“ҲЕЧ КИМ БОЛАМ ДЕБ ЙИҒЛАМАСИН!”

МУТОЛАА 17.01.2016, 10:21
“ҲЕЧ КИМ БОЛАМ ДЕБ ЙИҒЛАМАСИН!”

Таҳририятимизга келган хатлардан бири эътиборимизни тортди. Унда бир отанининг қалб сўзлари ўз аксини топган. Хоразмлик муштарийнинг айтмоқчи бўлганлари сизни ҳам бефарқ қолдирмаслиги табиий.

— Мана дунёдаги энг сирли ва ҳамма бирдек яхши кўрувчи байрам-янги йилни ҳам яхши ниятлар билан қарши олдик. Бу байрамни ёшу-қари бирдек орзиқиб кутади, сабаби янги йил ўзи билан янги орзу-умидлар, янги режалар ва мақсадлар олиб келади. Кимдир айтган экан, янги йил барчамизнинг туғилган кунимиз деб.  Дарҳақиқат, бу кунда ҳаётимизни оппоқ саҳифадан бошлаймиз. орзу-умидлар қиламиз ва уларнинг ушалишига ёш боладек ишонамиз. 2015 йил ҳаётимда синовларга тўла йил бўлди. Янги йилдан биргина тилак тиладим:  Меенга ҳеч нима керак эмас, Оллоҳга шукур ҳамма нарсам етарли. Ҳаётимни ҳеч ким тарк этмаса бўлгани.

Гапни узоқдан бошлаб сизни зериктириб қўйган бўлсам узр. Хаёлларим чувалашиб кетди. Бир бошидан бошлай қолай. Мен асли Хоразмликман. Ёшим 53 да. Оллоҳга шукур ўғилларим, қизларимни уйли-жойли қилганман. Уларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан тинчиган.

Ота-она учун болаларининг ҳаммаси бирдек севимли. Уларнинг ҳеч бирини кам яхши кўрамйди. Аммо ўғлим Элёрбекни онаси ҳам, мен ҳам бошқача кўрардик. Уни нифақат биз, балки бутун маҳалла-кўй, қўни-қўшни, ҳамма яхши кўрарди.  Кичкиналигидан математикага қизиқар, ҳисоб-китобга жуда уста эди. Унинг бу қобилилиятига кўпчилик ҳайрон қолар эди. Элёрбек жуда шўх, гапга чечан бола эди. Ўғлим барча бин тез тил топишиб кетарди.  Қишлоқда кимникида тўй-ҳашам бўлса, ҳашар бўлса биринчилардан бўлиб Элёрбек қатнашар, бел боғлаб хизматда бўларди. 

Йиллар бир-бирини қувиб ўтавераркан. Биз қариб кетаверарканмиз, фарзандларимиз эса улғайиб боравераркан.

Элёрбекни уйлантиришим ҳам қизиқ бўлган. Унга фалон оилага совчиликка бормоқчимиз, сен нима дейсан ўғлим, десам:

— Ўзингиз биласиз. Майли сизлар нима десангиз шу бўлади, — дерди.

Мен эса:

—Болам қиз билан яшайдиган сен, ўзинг кўз остингга олиб қўйганларинг бўлса айт, — дердим.

Бу гапларни бир неча марта эшитаверганидан кейин бир куни унамайгина шундай деди:

— Ҳалиги қўшни маҳаллада ёқтирган қизим бор, агар рози бўлсаларингиз...

— Нега шуни олдинроқ айтмайсан, болам, — дедим мен. — Биз онанг билан бошқа уйга совчиликка бориб қўйганимизда нима бўларди?

— Отажон,онам иккалангиз менга ёмонликни раво кўрармидингиз? Шунча йилдан бери сизларнинг айтганингизни қилиб кам бўлаётганим йўқ, ахир. Шунинг учун сизлар танлаган келин менга ҳам ёққан бўларди, — деганди ўғлим.

Унинг гапларидан кўнглим тоғдек кўтариларди. Ота-онасининг айтганини қилмай, ўзи билганича иш тутиб, ҳаёт йўлларида қоқилаётганлар камми?  Ўғлим Элёрбек ҳар бир ишни қилишдан олдин биз билан маслаҳатлашарди.

Шундай қилиб уни ўзи кўз остига олиб қўйган қизга уйлантирдик. Қизнинг оиласи бизга ҳам маъқул бўлди. Оиламизга ҳар томонлама мос келди. Келинимиз ҳам ширинсухан, меҳнаткаш чиқди. Бизларни ҳурмат қилади, хизматимизни қилиб, чарчамайди. Оллоҳга шукур, вақти-соати келиб, оиламизга ширингина қизалоқ-янги меҳмон ташриф буюрди. Қизига исмни ўғлимнинг ўзи “Дилфуза” деб қўйди.

