Саҳар туриб сочимизга ҳажм берамиз, турмаклаймиз, қилган ишимиздан кўнглимиз тўлгач, ташқарига отланамиз. Аммо манзилга етиб, бош кийимни ечгач ҳафсаламиз пир бўлади. Ахир қилган меҳнатимизни бош кийими чиппакка чиққарган-да. Йўқ, биз замонавий аёллар энди бунга рози эмасмиз! Соч турмагимиз бузилиб кетишига асло йўл қўймаймиз. Бунинг эса бир эмас нақд иккита усули бор. Улар ҳақида «SUG`DIYONA» аёллар клуби мутахассиси Олеся САВОСЬКИНА айтиб ўтади.
Бугунги кунда сочнинг илдизга яқин қисмига ҳажм бериб, шу ҳолатда уни узоқ муддат (2-6 ой) сақлаб қолиш амалиётининг икки тури таклиф этилмоқда. Мутахассислар уларни «Boost Up» ва «Bouffant» дея номлашган. Бу усуллар ҳам худди кимёвий жингалаклашга ўхшаш амалиёт бўлиб, сочнинг илдиз қисми шиширилиб, ҳажм берилади ва кимёвий восита ёрдамида “қотириб қўйилади”.
“Boost UP”— 5-6 ойга гофре дегани!
Бу худди сочга ҳажм бериш учун гофре мосламасидан фойдаланишдек гап. Фақат бир марта қўллаб натижани 5-6 ой давомида сақлаб қолиш имкониятини яратади. Амалиётга рози бўлишдан аввал у ҳақда тўлиқ маълумотни билиб олинг. Демак биринчи навбатда, стилист бошни ювиб, қуритади. Бошингизнинг энг тепасидани бир тутам сочни алоҳида олиб, атрофидагиларини ингичка тутамларга ажратиб чиқади. Сўнг уларни сочтўғноғич(шпилька)га зиг-заг шаклида ўраб чиқади ва ўрам ечилиб кетмаслиги учун сочтўғноғичнинг учини зар қоғози билан мустаҳкамлайди. Навбат махсус кимёвий воситага етди. Биласиз уларнинг ҳам турлари бисёр. Мутахассисингиздан сочга камроқ зиён етказадиганидан фойдаланишини илтимос қилинг. Кимёвий модда суртилганидан кейин 20 дақиқа ўтгач, илиқ сувда чайиб ташланади. Соч қуритилгач, тепадаги ишлов берилмаган тутамлар билан тўлқинлар «бекитилади». Бундай усулда ҳажм берилган сочлар ўсгунича, яъни 5-6 ой давомида ўз кўринишини йўқотмайди. Бироқ кейин тўлқинлар ўз-ўзидан текисланиб кетишига умид қилманг. Соч ўсганидан кейин уларни дазмол ёрдамида текислаб юришингизга тўғри келиши мумкин. Бутун жараён 4-5 соат вақтингизни олади. Мутахассислар бу амалиётни узун соч соҳибаларига тавсия этишади. Ингичка сочларда қўллаб кўрсангиз тарашда қийинчиликлар пайдо бўлиши, соч сийраклашиб тўкилиши мумкин.
Пойтахт салонларидаги ўртача нархи: 120 000 сўмдан бошланади.
“Bouffant” — 2-3 ой турмак қилмасангиз ҳам бўлади!
Бу амалиётда ҳам асосий ишни кимёвий восита бажаради. Бироқ бажариш технологияси “Boost Up”никидан фарқ қилади. Энди сочтўғнағичларнинг кераги йўқ. Махсус бигуди бўлса бас. Демак, соч тозалангач, унинг илдизи тараб шиширилади ва бигуди ёпиштирилади. Толаларнинг узунлиги бўйлаб эса ҳимояловчи восита суртилади. Амалиёт жараёнида кимёвий воситага икки бора мурожаат қилинади. Уни суртиб бўлгач соч яна чайилади. “Bouffant” асосан калта ёки ўрта узунликдаги соч соҳибаларига тавсия этилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай усулда ҳажм берилган сочлар ўсганидан кейин билинмай кетади. Ҳеч қандай ноқулайликларни сезмайсиз. Ўйлаб кўринг, 2 соат вақтингизни сарфлаб 2-3 ойлик турмакка эга бўлишни истайсизми?
Пойтахт салонларидаги ўртача нархи: 120 000 –140 000 сўм.
Бу муҳим
Ёдингизда бўлсин, кимёвий восита таркибида тиогликол кислотасининг мавжудлиги сочга зарар етказади, шу боис мутахассисингиздан цистиамин моддаси боридан фойдалашни сўранг. Чунки цистиамин сочнинг таркибига жуда ўхшаш ҳисобланади. Бундан ташқари юқоридаги амалиётларнинг яна бир афзаллиги сочнинг камроқ ёғланишига олиб келади. Чунки улардан сўнг соч бош терисига камроқ ишқаланади-да. Ҳар иккала усулдан кейин 48 соат ўтгачгина сочларни ювишга рухсат этилишини ҳам инобатга олиб қўйинг.