Янги йил кириб келганига ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлсада 2016 йилнинг 16 кунида 6 бор зилзила қайд этилди.
Шоир Бобур Бобомурод бўлаётган ушбу табиий ҳодисаларга бефарқ эмаслигини изҳор этган ҳолда қўлига қалам олди ва қуйидаги шеърни тақдим этди.
Билмам, нега қимирлайди ер,
Нега ҳаво жойида эмас?!
Гоҳ ёз ўта ёндираман дер,
Гоҳ қиш қорни ёғдирай демас.
Машойихлар не келса бошга,
Демишларки одам феълидан.
Ором кетиб, дарз тушар тошга -
Маъсиятнинг оғир селидан.
Неъмат кетар маъсият сабаб,
У туфайли келар мусибат.
Вайрон бўлар диёрлар ажаб,
Бўм-бўш қолар юртлар оқибат.
Яхшиликлар тарк этиб ерни,
Дил қовжирар мисоли майса.
Нафи бўлмас тўкилган терни,
Барака йўқ - гуноҳ кўпайса.
Маъсиятнинг барин мабодо,
Ёзай десанг - достон бўлар шеър.
Бўғилмасми шундан сўнг ҳаво,
Титрамасми шундан кейин ер?!
Одам қилган ишларнинг барин,
Кўриб турган, билиб турган Зот.
Аямасдан раҳмат назарин,
Сабрдадир янаям, ҳайҳот.
Огоҳ айлаб бизларни ул Зот,
Ўзи яна асрар барқарор.
Шояд топсак тавбадан нажот,
Шояд бўлсак балки тақводор!
БОБУР БОБОМУРОД
2016.13.01. с.10:00.





