Қотилликка ундаган жанжал

ЖИНОЯТ 12.02.2016, 11:27
Қотилликка  ундаган  жанжал
Салим ака (исм-шарифлар ўзгартирилган) тўртта қиздан кейин узоқ  вақт ўғил фарзанд кўришни орзу қилди, аммо хотинининг соғлиги яхши эмаслиги учун шифокорлар унга фарзанд кўришни тақиқлашди. Карима эри унга ҳеч нима демаса-да, ўғли йўқлигидан ўксишини ич-ичидан ҳис қилар, буларнинг барчасига ўзини айбдор ҳисобларди. У узоқ ўйлади ва “Эрим ўғил кўриш учун бошқа аёлга уйланиши керак” деган қарорга келди.

– Дадаси, – деб гап бошлади Карима, – сиздан мингдан-минг розиман, аммо мени деб бу дунёдан армон билан ўтиб кетишингизни истамайман. Уйланинг, мен розиман. Сизга ўғил керак, аммо бу бахтни мен сизга ҳадя этолмайман.
– Карима, нималар деяпсан? Мен қизларимни ҳеч кимга алмаштирмайман, бу гапни иккинчи оғзингга олма, – деди Салим ака.
Орадан кунлар, ойлар ўтди. Карима айтганидан қайтмади. Ўзи эрига жуфти ҳалол қидира бошлади. Шундай кунларнинг бирида қўшни маҳаллада яшовчи турмушидан ажрашган, бир ўғил, бир қизнинг онаси бўлмиш Хадичага дардини ёрди. Хадича савдо билан шуғулланар, ўзига тўқ аёл эди. Унинг ҳеч нимадан камчилиги бўлмаса-да, баъзида рўзғорда эркак киши бажариши лозим бўлган ишлардан чарчаб қолар, фарзандлари ота меҳридан бебаҳра ўсаётганлигидан сиқиларди.
Икки аёл узоқ дардлашишди. Карима Хадичани эрига турмушга чиқишга, агар ўғил фарзанд кўрса, ўзи боқиб катта қилишга кўндирди. Салим ака энди икки рўзғорнинг эгасига айланди. Орадан кўп вақт ўтмай, Хадича ўғил фарзанд кўрди. Уни етук ва мукаммал инсон бўлишини истаб, Комил деб исм қўйишди. Комилнинг туғилишидан ҳаммадан кўра кўпроқ Карима хурсанд бўлди. У чақалоқни аввал келишгандай, туғруқхонадан тўғри ўзининг уйига олиб кетди. Комилни опалари, онаси еру-кўкка қўймай катта қилишди. У мактабни битириб, тумандаги қурилиш касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди.
Қишлоқда бирорта тўй бўладиган бўлса, бундан бутун қишлоқ ёшлари хурсанд бўлади, чунки йигит ва қизларнинг айнан шу тўйларда бир-бирига назар ташлашига имкон туғилади. Комил ҳам қўшни маҳаллада тўй борлигини эшитиб, дўсти Сардор билан тўй томоша қилишга отланди. Унга опаси Насиба ҳам эргашди. Тўйхонага етиб боргач, опаси тўйга келган дугоналарининг олдига кетди. Комил билан Сардор тўйни анчагача томоша қилишди.
– Сардор, вақт ҳам алламаҳал бўлди, энди уйга қайтсак ҳам бўлар, – деди Комил.
– Тўғри айтасан, кетдик, – деди Сардор.
Улар кўчага чиққан пайт Комилнинг телефони жиринглади.
– Комил, қаердасан? – гўшакдан опаси Насибанинг овози янгради.
– Кўчада турибман, уйга қайтмоқчиман, кетасизми?
–Ҳа, кетаман, бирпас шошмай тур, дугоналарим билан келиннинг уйини томоша қилиб чиқай, бирга кетамиз, – деди Насиба.
– Яхши, кўчада кутаман, – деди Комил.
У чўнтагига телефонини солиш учун қўл суққанда қўли ҳар доим ёнида олиб юрадиган йиғма пичоққа тегди ва уни чиқарди.
– Комил, нимага ёнингда пичоқ кўтариб юрибсан? – сўради Сардор.
–Бундан икки йил олдин “Хўжаипок” зиёратгоҳига борганимда шу пичоқни ёқтириб, сотиб олгандим, ўшандан бери ёнимдан қўймайман, – деди Комил уни яна қайтариб чўнтагига соларкан.