Дилфуза дадасининг қуйиб-қўйгандек ўзгинаси. Катта-катта қора кўзлари, қирра бурни худди Элёрбегимни эслатади. Набирамизнинг ширин-ширин қилиқларини томоша қилиб, бир ярим йил вақт ўтказибмиз. Мана олти ойлик бўлди, мана эмаклади, мана гапирди, энди юради, деб умримизнинг дарёдек оқиб кетаёганини ҳам билмай қолибмиз.

Эсимда ўтган йили янги йил байрамида ўғлим Элёрбек байрам бир умр ёдимизда хотирланиб қолиши учун астойдил ҳаракат қилганди. Соат саккизлар чамаси. Аёлим келин билан пишир-куйдир қиляпти. Мен набирамни   олиб телевизор кўриб ўтиргандим. Бир пайт Элёрбек “Дада, мен синфдошларим билан бир жойга ўтиб келаман, сизлар яхши ўтириб туринглар,” деб қолди. Байрамни бирга кутайлик, тезроқ кела қолинглар бўлмаса, дедим унга.

Шундай қилиб соат ўн бирлар бўлди.  Бир пайт дарвоза тақиллади. Чиқсам эшик олдида каттакон қоп кўтарган қорбобо турибди. Ҳайрон бўлдим. Ахир ҳозирги замонда олдиндан буюртма қилинмаса, ҳеч кимнинг уйига шунчаки қорбобо келмайдида.

— Ассалому алайкум, отагинам! Кириб келаётган байрамларингиз билан. Узоқ-узоқ ўлкалардан сизни ва оила аъзоарингизни табриклаш учун келдим. Қани, уйингизга бошлангчи, — деди у виқорли овоз билан.

— Раҳмат, қорбобожон, — дедим кулиб. — Аммо биз сизни ҳеч ҳам кутмагандик. Бироз ҳаяжондаман, қандай бўларкин?

— Эй отагинам, ҳаммаси яхши бўлади, қани ичкарига кирайлик, — деди кутилмаган меҳмон.

Шундай қилиб, қорбобо байрамимиз файзига файз киритди. Жажжигинамиз Дилфузахон ўзи ёдлаган илк шеърини айтиб берди ва қорбободан совға олди. Қорбобо жуда эътиборли чиқиб қолди. Менга, аёлимга, ҳатто келинимга ҳам совға берди. У энди кетишга чоғланаётган эди, дуо қилдим:

— Илоҳо омийн, ўғлим бизни шунча хурсанд қилдинг, умрингдан барака топгин, фарзандларингни роҳатини кўр, ҳаётингда яхши кунларинг кўп бўлсин, бошинг тўйдан чиқмасин!

Қорбобо раҳмат айтдида, устидаги кийимларини еча бошлади. Бош кийими ва “соқол”ини олганида ҳаммамиз кулиб юбордик. Ҳаммамизни хурсанд қилган қорбобо, — ўғлим Элёрбек экан.

— Наҳотки, мени танимаган бўлсангиз, ота? — деди ўғлим кулгудан тўхтамай.

— Йўқ, умуман танимадим. Актёр бўлсанг бўларкан ўзи. Шундай қобилиятинг бор экан, билмай юрган эканмиз, — дедим унга ҳайратимни яширолмай.

 Элёрбек қорбобо ролини шундай маҳорат биан ижро этган эдики, ўзи айтмаганида танимаган бўлар эдик. У ана шундай ҳаётимизни қувончга тўлдириб яшарди...

Шу сўзларни ёзаяпман-у, кўзларим беихтиёр ёшланади. Ота учун боласининг дард чекаётганини кўриш ўта оғир экан.

Эрта баҳор эди. Ёшлигида бир марта ҳам касал бўлмаган ўғлим Элёрбек оғриб қолди. Бирдан иссиғи кўтарилиб кетди. Аввалига биз буни шамоллаш деб ўйладик. Ўзимизча муолажалар қилдик. Аммо ўғлимнинг иссиғи тушай демасди. Уни вилоят марказидаги шифохонага олиб бордик. Керакли таҳлилларни топширдик. Шифокор ўғлимнинг иккала буйраги ҳам ишламаётганини айтди. Гемодиализ муолажаси ўтказилмаса, пешоб чиқаролмагани туфайли ўғлимнинг организми заҳарланишини тушунтирди.

