АсосийJamiyat

Андижонда халқ таълими бўлими бошлиғи пора билан қўлга тушди(видео)

'Андижонда халқ таълими бўлими бошлиғи пора билан қўлга тушди(видео)'ning rasmi

Андижон шаҳрида халқ таълими бўлими бошлиғи фуқароларни аттестациядан ўтказиш ва директор лавозимига тайинлаш учун 900 доллар пора олган пайтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро бошқа бир фуқарога унинг халқ таълими тизимида ишловчи танишларини аттестациядан ўтказишда ёрдам беришини айтган. Шунингдек, унинг 2 нафар танишини мактаб директори лавозимига ҳамда дугонасини мактаб директори ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришга ваъда берган.

Бунинг эвазига олдиндан 8400 АҚШ долларини олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, фуқаролардан олган ушбу пулнинг бир қисмини Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғига бериши кераклигини маълум қилгач, тадбир давом эттирилган. Шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи фуқародан юқорида келтирилган масалаларни ҳал қилиш эвазига 900 АҚШ долларни пора сифатида олаётган пайтида далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 21-моддаси, фуқарога нисбатан 168-моддаси ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар