Мазкур нуфузли мусобақа Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон футбол федерацияси, Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси томонидан Осиё футбол конфедерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида 10 февраль куни Осиё чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мини-футбол бўйича Осиё чемпионатига учинчи бор мезбонлик қилмоқда. Қитъа миқёсидаги беллашувларда салмоқли ютуқларни қўлга киритган мамлакатимиз мини-футбол усталари халқаро майдонда ўз мавқеи ва обрў-эътиборига эга. Ҳамюртларимиз 2001 йили Эронда, 2006 йили Японияда ва 2010 йили Тошкентда ўтказилган қитъа чемпионатларида уч маротаба кумуш медалга сазовор бўлган. Терма жамоамиз аъзолари 2005 ва 2014 йилларда Вьетнамда, 2007 йил Японияда ўтган Осиё чемпионатларида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган.
“Ўзбекистон” спорт мажмуаси ва Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби залларида ўтадиган Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн олтита терма жамоаси ғолиблик учун баҳслашмоқда. Мусобақада юқори натижа қайд этган энг кучли бешта жамоа Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.