АсосийSUG'DIYONA

Ун ва шакарсиз тайёрланадиган 5 та ширинлик

Бутун ер юзидаги инсонлар 2 тоифага бўлинади: Биринчи тоифага мансуб кишилар ширинликни хуш кўради. Иккинчи тоифага кирувчилар эса ширинликларсиз ҳаётини тасаввур ҳам қилолмайди. Демак, хазиломуз статистикамиздан маълумки, барчамиз ширинликларни яхши кўрамиз. Аммо, ортиқча вазн орттиришдан қўрққанимиз боис ҳамма вақт ҳам ширинликларни маза қилиб истеъмол қила олмаймиз. Қуйида келтириб ўтадиган ширинликлар рецептларидан фойдаланиб, улардан бемалол баҳраманд бўлишимиз мумкин. Чунки бу ширинликларга ун ва шакар қўшилмайди, шунинг учун ҳам ортиқча вазн ҳақидаги ҳавотирларга ўрин йўқ!

Апельсин қобиғи, майиз ва асалли конфет

Керакли маҳсулотлар:

1 стакан майиз

1 стакан ёнғоқ

1 та апельсин қобиғи

2 ош қошиқ асал

Кунжут, кокос қириндиси ёки какао кукуни

Тайёрлаш жараёни:

Блендрда ёнғоқни майдалаб оламиз. Сўнг уни аралаштиришга қулай бўлган чуқурроқ идишга соламиз. Апельсин пўстини қирғичнинг майда кўзидан чиқариб оламиз. Майизни майдалаймиз. Унинг устига апельсин пўсти ва асал солиб, ҳаммасини аралаштирамиз. Сўнг ҳосил бўлган массага ёнғоқни солиб, яна аралаштирамиз. Қўлимизни бироз намлаб, тайёр массадан айланасимон конфетлар ясаймиз. Тайёр конфетларни ҳохишингизга қараб, какао кукуни ёки кунжут билан безатишингиз мумкин. Конфетларни музлатгичга 2-3 соатга қўйиб қўямиз.

Маслаҳат: Ёнғоқ янада мазали бўлиши учун уни товада қизаргунча қовуриб олиш тавсия этилади.  

Йогурт ва мевали салат

 Керакли маҳсулотлар:

2 дона банан

1 дона каттароқ апельсин

1 та киви

1 та хурмо

2 та ширин олма

йогурт

1 ош қошиқ лимон шарбати

Безак учун ялпиз барглари

Тайёрланиш жараёни:

Ҳамма меваларни ювиб, тозалаб, уларни пўстлоғидан тозалаймиз. Сўнг меваларни куб шаклида тўғраймиз. Олмани бошқа мевалар билан аралаштиришдан олдин лимон шарбати билан аралаштириб оламиз.  Сўнг меваларни ранг –баранг тоғ шаклида териб чиқамиз, устидан йогурт қуямиз. Тайёр салатни ялпиз барглари билан безатамиз.

Маслаҳат: Салатга байрамона тус бериш учун уни рангсиз, шаффоф идишда дастурхонга тортинг!

Мултиваркада тайёрланган бодроқ 

Керакли маҳсулотлар:

200 грам тозаланган писта

4 ош қошиқ асал

Тайёрланиш жараёни:

Бодроқларни қайси шаклда тайёрламоқчи эканлигингизни олдиндан аниқлаб олинг. Текис ликобчага пергамент қоғозини қўйиб, уни енгил намлаймиз. Мультиваркадаги “пишириқ” функциясини ёқамиз ва унга асални қўямиз. Асал суюқлашгунга қадар аралаштириб турамиз. Шундан сўнг унинг устига пистани ҳам қўшиб, 15 дақиқа давомида аралаштириб турамиз.

Иссиқ аралашмани ликопчага солиб, тўғирлаймиз. Бодроқ қотиб қолмагунча, уни кесилиши осон бўлиши учун бироз бўлиб чиқамиз.

Ярим соатдан кейин мазали бодроқларни дастурхонга тортсангиз бўлади!

