1

Паркинсон хасталиги ёш танламайди... ми?

САЛОМАТЛИК 20.01.2016, 13:06
Паркинсон хасталиги ёш танламайди... ми?

“62 ёшга тўлган умр йўлдошимга шифокорлар паркинсонизм ташхисини қўйишди. Вақти-вақти билан қўл-оёқлари титраб, ҳуруж қилади. Шовқин-суронга тоби йўқ, мадорсиз бўлиб қолган. Бу хасталикни бедаво дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми балки, даволаш мумкиндир? Соғайганлар ҳам бўлса, ажаб эмас. Умуман, бу касаллик ҳақида маълмуот берсангиз...”

Тастибай Жаримбетов, Қорақалпоғистон Республикаси

Мавзу юзасидан тиббиёт фанлари номзоди, шифокор-невролог Наргиза Мирзааҳмедова маълумот беради.

Паркинсонизм асаб фаолиятининг экстрапирамид тизими зарарланиши асоратида келиб чиқадиган хасталикдир. Дунёнинг аксарият мамлакатларида ушбу хасталик билан оғриганлар сони бир қанча фоизни ташкил этади. Одатда паркинсонизм дейилса, кўз ўнгимизда кекса ёшли кишилар гавдаланади. Буни қарангки, касаллик нафақат қариялар балки ўрта ёшлилар орасида ҳам учраши мумкин экан.

ХАСТАЛИКМИ ЁКИ СИНДРОМ?

ФАРҚИ НИМАДА?

Бу касаллик 1817 йил машҳур инглиз шифокори Жеймс Паркисон томонидан илк марта тавсиф этилган бўлиб, хасталик номи ҳам олим шарафига қўйилган. Маълумотларга кўра паркинсонизмга чалиниш эҳтимолининг ортиши 60 ёшдан ошган кишиларда 1 % ни, 70 ёшдан сўнг 2,6% ни ташкил этиши мумкин. Шу билан бирга 5-10% кўрсаткич 20-50 ёшлилар орасида ҳам қайд этилади. Хасталик фақат атеросклероз ҳисобига келиб чиқмайди. Руҳий мувозанатнинг бузилиш ёҳуд қаттиқ стресс ҳам хасталик учун етарли асосдир.

Тиббиётда паркинсонизмнинг асосий икки тури фарқланади. Бирламчиси: паркинсонизм касаллиги ёки идиопатик паркинсонизмдир.

Иккинчиси: иккиламчи паркинсонизм ёки симптоматик паркинсонизм дейилади. Касалликнинг симптоматик кўриниши қуйидаги омиллар сабаб юзага келиши мумкин:

1)Дори воситаларининг ножўя таъсири ;

2) Токсин моддаларнинг зарарли таъсири ;

3) Энцофалитик тури;

4) Жароҳатлар оқибатида, қаттиқ қўрқиш, кучли руҳий сиқилиш ;

5) Бош мияда ўсимта пайдо блиши оқибатида;

6)Гидрацефал форма, калла ички босимининг ортиши;

7)Қон айланиши бузилиши оқибатида келиб чиқадиган турлари бор.

ҚЎЛ-ОЁҚЛАР ҚАЛТИРАЙДИ....

Бошқа хасталиклардан фарқли ўлароқ паркинсонизм белгилари яққол кўзга ташланади. Шу боис ҳам безовталикларни осон ажратиб оласиз. Касаллик кечаётган даврда ҳаракатланиш фаолиятининг умумий пасайиши, ҳаракатнинг секинлашуви, қалтираш, мушаклар таранглигининг ошиши, титраш, шунингдек, қадам ташлаш ва ҳолатнинг бузилиши кузатилади. Бемор қўл кафтини ёпиб-очганида «ғилдирак синдроми» яъни қиртиллаган товуш эшитилади. Бу пластик турда мушаклар тонусининг ошишидир. Шу билан бирга хасталанган бемор юз-кўз ифодаси ҳам ҳиссиз бўлиб, ҳаракати «қўғирчоқмонанд» бўлади.

БУ ДАРД МЕНГА ҚАЕРДАН ЁПИШДИ?

Миянинг экстрапирамид тизими қора субстанция нейронларининг дегенирация (бузилиши) оқибатида дофомин моддаси синтезининг пасайиши келиб чиқади. Паркинсонизмнинг асосий келиб чиқиш сабаби ҳам шу. Бундан ташқари наслий мойиллик ҳам кам миқдордаги омиллардан биридир.

ТАШҲИС АНИҚ!

ЭНДИ НИМА ҚИЛДИК?

Касаллик ташқи белгилар билан номоён бўлгани боис шифокор бир кўришдаёқ тахминий ташхисни айтиши мумкин. Беморнинг қадам босиши ва юз мимикасидан ҳам паркинсонизм аломатларини билса бўлади. Одатда касалликка ташхис қўйишда бемор билан суҳбатлашиб, шикоятлари тингланади. Сўнг касалликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш мақсадида қўшимча таҳлиллар ҳам буюрилиши мумкин. Бу ҳақида шифокор кўрсатмаси бўлсагина комьпютер резонанс томография ҳамда қон таҳлили ўтказилиши мумкин.

БИР УМР ДАВОЛАНАДИМИ?

Ҳар бир инсон организми ўзига ҳос бўлгани боис муолажа ҳам индивидуал тарзда бажарилади. Қанча муддат давом этиши ва қай тариқа ўтказилишини ҳам даволовчи шифокор ҳал этади. Одатда мушаклар тонусини пасайтирадиган, титроқни камайтирувчи ва ҳаракатни фаоллаштириш учун дори воситалари буюрилади. Мазкур дори препаратлари дофомин моддасини ташқаридан етказиб берилиши учун хизмат қилади.

Ҳозирда паркинсонизмни даволашда жарроҳлик усуллари ҳам жорий қилинган бўлиб, агар шифокор кўрсатмаси бўлса бажарилиши мумкин. Касаллик оддий ҳодисалардан эмас, шунинг учун ҳам муолажа узоқ давом этиши, ҳатто бир умр шифокор назорати талаб этилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

МАШҚЛАРНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ?

Биласиз, ҳар қайси касалликда ўзига ҳос парҳез тури ва енгил жисмоний машқлар мавжуд. Паркинсонизмда ҳам шундай. Бироқ парҳез қилишдан аввал шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Ваҳоланки, паркинсонизмнинг атеросклероз ҳисобига келиб чиққан турида холестерин миқдори кам бўлган маҳсулотлар тавсия этилса, ёшга доир ўзгаришлар учун бу усул тўғри келмаслиги мумкин. Жисмоний машқларни бажаришда ҳам албатта мутахассис тавсиясини олинг. Йўқса бирор бир ножўя ҳаракат тана аъзоларига зўриқиш бериши мумкин. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1