Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан ёшлар ўртасида мулоқот ўтказилди.
Тадбир давомида Равшан Эрматовга унинг шахсий ҳаёти ва ҳакамлик фаолияти тўғрисида турли саволлар берилди.
Хусусан, ҳакамнинг фарзандлари билан муносабатлари тўғрисидаги саволига Эрматов қуйидаги жавобни берди.
—Имкон қадар оилада оталик бурчимни адо этишга ҳаракат қиламан. Ўзимизни ўзлигимизни, асраб келинаётган қадриятларимизни, қадимий меросимизни фарзандларимга ўргатишга ўзимни оталик вазифам деб ҳисоблайман ва шунга ҳаракат қиламан. Менимча фарзандларимга меҳрибон отаман.
Шунингдек, Равшан Эрматов спортни танламаганида ҳам бошқа йўналишда фидоий, адолатли, масъулиятли ходим бўлишини маълум қилди.
Ҳамкасблари томонидан йўл қўйилган хатолик пайтида қандай йўл тутиши ҳақидаги саволга эса Дунёнинг энг яхши ҳаками қуйидагича жавоб қайтарди, деб ёзади “Камолот” ЁИҲ сайти:
— Ҳакамларга ўйин пайтида осон тутиб бўлмайди. Сабаби унинг юраги ўйин пайтида секундига уч марта уради. У ҳамма нарсани назорат қилиб турган ҳолда, албатта, ниманидир назардан четда қолдириш мумкин. Лекин эътирозларим бўлса, ўйиндан кейин самимий муносабат билан, албатта, айтиб ўтаман.
Равшан Эрматовнинг футбол бўйича барча нуфузли халқаро турнирларда ҳакамлик қилаётгани ана шу эътибор самарасидир. Ўзбек ўғлони 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этилган. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” сифатида тан олди.
Равшан Эрматов 2010 йили Жанубий Африка Республикаси ва 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этиб, жами 9 учрашувда ҳакамлик қилди ва бу борада жаҳон рекордини ўрнатди.
Машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматов яқинда футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири – “Globe Soccer Awards – 2015” совринини қўлга киритди.
Равшан Эрматов Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун 2010 йили “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ва 2015 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди.
– Футбол оламининг энг нуфузли мусобақаларида она Ватанимиз –Ўзбекистон номидан қатнашиш менга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди, – дейди Равшан Эрматов. – Зеро, истеъдодли ёшларнинг Ватанни халқаро майдонларда мадҳ этишдек эзгу орзулари рўёбига йўл очиб бераётган, кенг имкониятлар яратаётган юртимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Тадбирда қатнашган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.





