Ҳозирги кунда олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз аҳволда. Масалан, Нукус тиббиёт, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш, Миллий рассомчилик ва дизайн институтлари каби 18 та олийгоҳда бирорта ўқитувчи хорижий тилни билиш сертификатига эга эмас. Бу маълумотлар чет тилини ўрганиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида келтирилди.
“Ҳар бир олийгоҳ ректори бир йил ичида чет тили ўқитувчилари – 100 фоиз, келгуси 3 йилда эса касбий фанлар ўқитувчиларининг 50 фоизи халқаро сертификат олишига эришиши зарур”, - деди Президент.
Бунда олийгоҳлар ўқитиш ва сертификат олиш харажатлари ўз жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилдан бошлаб магистратура ва докторантурага кирувчилар чет тилини билиш халқаро сертификатига эга бўлиш талаби киритилади. Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳларда тегишли мутахассислик фанларини хорижий тилларда ўқитиш тизими жорий этилади.
Шунингдек:
- янги ўқув йилидан бошлаб, чет тиллари бўйича қабуллар сони 2 бараварга оширилиб, 16 мингтага етказилади, давлат гранти эса 3 бараварга оширилади (4,5 мингта);
- чет тилини ўқитишнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш мақсадида, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали, хорижий докторантурада таълим олиш учун йилига 20 та ўрин ажратилади;
- олийгоҳларда табиий ва техник фанлар бўйича хорижий
дарслик ва қўлланмалардан эркин фойдаланиш йўлга қўйилади.
Нодавлат ўқув марказлари ташкил этиш
Қишлоқ жойларида нодавлат ўқув марказлари ташкил этиш учун бўш бино ажратиш, керакли жиҳозлар ва адабиётлар сотиб олишга 50 миллион сўмгача
бир марталик беғараз кўмак ажратиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, ижарада турган ўқув марказлари ижара тўлови харажатларининг 50 фоизгача қисмига субсидия ажратилади ҳамда давлат мулки объектларида фаолият юритувчи ташкилотлар ижара тўловидан озод этилади.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






