АсосийJamiyat

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда

'Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда'ning rasmi

Ҳар бир мамлакат мақсадлари йўлида барқарор ривожланиш учун ўз стратегиясини, режаларини ва дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ислоҳотларнинг самарадорлигини глобал БРМ рейтинги орқали кузатиб боради, унга кўра Ўзбекистон ҳозирда 52-ўринни эгаллаб турибди. Мамлакатнинг узоқ муддатли истиқболда стратегик мақсади – 2030 йилга келиб юқори даромадли мамлакатларга қўшилиш, бу эса аҳоли жон бошига даромадларни икки баравар кўпайтириш, қашшоқлик ва тенгсизликни камайтиришни назарда тутади. Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон барқарор ривожланиш учун масъулиятли ва самарали бошқарувнинг асосий тамойилларини жорий қилган ҳолда либераллаштириш ва давомли ислоҳотларга таянади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга янги туртки берди. Сўнгги йиллар давомида республикамизда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини қайта кўриб чиқишга йўналтирилган жиддий чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185 Фармони билан тасдиқланган Маъмурий ислоҳотлар Концепциясида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, айниқса, халқ депутатлари Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини ошириш масаласи кўтарилган. 

“Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади”,–дейди Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев. 

Қолаверса, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш куннинг долзарб масаласидир. Моҳиятан олиб қараганда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари жамият ва давлат манфаатларига хизмат қиладиган ишлар билан шуғулланади, улар доимо давлат диққат-эътиборида бўлган аҳолининг ҳаётий манфаатларини ифода этади. 

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини ташкил этиш ва фаолиятини баҳолашнинг амалдаги тизими олдига қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилишга имкон бермаяпти. Хусусан, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти марказий органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг даражаси ҳудудларда ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича уйғун фаолиятни таъминламайди. Аксарият ҳолларда уларнинг фаолияти бир марталик хусусиятга эга, алоҳида топшириқларни бажаришдан иборат бўлиб қолган. Бунинг устига, жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш бўйича лозим даражада ташаббус кўрсатилмаяпти.

Хорижий мамлакатларнинг давлат бошқарув тизимлари ривожланишнинг беқарор шароитларига, кечаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг глобаллашуви жараёнига, ахборот оқими ва технологияларнинг ўсишига доимо мослашиб келган. Ислоҳотларнинг зарурияти аҳолининг оммавий бошқарувдан норозилиги ва давлат аппаратига ишончининг камайиб бориши билан боғлиқ бўлган асослардан келиб чиққан. Адабиётларда жамоат ишлари бошқарувини қўлдан чиқаришда, солиқ тўловчиларнинг маблағларидан самарасиз фойдаланишда ва аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини пасайишида намоён бўладиган  маъмурий давлат инқирози ҳақида сўз юритилади.

«Умумий қадриятлар устуворлигида, ҳокимият, барча бошқарув вазифаларини амалга ошириб, инсон ва давлат манфаатларини бирлаштиради ва ҳуқуқларнинг оптимал уйғунлигини ҳосил қилади». Шундан келиб чиққан ҳолда, марказий ҳокимиятнинг фундаментал функцияси – тартибга солиш – қатъий бўлиши лозим. Шу сабабдан, фуқаролик жамияти ривожланган давлатда ҳукмрон бўлган оммавий бошқарув асосий мақсадининг умумий кўринишини: шахс, жамоа, давлат ва жамият муносабатларини ўзаро самарали алоқаларни тартибга солиш ва мувофиқлаштириш сифатида белгилаб, у, ўз навбатида, демократик, оқилона ва самарали бошқарув таъсир тизимига асосланиши лозимлигини эътироф этиш мумкин.

Мамлакатни модернизациялаш қилиш, давлат бошқарувини либераллаштиришга оид ислоҳотлар натижасида ижтимоий ҳокимиятнинг таркибий қисми бўлмиш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан маҳаллий давлат ҳокимиятининг ўзаро муносабатларини янада кенгайтириш, улар фаолият самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳам бевосита, ҳам ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар, деб Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўрнатилган. Бу ҳар бир сайланган халқ вакиллари – депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Депутат – у халқ вакили, у юзага келадиган муаммоларни ечимини топувчи, элнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи, ўз электоратининг манфаатларини ҳимоя қилишдан, жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг қўш қаноти ҳамда халқ билан мулоқотни амалга оширишда ишончли кўприкдир.

