Афғонистон ва Покистон чегарасида қуролли тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга келмоқчи. Бу ҳақда бир қанча Покистон нашрлари, шунингдек, "The News International" ёзмоқда.
Аммо нашрларда мазкур ташрифга сабаб сифатида Афғонистон билан тўқнашувлар эмас, балки Покистоннинг “Vision Central Asia” сиёсатига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари билан фаол ҳамкорликни давом эттирмоқчилиги келтирилган.
Қайд этилишича, унга сафар чоғида Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар ва баъзи муҳим федерал вазирлар, шунингдек, ишбилармон доиралар делегацияси ҳам ҳамроҳлик қилади.
“Бош вазир икки кун давомида Ўзбекистонда бўлади. У Ўзбекистонга транзит савдоси учун Карачи портидан фойдаланишни таклиф қилади, шунингдек, муҳим савдо шартномаларини имзолайди”, дея ёзган манбалар.
Бундан ташқари, Шаҳбоз Шариф Озарбайжонга ҳам ташриф буюришни кўзламоқда. Манбаларда айтилишича, Покистон икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка оид бир қанча шартномалар тузади. Шунинг билан у етти ойдан камроқ вақт ичида учинчи марта Озарбайжон пойтахти Бакуда бўлади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистондан Покистоннинг Карачи портига юкларни етказиш учун темирйўл керак ва у Афғонистон ҳудудидан ўтади. Ўзбекистон ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон орқали ўтадиган 760 км темирйўл Покистонга юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга, транспорт харажатларини эса камида 40 фоизга қисқартиради. Тахминларга кўра, қиймати 6 миллиард долларгача бўлган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади, 2030 йилгача поездлар Трансафғон темирйўли бўйлаб йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади. Янги темирйўл йўналиши Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Ўзбекистон ва Афғонистонни Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига товарлар экспорт қилиш учун Араб денгизидаги Покистон портлари билан боғлайди.