21–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳарорат ўзгариб туради. Ҳафта бошида айрим вилоятларда ҳаво 28 даражагача исиши кутилса, кейинги кунларда ҳарорат пасаяди. Шунингдек, айрим ҳудудларда кучли шамол ва чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 21 ноябрь куни айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. 22–23 ноябрь кунлари ҳам баъзи жойларда ёғингарчилик кутилмоқда. 24–28 ноябрь кунлари эса ёғингарчилик бўлмайди. Кундузи ҳарорат 21–23 ва 25 ноябрь кунлари 13–18 даража, 24 ноябрда 10–15 даража, 27–28 ноябрда 5–10 даража илиқ бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида 21 ноябрь куни айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. 22–28 ноябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 21–23 ноябрь кунлари шамол тезлиги 13–18 метргача кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин. 22–23 ноябрь кунлари кундузги ҳарорат 22–27 даражагача кўтарилади. 24–28 ноябрь кунлари эса 10–15 даражагача пасаяди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 21 ноябрь куни айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. 22–28 ноябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 21–23 ноябрь кунлари шамол тезлиги 13–18 метргача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон кўтарилиши мумкин. Кундузи 22–23 ноябрь кунлари ҳарорат 20–25 даража, 27–28 ноябрь кунлари эса 8–13 даража илиқ бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 21 ноябрь куни айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Кейинги кунларда ёғингарчилик кутилмайди. 22–23 ноябрь кунлари кундузги ҳарорат 23–28 даражагача кўтарилади. 26–28 ноябрь кунлари эса 12–17 даражагача пасаяди.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 21–28 ноябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5–10 метр тезликда эсади. 21–26 ноябрь кунлари кундузи ҳаво 13–18 даража, 27–28 ноябрь кунлари эса 8–13 даража илиқ бўлади.
Республиканинг тоғли ҳудудларида эса 21–28 ноябрь кунлари вақти-вақти билан ёмғир ва қор ёғиши мумкин. 28 ноябрга келиб тунги ҳарорат 0–5 даража совуққача, кундузги ҳарорат эса 2–7 даража илиққача пасаяди.
Ҳудудларнинг аксариятида ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7–12 метр тезликда эсади. Бухоро, Навоий, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 21–23 ноябрь кунлари шамолнинг тезлиги 13–18 метргача кучайиши мумкин.