У Сардор билан тўйдаги воқеалар тўғрисида гаплашиб, кулишиб турганида, уларнинг ёнига ўзлари қатори икки ўспирин — Назир ва Санжарлар яқинлашди.
– Ҳей, менга қара, сен кимни устидан куляпсан? – деди Санжар Сардорга қараб ва шартта келиб унинг бўғзидан олди. Сардор гапиришга ҳаракат қилди, аммо боланинг қўли томоғидан қисиб тургани учун овози чиқмай, типирчилади.
– Қўйвор уни, – деди Комил бегона болага қараб.
–Қўймаса, нима қиласан? – деди Назир ва Комилнинг қорнига мушт тушириб, тепкилай бошлади. Кутилмаган зарбалардан ерга қулаган Комилнинг чўнтагидан телефони тушиб, батереяси отилиб кетди. Назир ердан телефонни олиб, чўнтагига солди.
– Телефонимни қайтариб бер.
– Энди телефонни тушингда кўрасан! – деди Назир.
Комил Назирга ташланиб, улар ёқалашиб кетишди. Санжардан калтак еб, унинг қўлидан базўр қутулган Сардор эса жарлик томонга қочди. У жарлик ёнидаги кўча орқали тўйхонага чиқиб, ёнғоқ дарахти тагида тўхтади. У тўй томоша қилаётган қишлоқдоши Аҳмадни кўриб, “болаларни чақир, пастки маҳалланинг болалари жанжал қилиб, мени уришди. Улар ҳозир Комилни калтаклашаяпти”, деди.
Назир Комилнинг устига чиқиб олиб, уни қўли билан муштлар, Комил эса типирчилаб унга қаршилик қиларди. Унга кучи етмаслигини сезган Комил чўнтагидан йиғма пичоқни чиқарди. У Назир пичоқдан ҳайиқса керак деб ўйлаганди, аммо аксинча, Комилнинг бу қилиғидан Назирнинг баттар жазаваси қўзиди. Комил уни қўрқитиш мақсадида пичоқни унинг оёғига урди, аммо Назир уришдан тўхтамади. Шундан кейин Комилнинг ҳам ғазаби қайнаб, пичоқни Назирнинг дуч келган жойига санчди. Оғриқдан ўзига келган Назир жон ҳолатда тўйхона томонга югурди ва бир неча қадамдан кейин ерга қулади.
Комил эса шоша-пиша ўрнидан туриб, тўйхонада келин-куёв учун қурилган саҳна ортига ўтиб, атрофни кузата бошлади. Одамлар “жанжал бўлиб, бир болани пичоқлашибди, уни касалхонага олиб кетишяпти”, деб кўчага шошилишгандан кейин секингина уйи томон жўнади. У йўлда кўйлаги йиртилганлиги учун уни ечиб, қўлтиғига қистириб олди. Уйга келгач, қонга ботган пичоқни ҳожатхонага ташлади. Уйда уни қизи Насибадан тўйда жанжал бўлганини эшитган онаси Карима опа хавотирланиб, кутиб ўтирарди. Ўғлининг кўйлаксиз келганини, шимига томган қон доғларини кўрган онанинг ўтакаси ёрилди.
– Нима бўлди, тинчликми болам?
–Тўйда нотаниш бола билан жанжаллашиб, уни пичоқлаб қўйдим, – деди Комил.
–Пичоқни қаердан олдинг? Қани у? – деди қўрқувдан тиззалари қалтираган она.
–Жарликка ташлаб юбордим, – деди Комил онасини алдаб.
У уйга кириб, ўзини тўшакка ташлади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ички ишлар ходимлари келиб, уни ўзлари билан олиб кетишди.
Эндигина 17-18 ёшга кирган ўспиринларнинг ўзларини тутишлари, арзимаган нарсадан жанжал чиқаришлари қотилликка сабаб бўлди ва натижада ёшгина йигит ҳаётдан кўз юмди, қотил деган ном олган Комил эса панжара ортига йўл олди. Агар Комил чўнтагида пичоқ олиб юрмаганда, Назир унинг телефонини тортиб олиб, калтакламаганда воқеа бундай якун топмаган бўларди. Айб кимда? Қонунни яхши англамаган ўспиринлардами ёки уларнинг таълим-тарбиясига етарлича эътибор бермаган ота-она, ўқитувчилар ва маҳалладами?  
 
Лола Шоимова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1