АсосийJamiyat

Дониёр Ғаниев: "Депутатларимизда ҳам ғурур, миллат ва она тилга бўлган муҳаббат ҳислари уйғониб қолар"

'Дониёр Ғаниев: "Депутатларимизда ҳам ғурур, миллат ва она тилга бўлган муҳаббат ҳислари уйғониб қолар"'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, кеча, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 2-ўқиш муҳокамаси давом этиб, лойиҳа моддама-модда кўриб чиқилди. Кескин муҳокамаларга сабаб бўлган қонун лойиҳасининг 12-моддасига қўмита берган таклиф ҳам, фракция берган таклиф ҳам қабул қилинмади.

Депутат Дониёр Ғаниев кейинги муҳокама жараёнига қадар депутатларда ҳам  ғурур, миллат ва она тилга бўлган муҳаббат ҳислари уйғониб қолишига умид қилмоқда. 

"Гарчи муҳокамалар жараёнида давлат тили ҳимояси юзасидан билдирган кескин ва қатъий фикрларим кўпчиликка ёқмаган бўлса-да, лекин қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўзимнинг бир қатор таклифларимни қонун лойиҳасида акс эттиришга эришдим. Жумладан, қонун лойиҳасининг номи, давлат органларидан бошқа ташкилотларда ҳам иш юритиш давлат тилида олиб борилиши, расмий қабул ва бошқа тадбирлар фақат давлат тилида ўтказилиши каби асосий таклифларим қабул қилинди.  

Лекин шу билан бирга, афсуски лойиҳанинг 12-моддаси юзасидан якуний келишувга эришолмадик. Қўмита таклифига кўра, давлат органларига мурожаатлар давлат тилидан бошқа тилларда ҳам қилиниши мумкинлиги ҳамда мурожаатларга жавоб мумкин қадар мурожаат қилинган тилида қилиниши белгиланган.

Табиийки, мен бу нормага қатъий қаршиман. Чунки давлат тили ўз номи билан давлатнинг фуқаролар билан расмий мулоқот тили бўлиши керак.  

Фуқароларнинг ўзаро шахсий мулоқот тилини эркин танлаш ҳуқуқини кафолатлаш билан бир қаторда уларнинг давлат органлари билан расмий мулоқоти давлат тилида бўлиши муҳим. Aкс ҳолда давлат тилини тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжи ҳеч қачон яратилмайди. Давлат тилидан кундалик ҳаётда фойдаланишда эҳтиёж яратилмас экан, истеъмолда у худди ҳозирги каби доимо иккинчи даражали тил бўлиб қолаверади.  

Муҳокама давомида айтилган фикрлар ва тортишувлар, шунингдек, йиғилиш олди депутатлар орасида қилинган тарғибот ва музокараларга қарамай, минг афсуски етарли сондаги депутатларни биз илгари сурган таклифни маъқуллашга кўндиролмадик. Лекин қўмита таклиф этган таҳрир ҳам етарли овоз ололмади. Демак, ҳали умид бор. Балки кейинги ялпи йиғилишга қадар бошқа депутатларимизда ҳам ғурур, миллат ва она тилга бўлган муҳаббат ҳислари уйғониб қолар.  

Гарчи қонун лойиҳасида асосий таклифларим қабул қилинган бўлса-да, лекин қонуннинг амалиётда тадбиқ этилиши ва унинг ижроси таъминланиши мени хавотирга солмоқда. Чунки, қонунчилигимизда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш, назорат қилиш ва маъмурий баённомаларни тузишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган.  

МЖтКнинг 42-моддасида давлат тилини менсимаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган бўлса-да, лекин амалдаги тартибга кўра, давлат тили тўғрисидаги қонунга риоя этилиши устидан назорат этиш, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ёки интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш фақатгина прокуратура органлари томонидан амалга оширилади. 

Прокурорларнинг назорат предмет доираси кенглиги ва иш ҳажмининг катталиги инобатга олинса, амалиётда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш ёки қонун бузилаётганлиги тўғрисидаги шикоятларни ўрганиш прокурорлар иш режасининг охирида қолиб кетиши аниқ. Биргина охирги 4 йил давомида бу турдаги маъмурий жавобгарликлар сони атига бир нечтани ташкил этгани, ўйлашимча, фикримни тасдиқлайди.  

Шу боис, давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан самарали назорат ўрнатишни таъминлаш мақсадида аниқланган қонун бузилишлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати аниқ бир ваколатли органга юклатилиши муҳим. МЖтКга тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали давлат тилида иш юритиш талабларини бузганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, дейлик, Aдлия вазирлиги (ёки бошқа тегишли ваколатли орган) мансабдор шахслари томонидан маъмурий баённома тузилиб, судга юбориш тартиби белгиланиши лозим.", - дея мулоҳаза қилган депутат. 

 

 

    Бошқа янгиликлар