1

Юрагимда сақлаганларим: Интернетдаги ёлғончи ошиқ

МУТОЛАА 24.02.2016, 15:01
Юрагимда сақлаганларим: Интернетдаги ёлғончи ошиқ

Таҳририятга қўнғироқ қилган ўттиз ёшлардаги эркак “Бу воқеа бошқаларга, айниқса, хиёнат кўчасига кириб қолган, бугун ижтимоий тармоқларда ёлғон панасига бекиниб, алдов ичра яшаётганларга дарс бўлар”, дея ўз ҳикоясини сўзлаб берди. 

— Ўша кун ҳаётимдаги энг бахтли кун эди аслида! Дунёларга сиғмасдим. Аёлим мени йўқлаётганини эшитиб, уч зинадан бир сакраб, юқорига кўтарилдим. Аввалига қўрқув, ҳадик бор эди кўнглимда. Ич-ичимдан тошиб келаётган ҳаяжонни сира босолмасдим. Иккинчи қаватга чиқишим билан ҳамшира қиз имлади: 

Ботированинг турмуш ўртоғи сизми? Юринг. 

“Хўп” дея унга эргашдим. Тўғриси, нималар бўлаётганини таҳлил қилишга қодир эмасдим шу дам. Хотиним тўлғоқ азобида қийнала-қийнала мени сўрабди. Киришим билан илтижоли боқди. 

— Келинг, қўлимдан тутиб туринг, илтимос, — деди зўрға пичирлаб. Унинг қўлларидан маҳкам ушладим. Беш дақиқилардан кейин кўзи ёриди. Аёлимнинг икки олам ўртасида туриб, боламизни дунёга келтиргани ҳамон кўз ўнгимда. Доя аёл “ўғил муборак” дея қутлар, Зебо жилмайиб йиғлар, мен эса карахт эдим. Бир томондан рафиқамнинг жони қийналганини кўриб, унинг қанчалик кучлилиги олдида лол қолган бўлсам, бир тарафдан оталик қувончи юрагимни така-пука қиларди. Зебонинг пешанасидан ўпиб, унга раҳмат айдим. Бир зумда боламни қўлимга тутқазишди. Менинг зурриёдим, менинг ўғлим! Шу онлардаги ҳис қилган туйғуларимдан осмонларда учиб юрардим гўё. Аммо... шу дам... ҳамшира қиз юзидаги ниқобини олди-ю, кимдир бошимга гурзи билан ургандек бўлди...

***

Келинг, ҳаммасини рўйи-рост бошидан айтиб бера қолай. Малика билан ижтимоий тармоқларнинг бирида танишиб қолганмиз. Ўзи электрон почтадан фойдаланаман, холос. Ҳамкорларимга таклифлар, ҳужжатлар жўнатиш учун онда-сонда бир кирардим. 

Ўша куни ҳам чет эл фирмаси билан шартнома қилаётганимиз боис уларнинг жавобини кутиб ўтиргандим.  Қарасам, бир қиздан дўстлик таклифи келди. Расми ҳам бор экан, чиройликкина. Қабул қилдим. Саломлашдик. Бирдан у “танимадингизми?” дея сўраб қолди. Ҳайрон қолдим. Аввалига танидим дея алдадим, кейин билсам, у исм-фамилиямиз бир хил бўлган синфдош йигити деб ўйлаган экан мени. 

Расмимни қўймаганим сабабли кимлигимни билолмаган-да. Кейин узр сўради, ва мени дўстлар рўйхатидан ўчириб ташлади. Қизиқишим устун келдими, ё иш вақтим тугаган, ҳамкорларимиз хатини кутиб ўтирганимдан зерикиб унга ёза бошладим. Йўқ, у мен ўйлагандек қиз эмас экан.  Оғиргина, ўн савол берсангиз, зўрға бир жавоб қайтарадиган, камгап…

Хуллас, биз танишиб қолдик. Албатта мен уни алдадим. Оилавий шароитимни яширдим. Шу билан у билан кунора гаплашиб турадиган бўлдик. Соатлаб Маликанинг агенти “онлайн” бўлишини кутиб ўтирардим. Эрталаб ишга келишим билан почтамга кирардим, бирор нима ёзиб қолдирганми, йўқми деб қизиқардим. Уч ойлик мулоқотимиздан кейин биз учрашдик. У кўришганимизда янаям камгап, уятчан эди. Баъзида ўзини менга бепарводек тутарди-ю, аммо кўзлари туйғуларини яшира олмасди. 

Мен унга шунчаки бир қизиқиш деб қараганман, ахир оилалиман. Рафиқам жуда яхши аёл. Охирги пайтларда кетма-кет ҳомиласидан айрилиб, муолажалар  билан бўлиб, менга бироз эътиборсизроқ, тушкунроқ кайфиятша тушиб қолганди. Мен эса интернетдаги “севги”м билан овораман. 