Маслаҳат: Бодроқлар янада мазали бўлиши учун пистани бўш мультиваркада бироз қовуриб олинг.

Бодом ва олмали рулет

1 килограмм олма

15 грамм желатин

3 та тухум оқи

5 та тухум

225 мл сув

110 грамм асал хамир учун,75 грамм — начинка учун

140 грамм тозаланган бодом.

Тайёрланиш жараёни:

Олмани пўстидан тозалаймиз. Майдалаймиз ва микротўлқинли печда 5 дақиқа юмшатиб оламиз.

Желатинни совуқ сувга қўшиб, газга қўямиз ва қайноқ ҳолга келтирамиз. Бу масса хона ҳароратида совиши керак. Юмшаган олмани блендрда майдалаб оламиз. Сўнг унинг устига навбат билан желатин, асал, учта тухумни қўшиб, аралаштирамиз.

Начинка қотиши учун уни бир соатга музлатгичда қолдирамиз.

Кофемайдалигич ёрдамида бодомни майдалаб, ун ҳолига келтирамиз.

5 та тухумнинг оқини сариғидан ажратиб оламиз. Тухум  сариғига асал қўшиб кўпиртирамиз. Массага бодом унини қўшамиз. Тухум оқини алоҳида бир чимдим туз билан аралаштирамиз. Шундан сўнг уларни ҳаммасини аралаштирамиз. Хамир юмшоқ бўлиши керак. Духовкани қиздириб, пергамент қоғози устига тайёр хамирни қўйиб, 190 даражада 10-12 дақиқа пиширамиз.

Пишган хамирни олиб, сочиққа ўраб, эҳтиёткорлик билан қоғоздан ажратамиз.

Начинкани рулет ичига суртиб чиқамиз. Тайёр рулетни музлатгичга қўйиб қўямиз.

Маслаҳат:  Бодомни пўстлоғидан осон тозалаш учун, уни олдиндан 10 дақиқа илиқ сувда ивитиб қўйинг.

Асал, шакар ва унсиз шоколадли торт

Керакли масаллиқлар:

Корж учун:

“Dr Oetker” пудингидан 4 ош қошиқ

 6 та тухум

4 чой қошиқ разрыхлитель

Бир чимдим туз

Шакар ўрнини босувчи  

Крем учун:

400–500 грамм юмшоқ, ёғсиз творог.

50 мл ёғсиз сут ёки йогурт

Бироз ванилин

Шакар ўрнини босувчи

Глазурь учун:

2 та тухум сариғи

1 чой қошиқ ёғсиз какао

1 ош қошиқ қуруқ ёғсиз сут

1 ош қошиқ творог

Шакар ўрнини босувчи

Тайёрлаш усули:

Тухум сариғини оқидан ажратиб оламиз ва қолган мааллиқлар билан аралаштирамиз. Шакар ўрнини босувчи таблетка кўринишида бўлса, уларни эзиб, кукун холига келтирамиз.

Тухум оқини туз билан қуюқ массага айлангунга қадар аралаштирамиз. Тайёр массани асосий масса билан аралаштирамиз. Суюқ хамирни қолипга солиб, 180 даражада қиздирилган духовкада 30 дақиқа пиширамиз. Коржнинг пишган пишмаганини ёғоч таёқча ёрдамида текшириб кўрамиз. Сўнг уни иккига бўламиз.

Крем учун керакли масаллиқларнинг ҳаммасини аралаштирамиз. Кремни торт ўртасига суртиб чиқамиз. Глазурь учун керакли масаллиқларни ҳам аралаштириб, торт устини глазурь билан безатамиз. Торт янада мазали чиқиши учун уни музлатгичда тиндирамиз.

Маслаҳат: Бу рецептда шакар ва асал ўрнига шакар ўрнини босувчидан фойдаланиш тавсия этилган. Сизга шакар ўрнини босувчи қандай таъсир қилишини билмасангиз, шакардан фойдаланганингиз маъқул.

Манба: AdMe.ru

    Бошқа янгиликлар