Бухоро аэропортида «Трамадол»ни яшириб, олиб келган тожикистонлик фуқаро ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида Бухоро аэропорти чегара божхона постига Душанбе–Бухоро йўналишидаги авиарейс билан Ўзбекистон ҳудудига кириб келган тожикистонлик фуқаро божхона назоратидан ўтказилган. Текширув давомида унга тегишли бўлган қора рангли сумкада турли хилдаги дори воситалари топилган.
Хусусан, саккизта конвалютада жами 80 дона, «Антикамень» дори қутининг флакони ичида кўк ва оқ рангли «Трамадол» гиёҳвандлик воситасига ўхшаш 71 дона, оқ ва қизил рангли капсула кўринишдаги 98 дона, яшил рангли капсула кўринишдаги 6 дона, оқ ва жигар рангли капсула кўринишдаги икки дона, «Сомнол Зопиклон 7,5 мг» ёзувли етти дона таблетка, бир дона «Active» ёзувли, бир дона «Меколь» ёзувли, бир дона «Тридокс» ёзувли маз кўринишидаги сиқма плафонлар борлиги аниқланган.
Шунингдек, қўл сумкаси ичидан тўрт дона «Трамадол» психотроп таблеткаси, араб алифбосидаги ёзувлари бўлган брошюра, пайпоқлари орасидан уч дона полиэтилен бўлагига ўралган, қорамтир рангли, юмшоқ-смоласимон, гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда, хотирасида Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган диний мазмундаги аудио ва видеолавҳалар бор бўлган «Gаlaxy A50» қўл телефони аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контарабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






