"Даракчи" таҳририятига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Абдурашид Дониёровдан мурожаат келиб тушди:
— Қайнотам қайнонам билан шаърий никоҳ асосида 35 йил бирга яшаган. Қайнотам 2019 йил вафот этганида квартирасини яширинча набирасининг номига қолдириб кетган экан. Қайнонамнинг бу уйда қандай ҳуқуқлари бор?
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод РАЖАБОВ билан боғландик...
— Оила кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Оила кодексининг 18-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.
Агар фуқаролар шаръий никоҳ асосида бирга яшаган бўлсалар, қонуний эр-хотин ҳисобланмайдилар ва эрнинг вафотидан сўнг шаръий хотин мерос ёки умумий мулк ҳуқуқига эга бўлмайди.
Агар қайнонангиз қайнотангизга тегишли квартирада у билан бирга яшаб, шу турар- жойда рўйхатдан ўтган бўлса, квартира бошқа шахсга мерос бўлиб ўтган ҳолда ҳам қайнонангиз шу квартирада яшаш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА