АОКАда ўтказилган брифингда иштирок этган Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган мактаб дарсликларидаги хатоликлар ҳақида хабарларга ўз муносабатини билдирди.
«Дарсликлар — ижара асосида берилади. Яъни, бир марта чоп этилган дарсликлардан бир неча давомида фойдаланилади.
Бугун ижтимоий тармоқларда дарсликлар билан боғлиқ кўтарилаётган масалалар кўп. Ўша дарсликларни олиб, чоп этилган санасига қарайдиган бўлсак, у 2017 йилда, 2018 йилларда чоп этилганини кўриш мумкин.
Бир йилда 600 мингдан ортиқ тиражда дарсликлар чоп этилади. Хатога йўл қўйилган бўлса, масъулга нисбатан чора кўрилади, бироқ тўлиқ тиражни қайта чоп этиш имкони деярли йўқ. Ҳар йили ўша дарсликка дуч келган ота-оналар ўша хатоларни қайта-қайта тармоққа қўймоқдалар.
Дарсликлар бўйича катта ишлар бошланган. Ким бу жараёнларни ўз кўзи билан кўришни истаса, Республика таълим марказига таклиф этамиз. Масалан, бу йил янги миллий ўқув дастурига мос равишда, дарсликлар тўлиқ янгиланмоқда», деди вазир ўринбосари.