Тўғри, аввалига Малика бўлган ҳисларим ўткинчи, овунчоқдек туюларди менга. Бора-бора унга боғланиб қолдим. У ҳам мени ўзига яқин оладиган, дардлашадиган, ҳаётидаги воқеаларни айтиб берадиган бўлди. Унинг ёзишмаларисиз кунимни тасаввур қила олмасдим. Бир куни бу муносабатлар тугашини билардим, аммо Малика ҳаммасини жиддий деб ўйларкан. Совчилар эшигини қоқиб тиндирмаслигини, онаси узатишга шошаётганини айтганида, қандай қилиб унга “Сизни ҳеч кимга бериб қўймайман”, дея ёзиб юборганимни билмай қолдим. Шундай қилиб унинг кўнглида умид уйғотганим рост.

Икки йил ана шундай ёзишиб, гоҳо кўришиб турдик. У келажагимиз ҳақида режалар тузар, ҳатто “ўғил-қиз”ларимизга исмлар ҳам топиб қўйганди. Ҳали ишимни, “ҳали уйланмаган акам борлигини” баҳона қилиб юрдим. Малика эса жим кутарди мени. Умид ва ишонч билан. Онасига кўнгил қўйгани борлигини айтиб, оғиз солган йигитларни рад этарди. Ана шундай орзулар оғушида юрган кунларида менинг уч йилдан буён интиқ кутаётганим — илк муродим туғилди...

***

Ўша куни Малика хонадан шитоб билан чиқиб кетди. Мен эса жойимда тошдек қотиб қолдим. Биринчи марта аёлим олдида ўзимни айбдор ҳис қилдим. Икки йил давомида унга хиёнат қилиб юрганимни, бир гулдек қизни алдаб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирганимни ҳис қилдим. Ўзимдан нафратланиб кетдим, тўғриси. Ахир бу икки аёл ҳам бегуноҳ! Бири менга паҳлавондек ўғил туғиб берди, ўз жонини гаровга қўйиб. Бири эса туйғуларини, юрагини, бахтини ишонди. Иккисини-да пасткашларча алдадим.

Маликанинг изидан бориб, кечирим сўрашга журъатим етмади. Уч кун давомида шифохонага зўрға бориб келдим. Маликага дуч келиб қолишдан жуда қўрқдим. Бир ҳафталардан сўнг почтамга ундан хат келди: 

“Узр, мен оилангиз борлигини билмаган эканман... Сизга дўстлик жўнатганим учун ўзимни кечира олмасам керак ҳеч қачон! Оилали эркакнинг бошини айлантириб олган беҳаё қизман! Буни тан олиш қанчалик оғирлигини сиз билмайсиз? Аёлингиз, ўғлингизни кўриб, тақдир вақтида бизни бу хато йўлда юришдан тўхтатганига шукр қилаяпман. Агар билмаганимда... билмадим... тўғриси қўрқаман... Бир гўдакнинг уволига, фариштадек аёлнинг кўз ёшларига сабабчи бўлишдан... Оилангиз билан тинч бўлинг!”

Тамом. У менга таъна қилмади, нега алдаганимга изоҳ ҳам сўрамади. Балки уришиб берса, мени айбласа, виждоним бироз тинчланган бўлармиди? Маликадан кечирим сўраш учун туғруқхонага бордим. Йўқ, ўша воқеадан уч кун ўтиб, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшабди. Ҳамшира қизлардан бири ҳамкасбига гапириб қолди: “Нима бўлди, Маликага тушунмай қолдим. “Яқинда ҳолвамни ейсизлар”, деб хурсанд юрганди. Бирдан кайфияти ўзгариб қолди, ишдан ҳам бўшади-кетди. Бош шифокор “Ёлғиз онаси билан яшайди, қийналган қиз эди. Энди қаердан иш топаркан?”, дея гапириб қолди кеча”, дерди. Бу гаплар юрагимни тимдалади.  

Бугун юрагимдагиларни газета орқали тўкиб солишимдан мақсад, аввало, Маликадан кечирим сўраш. Ўғлимни бағрига босиб мени ҳар куни юзда табассум билан кутиб оладиган, бор гапдан бехабар аёлим олдида хатомни тан олиш. Яна мен каби бошқалар бировнинг туйғуларини ўйин қилмаслигини таъкидлаш. Ижтимоий тармоқми, ёки ҳаётдами, ҳеч кимни ёлғон умидлантирманг. Балким ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолар, хатонгизни кечиришар, аммо виждон азобига чидаш қийин экан... 

Шоира ВАФОЕВА қоғозга туширди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1