Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон РАҲИМОВнинг маълум қилишича, 2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-торож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. 2 йилда прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилишга оид протест киритилган. Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларининг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Янги қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони мазмун-моҳиятига кўра, ана шу каби адолатсизликлар, қонунбузарликларга чек қўя оладими? Масъуллар шарҳларидан бу саволга жавоб топамиз.
ЯНГИ ТАРТИБ: НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?
Русланбек ДАВЛЕТОВ, Адлия вазири:
— Президент Фармонига кўра, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар белгиланди. Масалан:
БИРИНЧИДАН, ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда. Яъни, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари биланер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилмоқда, бунда хусусий сектор учун – мулк ва ижара ҳуқуқини, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқини қолдириш назарда тутилди.
ИККИНЧИДАН, ноқишлоқ ерларни шаффоф ажратиш мақсадида қуйидаги тартиблар белгиланди:
- ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётини бутунлай бекор қилиш;
- Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга – ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотиш;
- ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар ерларни тўғридан-тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш;
- жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерларни ҳақ эвазига хусусийлаштириш.
УЧИНЧИДАН, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда ерни барчафуқаро ва ташкилотларга очиқ танлов асосида бериш (амалда МЧЖ, деҳқон хўжаликларига танловсиз берилади).
ТАНЛОВСИЗ ЕР БЕРИШ АМАЛИЁТИ ҚАЙСИ ҲОЛЛАРДА САҚЛАБ ҚОЛИНАДИ?
— Танловсиз ер бериш фақат Ҳукумат қарори асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланган йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига – лойиҳа қиймати камида 10 млн. АҚШ доллари бўлганда ва олдиндан камида 10 фоизини депозитга қўйганда (бунда чет элликларга ижара муддати 25 йилдан ошмаслиги лозимлиги белгиланмоқда);
- боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари тузиш, ёрдамчи қишлоқ хўжалиги юритиш учун ер бериш тартибини бекор қилиш;
- янги ажратиладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони ўлчами ва ижара муддатини бугунги кун талаблари асосида белгилаш кўзда тутилган.
МАЗКУР ЎЗГАРТИРИШЛАР ОРҚАЛИ ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИШ МУМКИН?
Янги тартибнинг жорий қилиниши билан:
- ерларни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш кескин камаяди;
- ерлар барча учун бир хил ва шаффоф тартибда ажратилади;
- ер бозор активига айланади ва молиявий оборотга киради;
- ер ажратиш тартиби ягона ҳужжат – Ер кодексида белгиланади;
- ер соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратининг самарадорлиги ортади.
ФАРМОН НЕГА ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИГА ҚЎЙИЛМАДИ?
— Бунинг сабаби, агар Фармон эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда, айрим ноқонуний жараёнлар бирдан кучайиб кетиш эҳтимоли мавжуд эди. Шунинг учун орқа фонда, Бош прокуратура назорати остида қабул қилиниши мумкин бўлган қарорларни тўхтатиб туриб, мораторий эълон қилиб, шу йўсинда ушбу Фармон қабул қилинди. Давлат миқёсида ерлар талон-торож қилинмаслиги мақсадида шундай ёндашув қилинди, бироқ жавобгарлик бўйича қонун муҳокамаси жамоатчиликка тақдим этилди ва жуда яхши кутиб олинди. Унда барча механизмлар батафсил ёзилган.
АУКЦИОН ОРҚАЛИ ЕР АЖРАТИШДА ИНСОН ОМИЛИ ҚАНЧАЛИК САҚЛАНИБ ҚОЛИНАДИ? — Инсон омилини тўлиқ йўқотиб бўлмайди. Уни максимал даражада минималлаштириш мумкин. У қаерларда сақлаб қолинади? Биринчи, ер аукционга чиқарилади, деганда инсон омили сақланиб қолади. Чунки ерни кимдир аукционга чиқариш керак.
Бугунги кунда бунинг муаммоли бўлган жойлари бўлган.
Масалан, айрим туманларда ерлар аукционга чиқарилмаган. Нимага? Чунки тўғридан-тўғри ерни ажратиш имкони бўлгандан кейин яхши ерлар шу тарзда тўғридан-тўғри ажратилган. “Ёшлар келажагимиз” дастури учун, дейилган. Маҳаллага гузар қўйиб бериш учун, дейилган. 1 сотих жойига маҳалла гузари қуришади-да, буёғида 20 сотих жойни чиройли жойдан бериб юборади. Ёки ҳеч ким олмайдиган, узоқ ерлардан қўйилган аукционга. Масалан, аукционга 26 мингта ер чиқарилган бўлса, шундан 14 мингтаси сотилган. Бундан давлат ҳисобига 270 миллиард сўм пул тушган. Олдин шу пул ҳам тушмаган. 2020 йил 1 январдан аукционда ер сотиш йўлга қўйилган бўлса, ёмон эмас бу рақам. Лекин бизнинг прогнозларимизга асосан мутасаддилар ерни аукционга чиқаришга мажбур бўлишади. Чунки тадбиркорлик, сервис, ривожланиш талаб қилингандан кейин улар ерни аукционга чиқаришига тўғри келади. Аукционга чиқарилгандан кейин қолган жараёнлар 100 фоиз автоматлаштирилган:
- иштирок;
- ҳужжатни расмийлаштириш автомат;
- ер бўйича ҳоким қарор расмийлаштирмайди. Яъни автоматик равишда инсон омилисиз ҳужжат расмийлаштирилади.
"ЖАВОБГАРЛИК КЕСКИН КУЧАЙТИРИЛДИ"
Шавкатжон РАҲИМОВ, Бош прокурор ўринбосари:
— Ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кескин кучайтирилди.
Хусусан:
- ноқонуний эгалланган ерлар тўғрисида хабар бермаслик, уларда қурилган иморатларни коммуникация тармоқларига улаб берганлик учун янги маъмурий жавобгарлик киритилди;
- суғориладиган ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахслар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади (амалда жавобгарлик маъмурийдан кейин белгиланган);
- ер соҳасида барча маъмурий жарималарни тайинлаш ваколати кадастр органларига ўтказилади;
- ерни ноқонуний сотганлик учун янги жиноий жавобгарлик киритилди.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ, “Даракчи” газетаси 24 (1151) 17 ИЮНЬ 2021 Й