кўраман, — деди Дурдона унга ҳаваси келиб.

 “Жиянимни операция қилишмоқчи”

Эртаси куни Панжи қизнинг ишончига кириш учун 2 кг балиқ ва банан ташлаб кетди. Қиз бу ҳотамтойдан хурсанд бўлди. Индинига эса Панжи “отини қамчилади”.

—Дурдонахон, менга “срочний” 700.000 сўм пул зарур бўлиб қолди. Илтимос топиб беринг. Жиянимни операция қилишмоқчи. Чиноздагилар 2 соатдан сўнг менга пулни етқизишади. Олиб келган заҳотиёқ пулларингизни қайтараман.

Қиз унинг гарларига ишониб ёнида бўлган 200.000 сўм пулларни унга берди. Дугонаси Шодияга қўнғироқ қилиб, 500.000 сўм олиб келишини илтимос қилди. Дугонаси олиб келган пулни Панжининг қўлларига тутқазди.

—Манави пулга  менинг номимдан кўйлак олиб киясиз, —дея қўлидаги пуллардан 50.000 сўмини Дурдонага узатди Панжи. —Манавини эса пайнетдан телефонингизга пул ўтқизасиз, —дея Шодияга 5.000 сўм берди-да тезда бу ерни тарк этди.

Дурдона  икки соатдан сўнг аҳвол сўраш мақсадида Панжига қўнғироқ қилди. Афсуски унинг телефони ўчиқ эди. Қиз шундагина алданганини билиб қолди...

 Оқибатсиз ҳамхона

....Жўшқин таниши Умрбек билан бирга даволаниш учун пойтахтдаги Травматология шифохонасига келишди. Давлат статистика ётоқхонасидан хона олиб   жойлашишди. Худди шу хонада   Панжи ҳам турарди. Умрбек навбат олиш учун дарҳол шифохонага йўл олди.

Панжи билан Жўшқин танишиб, ошхонада бирга овқатланишди, кейин улар ҳам травматология шифохонасига боришди.

—Сиз шеригингизнинг олдига чиқаверинг, мен сизнинг ортингиздан етиб оламан. Диагностика марказига кириб чиқай, — деди Панжи шифохона ҳовлисида.

Жўшқин у билан вақтинча хайрлашиб шифохонага кириб кетди. Пайтдан фойдаланган Панжи эса дарҳол ортига қайтиб, хонадоши Жўшқинни 100.000 сўмлик сумкасини, ичидаги кийимларини, паспортини  ва 1.000.000 сўм пулини олиб жуфтакни ростлади. Бир соатлардан сўнг Жўшқин Панжига қўнғироқ қилди. Афсуски унинг телефони аллақачон ўчирилган эди....

 Товуқнинг учгани...                     

Дурдона алданганини пайқагач, ноилож туман ичики ишлар бўлимига  ариза билан мурожаат қилди. Жўшқин ҳам ётоқхонага қайтгач, сумкаси жойида йўқлигини кўриб, дарҳол ИИБ ходимларидан ёрдам сўради.

“Товуқнинг учгани томгача” деганларидек ўғри ҳам тезда ушланди. Суд Панжи Нуриддиновдан Дурдона Азимова фойдасига 650.000 сўм, Жўшқин Ҳакимбердиев фойдасига 1.100.000 сўм ундиришни лозим деб топди. У Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, 6 йил мудатга озодликдан маҳрум этилди.

Комила АЛЛАЁРОВА,

Мирзо Улуғбек туман прокурори ёрдамчиси

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1