1

200 дан ортиқ ноқонуний автомобилларни сотган жиноий гуруҳ фош этилди

ЖИНОЯТ 14.03.2016, 11:14
200 дан ортиқ ноқонуний автомобилларни сотган жиноий гуруҳ фош этилди

Бу жиноий ҳодиса шундай бошланганди: Қирғизистон фуқаролари бўлган аллақандай Азизхон ва Жаҳонгир исмли кимсалар Ўзбекистон фуқароси Ҳабибулло Матисаев билан мамлакатимизда машина олди-сотдиси билан шуғулланмоқчи бўлишди. 

Қўшни юрт фуқароларининг исмларидан бошқа нарса маълум эмас. Бироқ, Матисаев деганлари ашаддий рецидивист экани маълум. Унинг таржимаи ҳоли анчайин “салмоқли”. 2007 йилда у жиноят кодексининг учта моддаси – фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш, ўзганинг мол-мулкига ноқонуний эгалик қилиш бўйича судланиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган. У 2010 ҳамда 2012 йилларда ҳали аввалги жиноий хатти-ҳаракатлари учун жазо муддатини тугаган бир пайтда, яна бир қатор жиноятларга қўл уриб, суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди. Олдинги жазоларни қисман қўшиш йўли билан ҳаммаси бўлиб етти йил ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. 

Унинг ўзи «Андижон инвест ҳамкор» МЧЖ собиқ директори Улуғбек Усмонов билан тил топишиб, биргаликда янги бир жиноий тўдага асос солишди. Бу тўдага Навоий ва Бухоро вилоятидан ҳам “вакиллар” қўшилди. Гарчи  28 ёшли Усмонов илгари бирор ноқонуний ишга қўл урмаган, судланмаган бўлса-да, фирибгар  Матисаев, уни катта пул эвазига осонгина йўлдан ура олди. Тажрибали жиноятчи уни алдаб-авраш учун бутун маҳоратини ишга солди: зеро, Усмонов, янаям тўғрироғи фирманинг ҳужжатлари, муҳр ва штамплари Матисаев ўйлаб топган найрангни амалга оширишда жуда қўл келарди. 

Жиноий механизм энг майда деталларигача пухта ишлаб чиқилганди. Қирғизистонлик шериклар мамлакатимизга Кореяда ишлаб чиқарилган, олдин фойдаланилган “Ласетти”, “Такума” ва бошқа  автомобилларни чегара ва божхона назорати пунктларини четлаб ўтган ҳолда олиб киришади. Фарғона туманидаги бундай текширув ўрнатилмаган ҳудуддан олиб киришарди.

Ўзбекистонда машиналарни Ҳабибулло Матисаев қабул қилиб оларди. Бу машиналарни эса, Андижондан минг чақирим олисда, Навоий вилоятида сотиш кўзда тутилганди. Бу ҳудудда жиноий гуруҳ янги шериклар ҳисобига бойиди: Улар орасида  навоийлик, ҳужжатларни сохталаштириш туфайли бир ярим йил “ахлоқ тузатиб қайтган”  Муҳиддин Мустафаев, унинг акаси Наби Мустафаев,  Фахриддин Асадов, Анвар Баратовлар бор эди. Тўданинг яна бир аъзоси, бухоролик Неъматулло Аллақулов ҳам сохта ҳужжатлар, муҳрлар ва штамплар тайёрлагани учун 2012 йилда бир ярим йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган, бир ой ўтиб амнистия актига асосан жиноий жазодан озод қилинган, 2014 йил март ойида уни жиноят кодексининг икки моддасига асосан жаримага тортишганди. 

Бу “тобланган” одамлар Матисаевни паспортлар билан таъминлаш учун керак бўлишарди. Ноқонуний олиб кирилган машиналар шахсан Матисаев жаноблари ўйлаб топган фирибгарлик тизими орқали расмийлаштирилиши лозим эди. Бунинг учун  «Андижон инвест ҳамкор» МЧЖ директори Улуғбек Усмонов махсус бланкаларда гўёки Андижон шаҳар судининг ҳукми билан мусодара қилинган машиналар савдоси учун ўтказилган кимошди савдоси ғолибларининг сохта баённомаларини тайёрлаган. 

Андижон вилояти ҳудудий суд департаментининг Андижон шаҳар суд ижрочилари бўлимининг хатига кўра, барча мусодара қилинган автомашинаналар худди ана шундай  аукционлар орқали реализация қилиниши лозим бўлган. “Андижон инвест ҳамкор” МЧЖ бланкалариджа тузилган баённомада эса, суднинг амалда йўқ  қарори ҳамда суд ижролчилари бўлимининг ҳеч қачон ёзилмаган хати   рақамлари кўрсатилган, унга сохта имзолар илова қилинганди. 

Бланкаларга Усмонов масъулияти чекланган жамиятнинг муҳр ва штампларини қарсиллатиб босган. Ўзида бланкалар тугаб қолгач, «Арш савдо элит» МЧЖ формулярларини ўзлаштириб олган. Ҳар бир ана шундай сохта ҳужжат учун Матисаев директорга 300 АҚШ долларидан тўлаб турган.

Кимошди савдоси иштирокчиларини топиш тўданинг қолган беш аъзоси зиммасига юклатиларди. Улар ўз қариндошлар ва танишларининг паспортларини  олиб келишар, шу тариқа Усмонов бошчилигида сохта аукцион ўтказиларди.

Ушбу сохта ҳужжатларга асосан, машиналар Навоий вилояти ЙҲХБда рўйхатга қўйилган ва уларга  давлат рақамлари берилган. Қарабсизки, хориждан ноқонуний йўл билан олиб кирилган машиналар “ҳаппа-ҳалол” қонуний бўлиб турибди. Ана энди бу машиналарни бемалол бозор нархида сотса бўлади. 

Уч йил ичида ушбу жиноий тўда аъзолари барча божхона қоидалари, бож ва тўловларни четлаб ўтган ҳолда, 200 дан ортиқ  машинани мамлакатимиз ҳудудига киритиб,  уларни ҳаммаси бўлиб, 9 миллиард 129 миллион сўмга пуллашган.

Бу жиноий ҳатти-ҳаракатларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан чек қўйилди. Жиноий тўданинг барча кирдикорлари фош этилиб, аъзоларнинг ҳар бири ўз қилмишига яраша жавобгарликка тортилди. Хусусан, Х.Матисаев ва  У.Усмонов ҳар бири ўн ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ф.Асадов тўққиз ярим йил, Н.Аллақулов тўққиз йил, А.Баратов саккиз йил, М.Мустафаев тўққиз ярим йил, унинг акааси Н.мстафаев олти ярим йил  муддатга озодликдан маҳрум қилиш  жазосига ҳукм қилинди.  

Қонун ва давлат жабрланувчилар тарафида қолди: Зотан улар харид қилаётган машиналар юртимизга ноқонуний олиб кирилганини билишмаган-да!  Шу боис, жиноий ишда тилга олинган барча машиналар ҳозирги эгалари ихтиёрида қолдирилди. 

Шу ўринда харидорларга маслаҳат: машина сотиб олаётганда ҳушёр бўлиш керак. Зеро, кўриб турганингиздек, ҳужжатларни сохталаштиришни касб қилиб олганлар ҳам йўқ эмас. 

Азамат Неъматов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1