АсосийSUG'DIYONA

Иродаси кучли аёлнинг бахтига тўсқинлик қиладиган 5 нотўғри фикр

Кучли ирода — ҳар қандай жинснинг муваффақиятга эришишида катта роль ўйнайди. Аммо у қолип, андаза бўлиб қоладиган бўлса, баъзан инсоннинг ўсишига, ривожланишига тўсқинлик қилади. Қуйида уларнинг энг асосийлари ҳақида сўз юритамиз.

“ЎЗИМ ЭПЛАЙМАН”

Кучли аёллар ҳаётда учраган барча қийинчиликларни ўзлари енгишга ҳаракат қилишади, чунки бу вазифани улар бошқаларга ишонмайди.

Масалан, “Чамадон оғир бўлсаям, ўзим кўтараман, бировга берсам тушириб юбориши мумкин”, “Компьютер бузилди, уста қачон келади, яхшиси уни ўзим тузатишга ҳаракат қилиб кўраман”. Бу ҳалиям ҳамма нарсани ўзим бажара оламан дегани эмас, агар розеткани, сумкани ва ҳоказоларни ҳам ўзим тузатаман дейдиган бўлса, бу муҳокама этилмайди. Бунинг хавфли жойи шундаки, эртами кечми бир кун ҳамма нарсадан чарчайсиз, елкангизга ортилган юкнинг залвори эса кундан-кунга ошаверади.  

Хулоса: Вазифангизнинг озгина қисмини бўлса ҳам бошқа бировларнинг елкасига юкланг. Аввалига муҳим бўлмаган вазифаларни бажаришни илтимос қилиб кўринг.

“БУНИ МЕН БОШҚАЛАРДАН КЎРА ЯХШИРОҚ УДДАЛАЙМАН”

Бу фикрга рақиблик, ғалабага эришиш истаклари қоришиб кетган.

Масалан, “Мен буни бошқалардан кўра яхшироқ эплайман, чунки мен энг керакли ва билимдон ходимман. Менинг ўрнимни ҳеч ким босолмайди”. Бу фикрда бўлган раҳбар аёл ходимларига ишонмай, барча вазифани ўзлари бажаришга ҳаракат қилишади ва юқорида келтирилган вазият вужудга келади.

Хулоса: “Нима учун бошқалардан зўр бўлишим керак? Шунча ишни бажарганимдан менга нима фойда? Нега мен бошқалар учун ишлашим, улар чой ичиб, дам олиб ўтиришлари керак?” деган саволга жавоб топиши лозим.

“ФАҚАТ МЕНДАН КУЧЛИЛАРГИНА ҲУРМАТГА ЛОЙИҚ”

Бундай аёллар бирор киши билан танишадиган бўлса, уларни биринчи навбатда “кучли ва кучсизга” ажратиб олади.

Масалан, “Қани, ҳозир кўрамиз ким зўр экан? Агар мени қувиб солса мен уни ҳурмат қиламан. Агар барча айтганларимни итоатсиз бажарадиган бўлса, аммамнинг бузоғи экан”. Бошқаларда фазилат ва қобилиятларни кўрмаслик, фақат жисмоний кучни ҳурмат қилишга олиб келади. “Мабодо штангни бир силкишда кўтара олсам, демак мен зўрман, кучимни кўрсата олмасам, ҳурматга нолойиқман”, деган фикр туғилади. Ҳаётда штанг кўтаришдан ҳам қизиқроқ бошқа машғулотлар кўп.

Хулоса: Инсонларда “кучли-кучсиз” томонлардан кўра бошқа муҳимроқ жиҳатлар ҳам борлигига эътибор беринг. Ташқи томондан “кучсиз” кўриниш, унинг ҳақиқатан ҳам кучсиз эканлигини исботламайди, балки у андиша қилиб, одоб сақлаётгандир. Ҳар қандай шароитда ҳам хотиржамлигини йўқотмайдиган, ақлли ва сабр-бардошли инсон жисмонан кучли одамдан кўра минг бора кучлироқдир.

“ЎЗИМДАН КУЧЛИРОҚ ЭРКАККАГИНА БЎЙСУНИШИМ МУМКИН”

Ахир ҳамма эркаклар ожиз ва заифа аёлларни севишади, тўғрими? Аслида бу нотўғри фикр, уларнинг дидлари ҳар хил. “Ҳамма эркаклар” ва “Ҳамма аёллар” деган тушунчанинг ўзи йўқ. Кимгадир нозик-ниҳол, сал қўпол муносабатдан ҳушидан кетадиган аёл ёқса, кимгадир нигоҳлари билан душманни тор-мор қиладиган аёллар ёқади.

Кучли аёлларда аёллик фазилатлари бўлмайди, деган тушунча тўғрими? Афинанинг антик жангчи-илоҳаси Артемида ҳайкалига эътибор беринг. Наҳотки унда аёллик хусусиятлари бўлмаса? Инсон ўзида бўлмаган фазилатларни жуфтидан излайди. Шунинг учун кучли аёлларга ўзига ишонмайдиган, уятчан ва тортинчоқ эркаклар интилади. Кучли эркаклар уларнинг озодлигига, эркига рахна соладиган одам бўлиб туюлиши мумкин. Дунё икки қисмга бўлинади, унинг биринчи қисмида кучли эркакларга ожиз кўриниб, кучли томонларингизни яширишингизга, иккинчи қисмида эса бўшроқ эркакларга раҳнамолик қилишингизга тўғри келади. 

Хулоса: Умуман инсонларни кучли ва кучсизга ажратишдан воз кечиш лозим, танишувнинг илк кунларида ким билан қандай муносабатда бўлишни аниқлаб олиш лозим.

“ЁРДАМ СЎРАСАМ, УЯТ БЎЛАДИ”

“Ёрдам сўраш ожизлик белгиси, у обрўйимга путур етказиши, мени ҳурмат қилмай қўйишлари мумкин”.

Хулоса: Айни вақтда ёрдамга муҳтожлигингизни тан олинг. Бошқаларнинг ёрдамини қабул қилиш, улар билан бир битимга келиш ҳам инсоннинг кучидан дарак беради. Жанна д’Арк қўшин йиғмаганда ҳеч қачон ғалабага эриша олмаган бўларди. Ҳеч кимдан кўмак кутмай, барча вазифани ўзингиз бажарадиган бўлсангиз, сизнинг байроғингиз тагига ҳеч ким тўпланмайди ва сиз ёлғиз жанг қилишга мажбур бўласиз. Ёлғизлик эса мағлубиятга олиб келади.

    Бошқа янгиликлар