Ўтган давр мобайнида айрим қарздорлиги юқори бўлган корхоналар солиқ тўламаслик учун бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш, почта манзилини нотўғри кўрсатиш ҳолатлари кузатилган.Бу ҳақда Адлия вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, айрим давлат идоралари тадбиркорлик субъектини бошқа ҳудудга кўчириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, катта қарздорлиги мавжуд корхона бошқа ҳудудга кўчиб ўтиши, ўша туманнинг иқтисодиётига катта салбий таъсир кўрсатади.
Мазкур ҳолатларни олдини олиш учун Ҳукумат томонидан қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Натижада, 2021 йил 2 мартдан бошлаб юридик шахснинг манзилини ўзгартириш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтказишда:
юридик шахснинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги;
- амалга оширилган товар айланма ёхуд товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилмаганлиги;
- солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаганлиги тадбиркорлик субъекти ҳисобланган юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.
Ушбу жараён махсус автоматлаштирилган тизимининг Давлат солиқ қўмитасига интеграция қилинган ҳолда автоматик равишда амалга оширилади.
Ушбу жараённинг автоматлаштирилиши – бизнес фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатларини аниқлаш, ҳар бир қарздорлиги ошиб бораётган корхоналарни бошқа ҳудудларга кўчиб боришини олдини олиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида масъулият ҳисси ошишига хизмат қилади.