АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистоннинг уч ҳудудида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.

'Ўзбекистоннинг уч ҳудудида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди'ning rasmi

Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Ҳолатлар бўйича бир неча шахс ушланиб, жиноят ишлари қўзғатилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, мамлакат бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари давомида бир қатор ноқонуний ҳаракатлар фош этилган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ДХХнинг вилоят бошқармаси, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994 йилларда туғилган икки шахс ушланган. Улар 1 килограмм 950 грамм опийни шартли харидорга 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган. Мазкур гиёҳвандлик моддаси мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилгани айтилмоқда.

Хоразм вилоятида эса 1999 йилда туғилган шахс Урганч туманида вақтинча яшаб турган хонадонидан чиққанида тўхтатилган. Шу пайтда унинг яқин таниши бўлган аёл хонадон деразасидан ташқарига селлофан пакет ташлаган.

Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида пакетдан ушбу шахсга тегишли 715 грамм гашиш, 0,92 грамм мефедрон ҳамда таркибида прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган “PGN 300” номли 23 дона дори воситаси топилган.

Қашқадарё вилоятидаги “Умакай” йўл-патруль хизмати масканида эса Сурхондарёдан Тошкентга ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомобиль тўхтатилиб текширилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Денов туманида яшовчи 1996 йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 грамм опий ва 127 грамм гашиш аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Қайд этилишича, барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқатилиши билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Бунда хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар