АсосийJamiyat

Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорлари бекор қилинди

'Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорлари бекор қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. 

Маълумки, яқинда амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган янгиликларга мувофиқ, Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг Конституция ва қонунларига, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ваколати берилди.

Ўз ўрнида Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти ҳамда Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳар Кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Сенатнинг масъул қўмиталари томонидан мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари юқорида кўрсатилган маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари ҳақиқатдан ҳам қонун талабларига зид эканлигини кўрсатган.

Хусусан, Қарши шаҳар, “Қарлуқбоғот” маҳалласида яшовччи фуқаро Г.Хайдарова 2011 йилда уй-жойни хусусийлаштирган. Бу тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Бироқ орадан 6 йил ўтиб, 2017 йилда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколатига эга эмас.

Мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилганда хусусий мулкка доир барча нормалар ва белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинмаганлиги маълум бўлди. Оқибатда фуқаро йиллар давомида сарсон бўлган.

Халқ депутатлари Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари Кенгашларининг фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини  бекор қилишга оид қарорларида ҳам шу ҳолат кузатилган. Маҳаллий Кенгашларнинг фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлиги ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ваколати мавжуд эмас.

Бандихон туманидаги “Бектепа” кичик саноат зонаси ҳудудида йўл қурилиши масаласини ҳам қайд этиш жоиз. Тадбиркор тендерда ғолиб бўлган, бироқ у билан шартнома тузилмасдан объект умуман бошқа ташкилотга бериб юборилган. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши эса ўз қарори билан гўёки ҳокимликнинг ушбу хатти-ҳаракатини қонунлаштириб берган. Табиийки, бу тадбиркорнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Муҳокамага қўйилган мазкур маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари асосан 2020 йил ва унга қадар қабул қилинган ҳужжатлардир.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар