Бу ҳақда Танзила Нарбаева иштирокидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ, Тошкент вилоятида ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатлари таъминланиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари томонидан ушбу масала ўрганилган.
Тошкент вилоятида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши, ердан мақсадли фойдаланиш юзасидан амалга оширилган салмоқли ишлар билан бир қаторда, ушбу йўналишда муайян камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, вилоятда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатларининг таъминланиши ўрганилганда 9 минг 614 та ҳолатда 1618 га. ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, вилоят ҳокими қарори билан тадбиркорлик субъектларига ер ажратиб беришда Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Паркент, Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида Ер кодекси талаблари бажарилмаган, берилган ер майдонларидан тадбиркорларнинг қандай фойдаланаётгани етарлича назоратга олинмаган.
Бундан ташқари, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишидан олдин етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмаган ва айрим шахсларга етказилган зарарлар бугунги кунгача ҳам тўла қопланмаган.
Сенат Кенгаши мажлисида жиддий хато-камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахслар масаласини кўриб чиқиш ва уларга тегишли чоралар кўриш тўғрисида вилоят ҳокимлиги ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.