«Sevimli» телеканалида ўзининг касб маҳоратини ўргатиш учун «Россия 24» федерального телеканали тележурналисти Борис МАҚСУДОВ ташриф буюрди. У ватанига келгандаги (Борис Ўзбекистонда туғилган ва бу ерда 15 ёшигача яшаган – муаллиф изоҳи), таассуротлари ҳақида “Даракчи плюс” газетаси мухбирига сўзлаб берди.
Мен янги Ўзбекистонни кўрдим
– Мен деярли 20 йилдан буён Ўзбекистонда бўлмагандим. 3 йил олдин йирик маданий тадбир – Самарқандда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этиш учун бу ерга келдим. Биз келдик ва яхши ишладик, фестиваль ҳақида, Ўзбекистон ва унинг Россия билан алоқалари тўғрисида бир нечта репортаж тайёрладик. Шундан сўнг бизни бу ерга тез-тез чақириб турадиган бўлишди. Балки бунда менинг азалий илдизларим Ўзбекистон билан боғлиқ бўлгани роль ўйнагандир.Мен доим бу мамлакат ҳақида чин кўнгилдан гапириб бераман. Негаки бу менинг ватаним ва Ўзбекистонда нимадир бўлиб ўтса бу мен учун қизиқарли.Мен ҳар доим Ўзбекистонда туғилиб ўсганимни фахр билан эслайман, ҳеч қачон буни яширмайман.Шу билан бирга, албатта, бу ерга ўзимнинг 7 яшар қизим Александрани ҳам олиб келишни хоҳлайман.
Умуман мен репортер сифатида ҳар қандай қизиқ воқеага бефарқ эмасман ва булар ҳақида ўз лавҳаларимда гапириб беришни истайман. Ўзбекистон ҳақида Россияда анчадан бери бунчалик батафсил ва кўп гапирмагандим. Одатда бу мамлакат ҳақда Наврўз ёки бошқа йирик воқеалар муносабати билан кўрсатув тайёрладади. Чунки бу иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ва олиб борилаётган ислоҳотлар нуқтаи назаридан жуда қизиқарли мамлакат.
Бу ерда тасиврга олиш учун ажойиботлар сероб. Айтмоқчи бўлганим мен кейинги вақтда Ўзбекистон ҳақида сюжетлар тайёрлар эканман, ўзимнинг Инстраграм саҳифамга ҳам расм ва лавҳалар қўйиб бораман. Россияда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш жуда кучайган, кўпчилик бу ерга келишни орзу қилади. Худди Россия Ўзбекистонни янгидан кашф қилаётгандай.
Биз янада кўпроқ бу ерга кела бошладик, Электрон ОАВ (НАЭСМИ) миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухаликов билан танишдик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамладик.Ўтган йил охирида бу ерга келганимда контактларни алмашишни сўради ва ўзбек репортерлари ўзаро мулоқот қилишга ва касбимизга алоқадор савол-жавоблар олиб боришга қизиқиш билдираётганини айтди. Айтишим мумкинки, техник имкониятлар жиҳатдан ҳозир Ўзбекистонда ҳаммаси жуда жиддий ва юқори босқичда. Айнан ижодий салоҳиятни оширишга эҳтиёж мавжуд. Фирдавс Абдухаликов ҳам шу ҳақда айтди ва менга ўз тажрибаларим билан ўртоқлашишни.«Севимли»телеканали ходимлари учун мастер-класслар ўтказишимни таклиф қилди. Албатта мен шу йилнинг февраль ойида бу ерга келдим, тизим билан, ким қандай ишлаши билан танишдим. Муҳаррирлар ва репортёрлар билан бирга ишладим. Ҳамма иш профессионал даражада бўлиши учун нима қилиш кераклигини тушунтирдим, ўз тавсияларимни айтдим. Менинг ишим яхши баҳоланди ва мен яна бу ерга келадиган бўлдим. Эндиликда берган тавсияларим бўйича аниқ режа тузиб таҳририят ишларига кўмаклашишга ҳаракат қиляпман. Жумладан таркибни қайта тузиш, ижодий воқеаларда иштирок этиш воситасида таҳририятларга ишни юқори даражада ташкил қилишда ёрдам беряпман.
– Ўзбекистонга уч йил олдин келганингизда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдингизми?
