АсосийSUG'DIYONA

Шарқнинг энг замонавий 5 гўзал маликаси

Араб дунёсининг гўзаллик тимсолига айланган саховатли ва замонавий маликалари.

Дунё қироллари ва шаҳзодалари тинчликни сақлаш йўлида турли музокаралар олиб бораётган, низоли ва жанжалли вазиятларнинг олдини олаётган, иқтисодий масалаларни ҳал этаётган бир пайтда уларнинг рафиқалари дунёни янада гўзаллаштиришга ҳаракат қилишади. Ҳамма замонларда ҳам подшоҳларнинг жуфти ҳалоллари бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилган, уларнинг ҳар бир қадамини бошқалар диққат билан кузатган. Даврлар ўзгаришига қарамай, ҳамон маликалар модалар оламининг ҳам юксак намунаси сифатида бошқаларга намуна бўлиб келмоқда. Қуйидаги ҳикоямизда нафақат шаҳзодаларга турмушга чиққан маликалар, балки модалар оламида ҳам ўз ўрнига эга гўзаллар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Рания ал-Абдулла — Иордания маликаси

Иордания қироличаси Рания – ҳамма нарсага улгурадиган замонавий араб аёлларининг ёрқин тимсолидир. У тўрт фарзанднинг онаси бўлишига қарамай, хайрия ишларида фаол иштирок этади, шу билан бирга модалар оламининг ҳам қироличаси саналади. Дунёнинг бирорта маликаси Рания каби машҳурликка ва халқ муҳаббатига сазовор бўлмаган. Унинг нозик дидини юқори баҳолаган Британиянинг Hello журнали унга “Дунёнинг энг башанг маликаси” деб ном берди. Италия модаси забардаст вакилларидан бири бўлмиш Жоржо Армани Ранияни ижодининг илҳом париси деб атади. Рания ал-Абдулла 29 ёшга тўлганда унинг турмуш ўртоғи Абдулла II тахтга ўтиргач, қиролича деб тан олинди. У дунёдаги  замонавий маликалар орасида энг ёши ҳисобланади.

   

Рания ўшандаёқ нафақат гўзаллиги ва ёшлиги билан дунёни забт этиши, балки хайрия ва эзгу ишлари орқали ҳам одамларнинг ёдида қолиши лозимлигини тушуниб етди. У қиролича мақомига эга бўлгач, маориф, соғлиқни сақлаш тизимларида бир қанча ўзгаришларни амалга оширди. Араб дунёсини Ғарб маданияти билан таништиришга ҳаракат қилди. У ижтимоий тармоқларда фуқаролар билан алоқага чиқиш учун биринчи бўлиб фойдаланган аёл қиролича ҳисобланади.

Дина Абдулазиз — Саудия Арабистони маликаси

Буғдой рангли бу аёлни кўрган одам Шарқ маликаларидан бири эканлигига ишонмайди. У амирликнинг ҳақиқий қироли Абдулазиз бин Носир бин Абдулазиз ал-Саудийнинг рафиқаси ҳисобланади. Дина – аслзодалар давраси маликаси, омадли бизнес-леди, модалар оламининг билимдони ҳисобланади. Араб дунёсининг энг замонавий аёли бирорта модалар намойишини ўтказиб юбормайди, дунёнинг энг машҳур дизайнерлари билан дўстлик алоқаларини ўрнатган.

 

Динанинг ёпиқ “D'NA” номли шахсий бутиги бор, унга фафат маликанинг таклифи билангина кириш мумкин. У бутик учун энг эксклюзив либосларни дидига таянган ҳолда ўзи танлайди. 

Шайх Моза — Ҳозирги Қатар амирининг онаси

Шайх Моза ҳазрати олиялари (Шайх Моза бинт Носир ал-Миснед), Қатар амирининг собиқ турмуш ўртоғидир. Бу аёл гўзал ва омади чопган аёл тимсолидир. Шайх Моза етти фарзанднинг онаси, давлат ва жамият арбоби, ЮНЕСКО элчиси ва модалар яратувчиси ҳисобланади. У илм-фан, маориф ривожи билан шуғулланади, эркин ОАВ ва фуқаролик жамиятини тараққий эттириш билан шуғулланувчи Араб демократик жамғармасига раҳбарлик ҳам қилади. Айнан Шайх Моза пойтахт яқинида вужудга келган университет шаҳарчасига асос солган. Университетда Американинг энг етук профессорлари маърузалар ўқишади. Шайх Мозанинг ташаббуси билан Қатар дунё миқёсидаги тадбирлар ўтказиладиган йирик марказлардан бирига айланди.

 

Бунга 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган халқаро футбол чемпионатини мисол қилиб келтириш мумкин. Шайх Моза Қатар амирининг уч рафиқасидан бири бўлса-да, у мамлакатнинг биринчи хоними ва Араб дунёсининг қудратли аёлларидан бири ҳисобланади.

Амира Ал-Тавил – Саудия Арабистони маликаси

Малика Амира Ал-Тавил 1983 йилда таваллуд топган. У 18 ёшида ўша пайтлардаги Саудия Арабистони қиролининг жияни шаҳзода Ал-Валид ибн Талалга турмушга чиққан. Амира бўлажак турмуш ўртоғи билан талабалигида, журналистлик топшириғини бажараётганда танишиб қолган. У оилали бўлгандан кейин ҳам ўз қизиқишларини ташлаб қўймади, хайрия ишлари билан фаол шуғуллана бошлади. Очлик, қашшоқлик билан курашишдан, Шарқ аёлининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан чарчамади. У “Революция эмас, эволюция” деган чақириқни ўзига шиор қилиб олди. Аммо қироллик оиласи унинг бу ҳатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламади ва унинг турмуш ўртоғига агар Амира шу тарзда давом этадиган бўлса, шафқатсизларча жазолашларини шама қилди. Амиранинг машина ҳайдаши ҳам уларнинг кўнглига ўтирмади.

У жамоат жойларида анъанавий араб аёллари киядиган кийимни рад этган илк маликалардан биридир. Амира 2013 йилда шаҳзода билан ажрашганига қарамай, халқ уни ҳамон Саудия Арабистони маликаси деб ҳисоблайди.   

Лалла Салма — Марокаш қироли Муҳаммад VI нинг рафиқаси

Лалла Салма расман малика деб юритилса-да, у қирол Муҳаммад VI нинг рафиқаси ва Марокашнинг биринчи хоними ҳисобланади. Лалла — ҳақиқий Шарқ Золушкасидир. У уч ёшга тўлганда онаси вафот этган, отаси мактабда оддий ўқитувчи бўлаби ишлаган. Лаллани бувиси вояга етказган. У инженерликка ўқиган ва Omnium Nord Africain компаниясига амалиёт ўташ учун борган. Қироллик оиласи ҳам шу компаниянинг акциясига эга бўлган. 1999 йилда ўтказилган кечалардан бирида бўлажак турмуш ўртоғи билан танишиб қолган. Лалла қиролича Рания билан дўст тутинган. У ҳам Раниянинг изидан бориб, араб аёлларини замонавийликка – тил ўрганишга, машина бошқаришга, спорт билан шуғулланишга, албатта замондан орқада қолмай модани кузатишга ундайди.

 

    Бошқа янгиликлар