АсосийJamiyat

Намангандаги 12 тумандан “энг зўр бештаси”. Биргаликда таҳлил қиламиз.

'Намангандаги 12 тумандан “энг зўр бештаси”. Биргаликда таҳлил қиламиз.'ning rasmi

Наманган вилояти кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва ундаги лойиҳаларни амалга ошириш кўрсаткичлари бўйича республикамиздаги етакчи вилоятлардан ҳисобланади. Хўш, вилоятнинг туманлари ўртасида бу рақобат даражаси қандай? Наманган вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси томонидан “Даракчи”га тақдим этилган маълумотлар асосида биз айнан шу йўналишда рақобатни 5 та категория бўйича таҳлил қилдик. Таҳлил натижаларига кўра, кичик саноат зоналари ташкил қилишдаги “энг, энг, энг” деб топилган туманларнинг бешлик рўйхатини туздик. Келинг, рейтинг шаффоф бўлиши учун сиз билан ҳам қайтадан таҳлил қилиб чиқамиз. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу маълумотлар фақатгина КСЗларида ишга туширилган лойиҳалар ва категориялар бўйича энг юқори кўрсаткичлар қайд этаётган туманлар бешталиги бўйича ҳисобланмоқда.

Энг катта ер майдони ажратилган кичик саноат зоналари (Жами 413 гектар):

  1. Наманган шаҳри – 146 гектар;
  2. Косонсой тумани – 137,8 гектар;
  3. Чуст тумани – 42,4 гектар;
  4. Уйчи тумани  - 40,5 гектар;
  5. Янгиқўрғон тумани – 16,7 гектар.

Энг кўп маблағ ажратилган КСЗ (жами 761,9 млрд. сўм):

  1. Наманган шаҳри – 729,9 млрд. сўм;
  2. Наманган тумани – 27 млрд. сўм;
  3. Янгиқўрғон тумани – 2,2 млрд. сўм;
  4. Чуст тумани – 1,7 млрд. сўм;
  5. Норин тумани – 1,2 млрд. сўм.

“Наманганда қайси ҳокимнинг “пули кўп”?  Бироз аввал 4 та туман мисолида таҳлил қилган эдик.

Энг кўп ташкил қилинган КСЗ (жами 30 та):

  1. Наманган шаҳри – 7 та;
  2. Уйчи ва Чуст туманлари – 5 та;
  3. Тўрақўрғон тумани – 3 та;
  4. Янгиқўрғон, Поп ва Косонсой туманлари – 2 та;
  5. Норин тумани – 1 та.

КСЗларда энг кўп ташкил қилинган лойиҳалар (жами 115 та):

  1. Наманган шаҳри – 81 та;
  2. Наманган тумани – 25 та;
  3. Норин тумани – 4 та;
  4. Янгиқўрғон тумани – 3 та;
  5. Чуст тумани – 2 та.

Энг кўп иш ўрни яратилган КСЗлар (жами 6791 та):

  1. Наманган шаҳри – 6167 та;
  2. Наманган тумани – 536 та;
  3. Норин тумани – 56 та;
  4. Янгиқўрғон тумани – 20 та;
  5. Чуст тумани – 12 та.

Аввалроқ 2020 йилда водий ҳокимларининг қандай ишлаганини таққослаган эдик.

Демак, энди шаҳар ва туманларнинг рейтинг натижаларини эълон қиламиз!

1-ўрин. Наманган шаҳри. Энг катта КСЗлари майдони, энг кўп маблағ ажратилган ва энг кўп КСЗ, лойиҳалар ва иш ўринлари ташкил қилинган.

2-ўрин. Наманган тумани. КСЗларига ажратилган майдони жиҳатидан 12 туманда 9-ўринда туриши (4,5 гектар) ва ягона бўлишига қарамасдан, ажратилган маблағлар, ишга туширилган лойиҳалари ва яратилган иш ўринлари бўйича ушбу мақомга муносиб деб топилди.

3-ўрин. Норин тумани. Ажратилган ер майдонининг катталиги бўйича вилоятда 10-ўринда, ягона КСЗ ва 5-ўринда маблағ сарфланганлигига қарамасдан, лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва иш ўринлари бўйича 3-ўринни эгаллаб тўрибди.

4-ўрин. Янгиқўрғон тумани. КСЗ майдони жиҳатидан 5-ўринда, ажратилган маблағлар миқдори бўйича 3-ўринда бўлишига қарамасдан, КСЗлар ва улардаги лойиҳалар, иш ўринлари бўйича мазкур ўринни эгаллади.

5-ўрин. Чуст тумани. КСЗлар майдони жиҳатидан 3-ўринда, сони бўйича эса 2-ўринда. Лекин ишга тушган лойиҳалари ва яратилган иш ўринлари сони бўйича 5-ўринни сақлаб қолди.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас.

Наманган вилояти ҳокимининг 1-ўринбосари Толибжон Юсуповнинг маълум қилишича, ўзлаштирилган кичик саноат зоналарида 2021 йилда умумий қиймати 2,9 трлн. сўмлик 587 та лойиҳаларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган ва бунинг эвазига 24,3 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бироқ, ҳозирга қадар 283,9 гектар ер майдонга эга 37 та кичик саноат зоналарига Маъмурий Кенгаш томонидан мақом берилган бўлсада, маъсул бўлган секторлар томонидан лойиҳа ташаббускорлари аниқланмаган.

 

Сардорбек Раҳмонқулов 

 

    Бошқа янгиликлар