Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ОАВ вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра Ўзбекистоннинг 2015 йилдаги энг яхши мураббийи деб топилди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўтган йилнинг июнь ойидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилаётган Самвел Бабаян мазкур сўровномада, ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубогини қўлган киритган Қаршининг “Насаф” клуби устози Рўзиқул Бердиев ҳамда Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасини Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар олиб чиққан Равшан Ҳайдаровларни ортда қолдирди.
Таъкидлаш жоиз, Самвел Бабаян мураббийлигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 ҳамда ОК-2019 саралаши доирасида жами 4 та расмий учрашувда майдонга тушди ва уларнинг барчасида ғалаба қозониб, юз фоизлик натижа қайд этди.
Маълумот учун, Самвел Бабаян 2014 йил якунларига кўра ҳам Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи дея эътироф этилган эди ва мазкур соврин мураббий учун ўз фаолиятидаги кетма-кет иккинчи соврин бўлди.
Йилнинг энг яхши мураббийи сўровида кучли учлик қуйидагича кўриниш олди:
Самвел Бабаян (Ўзбекистон миллий терма жамоаси) – 60 балл
Рўзиқул Бердиев (Насаф, Ўзбекистон) – 44 балл
Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-20 терма жамоаси) – 10 балл.





