2021-2022 йилларда экспортёр корхоналар, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
Бу ҳақда бугун, 5 феврал куни АОКАда Интеллектуал мулк агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилди.
Бундан буён интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бу билан талабнома топширувчи ўз объектини тегишли тартибда тезкор экспертизадан ўтказиб, ишланмани ҳаётга тезроқ жорий қилиш ва фойда кўриш имконияти яратилади.
2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номлари (географик кўрсаткичлар)ни рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.
Жорий йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради. Экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
2021 йил 1 октябрга қадар Агентлик ҳузурида «Патент платформаси» ишга туширилади. Мазкур платформа давлат бошқаруви органлари, давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектлари ҳисобини тўғри юритиш, уларга бўлган ҳуқуқларни хўжалик муомаласига киритиш, илмий фаолият натижаларини тижоратлаштирилишига кўмаклашади.