Айни пайтда "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ижросини таъминлаш” мавзусига бағишланган матбуот анжумани булиб ўтяпти. Унда маълум қилинишича:
Қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президент ҳужжатлари таҳлилига эътибор қаратсак, 2010 – 2016 ййилларда йилига ўртача 121 та ҳужжат, 2017 – 2020 ййилларда йилига ўртача 456 та ҳужжат қабул қилинган.
Охирги 4 йилликда ҳужжатлар сони ўртача 3,7 бараварига ошган.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг назоратга олинган 38,7 мингта топшириқлари мавжуд. Шунга мутаносиб тизим шакллантирилиб, давлат органларининг(62тадан) сони 36 тага (55%) оширилган. Ҳозирда уларнинг сони 98 таниташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг ижросини ташкил этишга кўмаклашиш учун ҳар бир туман (шаҳар)ларда 4 та сектор фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларини бажариш учун зарур шароит ва институционал салоҳият яратилди.
Адлия вазирлиги томонидан ижро масаласида бутунлай янги тизим ишлаб чиқилади. Жумладан, тўрт босқичдан иборат “Самарали ижро тизими” (Policy implementation) жорий қилиш таклиф қилинмоқда.
Биринчи босқичда, ижрони лойиҳа даврида режалаштирилади.
Бунда, ҳужжат лойиҳалари “Лойиҳада – амалда” тамойили асосида реал имкониятлар ва бажарилмаслик хавфи чуқур таҳлил қилинади, хусусан:
вазифаларнинг кўлами, муддати ва мураккаблилиги ташкилотларнинг имкониятларига мослиги;
зарур молиявий ресурслар миқдори ва кафотлатланган манбалар мавжудлиги;
иқтисодий-ижтимоий инфратузилманинг тайёрлиги.
Халқаро тажрибада, масалан АҚШда, Буюк Британияда ва бошқа бир қатор ривожланган давлатларда ҳар бир топшириқнинг мақсади, хавф-хатарлари, баҳолаш мезони, кутилаётган натижаси белгиланади. Ҳудди шундай талаб халқаро стандарт ташкилоти томонидан қабул қилинган “ISO 9001” халқаро стандартида назарда тутилган.
Иккинчи босқичда, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан топшириқлар ижроси ташкил этилади ва бу жараёнга кўмаклашилади.
Хусусан, топшириқларнинг мазмун-моҳияти “пакет” тамойили асосида етказилади, ислоҳотларга қаратилган топшириқлар бўйича инфографика, слайд, таҳлилий материаллар ва видеодарслар тайёрлаб берилади.
Ижрога кўмаклашишга адлия идораларининг барча ресурслари сафарбар этилади.
Бундан ташқари, ҳокимлар ва раҳбар лавозимига тайинланганлар ижро масалалари бўйича ҳафталик янги дастур асосида ўқитилади(Давлат бошқаруви академияси).
Ҳар бир қабул қилинган ҳужжатларнинг моҳияти давлат органларига, шунингдек, “маҳаллабай” тамойили асосида аҳолига етказилади.
Алоҳида Адлия вазирлигининг ўрта ва қуйи бўғинлари нима билан шуғулланиши тўғрисида маълумот бермоқчиман.
Жумладан, туман миқёсида ижроси таъминланиши лозим бўлган топшириқлар тегишлича адлия бўлимлари томонидан етказилади ҳамда уларнинг ижросига услубий ҳуқуқий маслаҳатлар беради.
Шунингдек, ҳудудий адлия органлари вилоят миқёсидаги топшириқлар бўйича тушунтириш беради, давлат органларига ижро билан боғлиқ масалаларнинг амалиётда қўлланилишига кўмаклашади.
Бу дегани, адлия бўлимлари асосий ижрочи бўлади деганэмас, балки адлия бўлимлари ҳуқуқий йўналтирувчи вазифасини бажаради.
Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси вилоят ҳамда туман (шаҳар) миқёсидаги соҳавий ўрганишларда иштирок этади.
Учинчи босқичда топшириқларнинг баҳолаш тизими жорий этилади.
