АсосийJamiyat

Саплементациянинг 25-турида 2,7 миллион бола А витамини билан эмланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 50-52 фоизи турмуш тарзига, истеъмол қилаётган озиқ-овқатига, 20 фоизи атроф-муҳит таъсири ва 8-10 фоизи тиббий хизмат даражасига боғлиқ.

Бундан кўринадики, витаминларга бой маҳсулот истеъмол қилиш, соғлом турмуш тарзига эътиборли бўлиш соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омилидир.      

Ўзбекистон Республикасининг “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши аҳоли ўртасида турли касалликлар камайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, болаларни эмлаш, уларни витаминлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар самарасида ўсиб келаётган авлоднинг соғлом ва баркамол улғайишида улкан натижаларга эришилмоқда.

Мазкур йўналишдаги миллий дастур асосида 2003 йилдан буён йилда икки марта “Болалар саломатлиги ҳафталиги” ўтказилади. Болаларни юқумли касалликларга қарши давлат томонидан бепул эмлашнинг миллий тақвими яратилиб, замон талаблари асосида янги эмлаш воситалари билан бойитилмоқда.

Яқинда ўтказилган ушбу саплементациянинг йигирма бешинчи тури давомида мамлакатимиздаги 2,7 миллион бола А витамини билан эмланди.        

А витамини етишмаслиги натижасида эпителий тўқимаси зарарланади, кўз хиралашади. Тери, нафас йўллари, қовуқ ва ичакда салбий ўзгаришлар пайдо бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида балиқ мойи, сариёғ, сут, тухум сариғи, жигар, буйракда ушбу витамин бор. А витамини кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва асоратини йўқотишга хизмат қилади. Тузни йодлаш, болалар ўртасида А витамини саплементацияси, ҳомиладор аёлларни поливитамин комплекслари билан таъминлаш каби дастурлар микронутриентлар танқислиги, камқонликнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида кўплаб хасталикларнинг олди олинаётгани халқимизнинг соғлом турмуш кечиришида муҳим аҳамият касб этади. 

    Бошқа янгиликлар