Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Агзамова болалар майдончалари ҳақида гапираркан ўз болалигини ҳам ёдга олди.
...болалигимдаги майдончамни соғинибман. Ҳақиқий болаликни ҳис қилдирган, йиқилсак, фақат озгина яра ёки кўкариш билан чегараланиб, шундай бўлса-да, ўйнаётган барча болалакайлар “ярадор” дўстининг уйига кириб, ота-онасига ҳолатни тушунтиришга ҳаракат қилар, уларнинг бири қўйиб бири олиб чуғурлашига тушунолмай жилмайган оналарга “Яна ўйнасак майлими?” деб дўстимизни “гап эшиттирмасдан” кўчага олиб кетар эдик...
У майдончалар жуда содда ва оддий, лекин ишонарли ва мустаҳкам эди. Ота-оналар ҳеч қачон болалар майдончасида фарзандлари азият чекиши, энг даҳшатлиси, нобуд бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмас эди.
Бугунги жадал олиб борилаётган қурилишлар, 7 ёшдан 70 ёшгача аҳолимиз учун яратилаётган шароитлар бир қувонтиради бир ўйлантиради. Қувончимга шерик бўлиш учун телевизор мурувватининг истаган тугмасини босинг ёки кўчага чиқинг – исботи кўз ўнгингизда намоён. Кўзойнак ҳам шарт эмас.
Бироқ ҳам ўйлантириб ҳам хавотирга солаётган, пушти кўзойнакни ечишга мажбур қилаётган ҳолат – болалар майдончаларидаги “ачинарли” аҳволдир.
Тўғри, уларнинг бугунги кўриниши замонавий, жилвакор. Асосан ўткир, учли, нари-бери пайвандланиб, маҳкамланган, ғарибона темир конструкциялардан иборат бўлиб, қаттиқ қопламга эга. Бунинг натижасида болалар улардан тез-тез йиқилиб тушади, тиззаларини яралайди, қўл-оёқларини синдирадилар. Травматологларнинг маълумотларига кўра, болалар бундай майдончаларда йўл-транспорт ҳодисаларига қараганда кўпроқ жароҳат олмоқдалар.
Болалар спорт ва ўйин майдончаларини қуриш, улардан фойдаланиш ва хавфсизлиги билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг мониторинги бу соҳадаги саёзликни кўрсатмоқда. Хусусан, ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги “Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011-2015 йилларга мўлжалланган чора-тадбир дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 304-сонли Қарори (ҳужжат 2021 йил 22 февралда кучини йўқотган), Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш(ҳозирги Бандлик ва меҳнат муносабатлари) вазирининг 2012 йил 16 июлдаги “Болалар майдончаларида техника хавфсизлигига риоя этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги 32-Б-сонли Буйруғи каби норматив ҳужжатлар анча эскирган ва талаб даражасида эмас. Мавжуд ҳужжатлар ижро этиш учун мажбурий ҳам эмас, балки тавсия этиш тусида бўлганлиги сабабли, бу масалада гапирувчилар кўп: турли экологик дастурлардан тортиб аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва сақлаб туриш билан боғлиқ ҳужжатларга қадар ҳаммаси шунга эътиборни қаратади. Лекин уларни қуриш ва фойдаланиш устидан назорат қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас.
Муаммонинг туб илдизи болалар майдончаларининг қурилиши ва сақлаб турилиши учун ким жавоб бериши масаласи тартибга солинмаганлигига тақалади. Қизиқ бир ҳолат. Негадир мазкур объектлар фойдаланишга топширилгандан кейин ярим йил – бир йил ичида албатта унинг тагидан қувурлар, коммуникацион симлар ва ҳакозолар ўтгани “аниқланиб”, “жавобгарлар” кавлашга тушиб кетишади. Муаммо-ку бартараф этилар (неча кун ёки йилга?!), лекин кавланган ўрани, чуқурни қайта ёпиш албатта “эсдан чиқиб” қолади?! Натижада, мазкур ўра ё “янги” чиқиндихонага ёки болакайларнинг навбатдаги “травматологик” объектига айланади.
2020 йили Давлат дастури доирасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан бутун республика бўйлаб 389 та болалар ўйин майдончаси қурилганлиги маълум. Лекин уларнинг “ишончлилигига” шубҳам бор. Бунга куни кеча Тошкент шаҳрининг «Водник» даҳасидаги болалар майдончасида маҳкамланмаган арғимчоқ устунининг қулаб тушиши натижасида 8 ёшли боланинг ўлими мусибатли мисолдир.
Ота-она учун фарзандининг ўйнагани кўчага ўз оёғи билан соғлом чиқиб кетиб, уйга унинг жасадининг кириб келишидан мудҳиш ва даҳшатли манзара бўлмаса керак.
Ҳаётим давомида бу каби ҳолатнинг икки бор гувоҳи бўлганлигим кўтарилаётган масалага жиддийроқ масъулият билан ёндошишни талаб этади. Ҳамза туманида (ҳозирги Яшнобод) ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаб юрган кезларим, фарзандини болалар боғчасига олиб бориб, ишига ҳотиржам кетган онага боғчадаги қувурнинг усти ёпилмаганлиги натижасида 3 ёшли қизчасининг тушиб кетиб нобуд бўлгани ҳақидаги хабарни айтишга ўзимда на куч, на орият, на кўз ёши, на бир сўз топа олган эдим...онаизорнинг фарёди олдида буларнинг барчаси бир пул эди...
Ҳар ким ўз ишига профессионал даражада ёндошиши, ишониб топширилган вазифага жон куйдириши, давлатимиз раҳбари доимо такрорлаганидек “ўзини қийнаши” керак. Чунки гап фарзандларимиз ҳақида. Миллат келажагининг кўчага соғ-омон чиқиб келиши, болалар майдоналарида қийқириб ўйнаши, менимча кўп нарса талаб қилмайди. Фақатгина огоҳ бўлайлик, масъулиятли ва мажбуриятли бўлайлик, кўзимиздаги пушти кўзойнакни ечиб, бир мулоҳаза қилайлик.