Биринчи бор, давлат Раҳбари топшириқларининг ижроси самарадорлиги ҳамда аниқ амалий натижаларга эришилиши комплекс баҳолаб борилади, хусусан:
топшириқлар ижроси бўйича киритилган ахборотлар парламент, халқ депутатлари Кенгашлари, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати йиғилишларида муҳокама қилинади;
топшириқларнинг бажарилганлиги юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувлари институтлари киритилади.
Ушбу жараёнлар “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг имкониятларидан фойдаланилади.
Бундан ташқари, топшириқларни юзаки бажарилишига йўл қўймаслик мақсадида улар ижроси соҳалар кесимида жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
Ҳар бир фуқаро ислоҳотларни амалда ҳис этишини таъминлаш мақсадида қайта алоқа (feedback) тизими йўлга қўйилади:
жойларда топшириқларни ижроси ҳолати бўйича хабар берувчи мобиль илова дастури яратилади;
келиб тушган хабарлар атрофлича таҳлил қилинади ва зарур ҳолларда топшириқлар ижроси жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
Тўртинчи босқичда топшириқлар ижроси бевосита назорат қилинади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур босқич охирги босқич сифатида қаралади. Бошқача айтганда агар барча топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажарса, назоратга эҳтиёж қолмайди.
Янги назорат тизими қуйидагилардан иборат бўлади, жумладан:
Мавжуд штатлар доирасида Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади;
Адлия вазирлигига топшириқларни назорат қилувчи электрон – “Ijro.gov.uz” тизими ўтказилади. Мазкур тизим такомиллаштирилиб, янги версияси ишлаб чиқилади, топшириқлар “Ijro.gov.uz” тизимига киритилади ва масъул ижрочилар белгиланади;
ижрони таъминлаш чораларини кўриш бўйича уларга огоҳнома ва кўрсатмалар киритилади, айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар;
топшириқларнинг жорий ижро ҳолати доимий мониторинг қилинади.
Бундан ташқари, биринчи навбатда, адлия вазири ўринбосарларига барча республика идоралари ва вилоятлар номма-ном бириктирилади.
Раҳбарлар билан бирга, ўрта ва қуйи бўғин ходимларини ҳар бир янги қарор бўйича бир ҳафта ичида ўқитиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, телевидение ва радиоларда ижро масалалари бўйича ҳар 15 кунда соҳа ва ҳудудлар кесимида “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” рукни остидаги рубрикалар йўлга қўйилади. Танқидий муҳокамалар билан бирга, қарорлар ижроси бўйича ижобий тажрибалар ҳам кенг ёритилади.
Ҳар бир туман кесимида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ойлик иш режалари тасдиқланади.
Ҳар бир қабул қилинган янги қарор энг аввало ҳудудий адлия идорасига келиб тушиши, бу борада қайси раҳбар нима иш қилиши кераклиги, ишни қандай ташкил этиш зарурлиги батафсил кўрсатилади ва ҳокимларга ижро учун киритилади.
Шунингдек, ҳар ойда жойларга чиқиб, қарорлар ижроси юзасидан манзилли ва соҳавий ўрганишлар ўтказилади.
Асосий эътибор қарорлар ижросини ташкил этишдаги тизимли муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқилади ва ҳал қилишга кўмаклашилади.
Ушбу мақсадда ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган энг долзарб муаммолардан бошлаш зарур.
Шу ўринда энг намунали давлат идораси ва унинг ҳудудий бўлинмаси, ёки ҳар бир вилоятда биттадан туман ва шаҳар танланиб, намунали идора (ҳудуд)ни йўлга қўйиш бўйича ишлар амалга оширилади, уларнинг ижобий тажрибаси бошқа органларга татбиқ этилади. Шу мақсадда Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Қашқадарё вилоятида ўрганишлар ўтказилади.
Қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг самарали воситаси бўлган жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш керак бўлади.
Бу борада фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва бевосита фуқаролар иштирокида жамоатчилик мониторинги ва эшитувларидан фойдаланилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент қарорлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ўз вақтида, аниқ ва сифатли ижро этилиши шарт. Бунга амал қилмайдиганларга нисбатан эса жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари қўлланилиши муқаррардир. Шунинг учун, барча давлат идоралари қарорлар ижроси бўйича масъулиятни керак бўлса, икки карра оширишлари керак бўлади.