– Шубҳасиз! Мен кўп йиллар аввал тамоман бошқа Ўзбекистондан чиқиб кетгандим. Мен яна бу ерга келганимда ва Самарқанд, Бухоро ва Тошкентда бу ерда кўрганларимдан ҳайратда қолдим. Бу ерда тадбиркорлик ривожлана бошлабди, осонгина долларни банкдан сўмга алмаштириш мумкин, турли тиллардаги пештахталар пайдо бўлибди, мактабларда яна рус тили ўқитувчиларига эҳтиёж пайдо бўлибди. Ҳатто Россиядан рус тили ўқитувчилари жалб этилмоқда. Мамлакат ривожланишнинг янги босқичини бошдан кечирмоқда. Деярли барча ҳудудларда улкан қурилишлар давом этмоқда, қаерга бормай янги корхоналар,янги иш жойлари ва Россия фуқароси сифатида менга шуниси қувончлики, мамлакатларимиз ўртасида аввало дўстона ва ҳар томонлама фойдали иқтисодий муносабатлар мустаҳкамланмоқда.
Тележурналист касби ҳақида
– Сизнинг фикрингизча тележурналистикада нима етишмаяпди?
– Аввал айтиб ўтганимдек, телекомпаниялар техник жиҳатдан жуда яхши таъминланган, бунга катта эътибор қаратилмоқда. Турли-туман каналлар мавжуд, ўйлашимча қандайдир ахборот қамрови етишмаяптими... бу бўшлиқ вақт ўтиши билан тўлади. Тележурналистлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ким билан мулоқот қилган бўлсам, бу ерда ўзига хос мактаб етишмаяпти. Айтиб ўтганимдек буни тузатса бўлади.Яна шуни таъкидламоқчиманки, ўзбекистонликларга хос бўлган менталитетни, аҳлоқ чегарасини ҳам унутмаслик керак. Бошқа томондан қараганда бу Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлардан ажралиб турадиган жиҳатидир. Бироқ репортёрлик деганда шижоат, қатъиятлилик тушунилади – агар бирон янгиликни билиш керак бўлса. Ўзбекистонда одамлар жуда самимий, мулозаматли, босиқ, вазмин.. аммо бу баъзан репортёрга ҳалал бериши мумкин.
– Касбингиз ҳақида гапирганда сиз аввалжурналист бўламан деб ўйлаганмидингиз?
– Менинг онам ва бобом ҳам журналист, мен шундай муҳитда катта бўлдим. Ўзим таҳририятларга борганман, бизни уйимизга ҳам журналистлар меҳмонга келиб турарди, мактабда ўқиганимда шеърлар, қизиқ иншолар ёзиб турардим. Адабиёт менга ҳар доим яқин бўлган, ақлий томондан математика ва геометрияни ёқтирардим. Ҳарактерим жиҳатидан барибир гуманитар фанларга мойиллигим бор. оиламизда ҳеч ким мени журналист бўлади деб ўйламаганди. Ўзим ҳам бундай бўлади деб ўйламагандим. Лекин ортга назар ташлаб кўрсам ҳаммаси шу йўналишга қараб элтган экан.
– Сиз Сочи давлат университетининг филология факультетини тамомлагансиз. Бу педагогликка қизиқиш билан боғлиқ бўлганми?
– Менинг бу факультетга ўқишга киришимдан асосий мақсад бепул ва сифатли таълим олиш бўлган. Ўшанда бу ягона имконият эди. Аммо айтмоқчиманки, менда педагогликка иштиёқ ҳам йўқ эмас.Мен ниманидир тушунтиришни, ўргатишни ёқтираман. Педагогика менинг хоббим дейиш мумкин.
Журналист бўлиб етишмайдилар...
– Сиз интервьюларингиздан бирида “журналист бўлиб етишмайдилар, журналист бўлиб туғиладилар” дегандингиз…
- Албатта, ахир мен ўз касбимни жуда севаман. Бу мен учун энг яхши касб.Шунинг учун шундай дейман. Шуни ҳам таъкидлашим мумкин, ўз фикрини чиройли ифодалашга, репортажлар тайёрлаш, зарур матнни ёзишга ҳар бир саводли одамни ўргатиш мумкин. шу маънода ҳар қандай одам журналист бўлиши мумкин. аммо касбинг сенга даромад, қувонч олиб келиши, ўзингни намоён этишга кўмаклашиши учун бошқа нарса ҳам керак, техник кўникмалар камлик қилади.