Шу билан яхши бўлиб кетса, майли ўтказинглар ўша муолажани дедим. Муолажа ўтказилди, ўғлим тузалгандек эди. Шундай бўлса ҳам кўнглим ғаш, чироқ ёқса ёришмайдигандек қоп-қоронғу эди. Элёрбекни тажрибали шифокорларга кўрсатсак, зора тузалиб кетар деган умидда пойтахтдаги шифохонага олиб бордик. Барака топгур шифокорлар боламга ўз болаларига қарагандек қарашди. Уларнинг:

— Ражаб ака, ўғлингиз Элёрбек жудаям кўнгилчан, хазилкаш бола экан. Унинг касаллигига ҳам ишонгинг келмайди, деган сўзлари ҳалигача эсимдан чиқмайди. Дарҳақиқат ўғлим дардга ўта чидамли эди. Ҳеч қачон мен касал эканман деб кайфиятини туширган эмас. Ёки бизни мени, онаси ва келинни сиқилишдан асрадимикан шу йўл билан? Тегишли муолажаларни олганидан сўнг уни уйга олиб келдик.

Ёзнинг жазирамали кунлари эди. Эрта тонгда ҳовли ташқарисига сепилаётган сувнинг овозидан уйғониб кетдим. Дарвозамиз олдидан катта ариқ ўтган. Ташқарига чиқиб қарасам, Элёрбек қўлидаги челак билан ариқдан сув олиб, кўчага сепаётган экан.

— Элёрбек, болам, қўй ўзимиз сепамиз, чарчаб қоласан, — дедим.

— Йўқ, бугун анча яхшиман, худога шукур. Хавотирланманг, чарчамайман, — деди у кулиб

Унинг кўринишидан кўнглим ёришди. Оллоҳга шукурлар қилдим, боламга шифо бергани учун. Ўғлим сувни сепиб бўлиб, ариқни сувида салқинлаш учун чўмилиб ҳам олди. Буни кўрган қўни-қўшниларим “Ана, ўғлингиз Элёрбек тузалиб кетди. Энди худо йўлига ис чиқариб юборинг, садақа қилинг, яхши бўлади” дейишди.

Биз ҳам ўзимизда йўқ шод эдик. Ўшанда ўғлим умрининг энг сўнгги онларини яшаётганини қаердан ҳам билибмиз? Икки кундан кейин Элёрбек ётиб қолди. Ҳаммамизни хайрлашиш учун ёнига чақирди. Аввал қизи Дилфузанинг қулоқларига унга атаб олган тилла зиракни тақиб қўйди. . Кейин мен, онаси, акалари ва опалари-ҳаммамизга яқинроқ ўтиришимизни тайинлади. Менга қараб:

— Ака (Хоразмда отани ака дейишади - таҳр) мен кетяпман, мендан рози бўлинг, — деди. Жигарбандимнинг сўзлари юрагимни тилкаларди. Чидолмадим, кўзим ёшланди:

— Ундай дема, жон болам, ҳали кўп яшайсан, — дедим бўғзимга тиқилаётган аччиқ нолани яширишга уриниб.

— Оға, апка, (опа) сизлардан битта илтимосим бор. Қайси бирингиз ўғил фарзанд кўрсангиз, исмини Элёрбек деб қўйинг, шунда мен ҳамиша сизнинг ёдингизда бўламан, — деди опа ва акаларига юзланиб.

Унинг айтган сўнгги сўзлари шу бўлди. У кўзимизни ёшга тўлдириб, бағримизни қон қилиб бизни ташлаб кетди. Тақдирнинг измидан ҳеч ким қочиб қутулолмас, Оллоҳнинг иродаси олдида бандаси ожиз экан. Қанча уринмайлик, ўғлимизни асраб қололмадик. У айни ўйнаб-кулиб, ҳаётдан завқланиб яшайдиган ёшида ҳаётдан бевақт кўз юмди. Унинг ортида отаси, онаси, опа-акалари, рафиқаси ва якка-ю ягона фарзанди қизалоғи-ҳаммамиз бўзлаб қолавердик. 

Жанозага жуда кўп одам келди. Уларнинг кўпчилигини танимадим ҳам. Кейин билсам улар ўғлимнинг таниш-билишлари,дўстлари, устозлари экан. 

Ўғлим вафот этганига ярим йил бўлди. Қўни-қўшнилар ҳалигача “Ражаб ака, кўчамиз Элёрбек билан файзли экан. Унинг хазил-хузуллари, кўнглимизни кўтаришларини қўмсаяпмиз”, дейишади. Бу сўзларни эшитиб, ғам-андуҳим ортади. Элёрбекнинг келмас бўлиб кетганига ишониш, кўниш жуда оғир. Бу дунёдан ҳеч ким фарзандидан айрилмасин экан. Оилада фарзанд дунёга келганида “Умри билан берган бўлсин” деган тилак энг яхши тилак эканлигини англаб етдим ва дунёда ҳеч ким болам деб йиғламасин!” дегим келади...

Севара тайёрлади.  

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+5.97° app.небольшой проливной дождь
Валюта курси
11295.23
USD 12.25
12423.62
EUR 144.35
161.33
RUB 0.41
1