Маҳаллий ҳокимият органларининг мунтазам тизимини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу жиҳатдан, Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини бир-биридан ажратиб қўйиш, бўлиб ташлаш мумкин эмас. Аксинча, мамлакатимизнинг турли минтақа ва ҳудудларида давлат сиёсатини тўғри тушунтира ва татбиқ эта оладиган, ижтимоий ҳокимият тузилмаларининг яхлит ҳамда ягоналигини таъминлайдиган механизм сифатида давлат ва нодавлат органларнинг ўзаро мутаносиб фаолиятини ривожлантириш йўлидан борилди. 

Давлат механизмида маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш институтининг бири иккинчисини тақозо қиладиган ҳамда тўлдириб турадиган таркибий элемент сифатида ўзаро муносабатда бўлиши уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайдиган нормалар ишлаб чиқилишига эҳтиёж доим сезилади. Бугунги кунда мазкур нормалар замон талабларини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда бойитиб, ривожлантириб борилмоқда. Бу соҳада қабул қилинган ўнга яқин, жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун ва Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятимизда манфаатлар мувозанатини таъминлаш каби энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтирмоқда.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси маҳаллий давлат ҳокимиятининг асосларини белгилаб берди. Конституциянинг XXI бобида вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этиши, маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига кирадиган масалалар, уларнинг ваколат муддати, ҳисобдорлиги, мансабдор шахсларнинг лавозимга қўйилиши ва жавобгарлигига оид нормалар ўз ифодасини топди. 

Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари нормаси аксини топган. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб турадилар, деб ўрнатилган.

2017 йил 14 сентябрдаги бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш натижасида, вилоят, туман, шаҳар ҳокими зарур бўлган ҳолларда ўз фаолияти тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот тақдим этади, деган қоида ўрнатилди. Мазкур норма бугунги кундаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг айнан намоёнидир, десак муболаға бўлмайди. Ўзаро тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш принципи бу норма тартибида ҳаётдир.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органлари қатори фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам таклиф этилиши мумкин. Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари ҳар чоракда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Мазкур ҳисоботларда ҳудуд ҳолати бўйича фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг иштироки жуда муҳим. 

Депутатларнинг ҳар ой ўн кун давомида бевосита сайлов округларида ишлаши натижасида халқ ноиблари ўз сайловчиларининг эҳтиёжлари ва муаммолари тўғрисида ахборот олишини таъминловчи барқарор механизм шаклланди. Шунингдек, икки томонлама ҳисобдорлик тизими яратилди. Мазкур механизмни жорий этиш айнан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида амалга оширилиши мумкин.

Бугун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иши ҳам янги мазмун-моҳият билан бойиди. Маҳаллий депутатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллар давомида ўз ечимини топмай келаётган кўплаб масалалар тезкор равишда ҳал этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг янги сиёсий йўли нафақат қонун ижодкорлигига, балки депутатлик фаолиятига ҳам янгича мазмун-моҳият бахш этди. Депутатларнинг ўз сайлов округларидаги фаолияти шакл-шамойилини ўзгартириш, уларнинг сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш механизмларини такомиллаштириш борасида айнан Президентимиз томонидан илгари сурилиб, амалга оширилган ташаббуслар юртдошларимизни ташвишлантираётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлиш, сайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имконини берди. Халқ депутатлари Кенгашлари, аввало, ҳақиқий халқ вакиллик органи бўлиши, депутатликка жамият ва давлат бошқаруви сир-асрорларини биладиган, халқнинг ғам-ташвишини тушунадиган ва унга кўмак бера оладиган кишилар сайланишини назарда тутувчи самарали тизим ўрнатилиши ҳам шу зарурат талабидир. 

Г.Исмаилова, ЖИДУ доценти, ю.ф.д. 

Бошқа янгиликлар