– Нима айнан?
– Қизиқувчанлик, одамларга бўлган қизиқиш, янгиликка чанқоқлик, билишга интилиш. Буларнинг барчаси профессионал журналист учун муҳим. Шунингдек журналист учун бепулга ишламаётганингни, меҳнатинг шунчаки хайрия учун эмаслигини, бу пул олиб келадиган касб эканлигини билиш ҳам муҳимдир. Менинг фикримча репортёр фаолиятида энг асосий жиҳат ҳам шу – яъни бу сенинг тирикчилигинг эканлигини тушуниш керак.
– Сиз ўзингиз аввало босма нашрда бошлаган ва кейцинчалик телевидениега ўтган экансиз, нега газетадан кетдингиз?
– Мен газета журналистикаси мен учун эмаслигини. Мен диққат марказида бўлишни ёқтираман. Ҳаракатчан одамман, менга камера билан ишлаш ёқади.Одамларнинг сенга эътибор қаратиши, танилиш, машҳурлик– булар ҳам журналист учун муҳим хислатлардир. Танилишни хоҳламайман, эфирга чиқиш ёқмайди деган журналист ё гапирган бўлади ё ўз маҳоратига ишонмайди, ёки профессионал репортёр эмас. Барча телевизион репортёрлар танилишни, машҳур бўлишни хоҳлашади ва бу меъёрий ҳолат. Мени тележурналистикада айнан шу нарса ўзига тортади. Агар сен тайёрлаган материални телевидениеда кўрсатишса ва дўстларинг “биз сени телевизорда кўрдик” деса, бу жуда ёқимли эшитилади.
- Репортажларингизда асосий мавзу нима?
- Телевидениеда 16 йилдан буён ишлаётган бўлсам, мен жуда кўп мавзуларда материаллар тайёрладим. Мени бу борада бошқа телевизион репортёрлар каби универсал репортёр деса бўлади.Ўзимнинг православ черкови ҳақидаги материалимни илк репортажим десам бўлади. Шундан кейин бу мавзуда кўп лавҳалар тайёрладим. Шунингдек экстремал сюжетлар ҳам кўп бўлган. Масалан, Краснодар ўлкасидаги сув тошқини (300 киши чўкиб кетганди), Тайгадаги ёнғинлар ҳақида, тулундаги сув тошқини оқибатларини тугатиш, турли авариялар, уйларнинг портлаши каби ва бошқа мавзулар. Фақат айтишим керакки, мен урушларни, қуролни ёмон кўраман. Унинг ўрнига ҳарбий ҳаракатлар ҳақида материал тайёрлашга боришим мумкин. бу урушдан қўрққаним учун эмас, шунчаки тинч ва беҳавотир ҳаётни ёқтирганим учун.
- Ўзбекистонга ва ҳозирда ўзингиз билан бирга ишлаётган журналистларга қандай тилакларингиз бор?
- Юқорида айтиб ўтганимдек мен Россияда яшаганимда ҳар доим Ўзбекистонда туғилганимни айтишдан чарчамаганман. Ҳар доим Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, ўзига хослигини тарғибот қилиб келганман. Бу ерда одамларга бошқача қарашади. Ўзбекистонга келган танишларим ва дўстларим ҳам бу ердан бефарқ бўлиб кетишмаган. Барча бу ердан кўплаб тассуротлар ва ҳайратдан чақнаган кўзлар билан кетади. шунинг учун Ўзбекистонга шу кетишда ривожланишдан тўхтамасликни тилайман, ўзим эса тележурналистикани ривожантиришга қандайдир ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Албатта мен бу йўналишда жуда кичик янгилик ўргатаётганимни тушунаман, аммо шуни истардимки мен туғилган ва униб-ўсган Ўзбекистон ва ҳозир яшаётган юртим Россия ўртасида доим дўстона ва мустаҳкам алоқалар давом этсин. Ва Ўзбекистон россияликлар наздида фақат палов ва мигрантлари билан эмас, ишлаб фойда топса бўладиган, мазмунли ҳордиқ чиқарадиган, кўришга арзигулик масканлари бўлган жадал ривожланаётган мамлакат сифатида таассурот қолдирсин.
Сурия МАГДЕЕВА суҳбатлашди