АсосийJamiyat

Наманганда россиялик олим “Темир дафтар”га киритилган беморларни бепул даволамоқда

'Наманганда россиялик олим  “Темир дафтар”га киритилган беморларни бепул даволамоқда'ning rasmi

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги  И. Мечников номидаги Шимолий-шарқий давлат тиббиёт университети клиникаси эндоваскуляр хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Александр Каледин томонидан 2016 йилда беморнинг  дистал билак томиридан кириб жарроҳлик амалиётини олиб бориш усули яратилган. 

Наманган вилоятига ташриф буюрган кашфиётчи шифокор-олим  рентген-эндоваскуляр   жарроҳлик амалиётини “Маҳорат дарси” сифатида олиб бориб, ўн нафардан зиёд беморни оғир дарддан халос этди. Жумладан, Наманган туманида яшовчи, “Темир дафтар”даги рўйхатга киритилган Озода Турсуновага имтиёзли равишда тиббий хизмат кўрсатилди.

Россиялик мутахассис РИКИАТМнинг вилоят филиали шифокорлари иштирокида ўтказилган кўргазмали анжуманда кардиологик касалликларни даволашнинг замонавий усуллари ҳақида маъруза қилди. Савол-жавоблар чоғида эса тиббиётнинг мазкур йўналишига оид долзарб муаммоларни биргаликда хал этиш юзасидан фикрлашиб олинди.

 – Филиалимиз илмий салоҳияти жуда юқори, яъни тиббиёт фанлари номзодлари ва фан докторлари хизмат қилишади. Кўплаб мутахассисларимиз чет элда малака оширишган. Шу боис ҳам илмий изланишларга, жаҳон тиббиёти ютуқларни дадиллик билан қўллашга алоҳида урғу беряпмиз. Рус ихтирочи-шифокори  Александр Калединнинг ташрифи фаолиятимизнинг янги қирраларин очишга имкон яратди, - дейди филиал директори,  тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов.

Дарҳақиқат, вилоят кардиологларининг чет эллардаги ҳамкасблари билан ҳамкорлиги доираси тобора кенгайиб бормоқда. Россия Фанлар Академияси А.Н. Бакулев номли Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Е. Н. Мешалкин номли Кардиология ва кардиожарроҳлик маркази, Қозоғистон Миллий кардиология маркази ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий марказлар билан алоқалар самараси ўлароқ кардиология ва кардиохирургия, интервенцион кардиология соҳасини такомиллаштиришда ютуқларга эришилмоқда.  

Бинобарин, юрак туғма нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, мураккаб қон-томир шкастланишларида ретроград усулларида ангиопластика ва стентлаш,  переферик қон томирлари диагностикаси ва ангиопластикаси, биклапанли протезлаш, клапанлар пластикаси, аорта равоғида протезлаш, МСКТ артериография ва коронарография каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари татбиқ этилган. Энди бундай юқори технологик амалиётлар сони яна биттага кўпайди. Умид қиламизки, бу охргиси эмас, албатта.

Бошқа янгиликлар