АсосийJamiyat

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга парламент сўрови юборилди

'Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга парламент сўрови юборилди'ning rasmi

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга «Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳаво қатнови ва «Ғалаба – Амузанг – Хушади» темир йўли қайта тикланди. Амударё орқали ўтадиган «Туркманобод – Фароб» янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Ушбу кўприклар «Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон – Уммон Султонлиги» транспорт-транзит йўналишининг муҳим бўғини ҳисобланади.

Афғонистондаги «Хайратон – Мозори Шариф» йўналиши ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Афғонистон билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда трансафғон йўлаги доирасида янги темир йўлларини барпо этиш истиқболда Марказий Осиёнинг
энг қисқа йўллар орқали Ҳинд океанига чиқишни таъминлайди ҳамда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлайди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида автобус йўналишлари ишга туширилди. Қирғизистон билан Марказий Осиёдан илк бор тўғридан-тўғри Хитойга чиқадиган «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар» автомобиль йўлаги бўйича қатнов йўлга қўйилди.

«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши ҳам фаоллашди. Унинг амалга оширилиши лойиҳа иштирокчилари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имконини беради.

Марказий Осиё мамлакатлари «Боку – Тбилиси – Карс» транспорт коридори доирасида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ушбу йўналиш Хитой ва Марказий Осиёдан Европага доимий равишда юк ташишни йўлга қўйишга имкон беради.

Бироқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилганда, соҳада эришилаётган ютуқлар қаторида айрим муаммолар ҳам борлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»да Ўзбекистон 160 та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, ушбу кўрсаткич мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу масала устида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Халқ вакиллари таъкидлаганидек, мамлакатимизда транспорт тузилмаларининг катта қисми монопол корхоналар бўлган темир йўл ва ҳаво компаниялари ҳиссасига тўғри келиб, улардаги хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги ва нархларнинг баландлиги экспорт салоҳиятини оширилишга салбий таъсир қилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми автотранспорт орқали амалга оширилиб, автотранспорт йўлларнинг сифатсизлиги ҳамда халқаро стандартларга жавоб бермаслиги халқаро ташувчиларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига салбий таъсир ўтказмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар