АсосийSport

“Локомотив”нинг ҳамкори “Флитвуд Таун” вакили Тошкентга келди

Кеча Англиянинг “Флитвуд Таун” футбол клуби вакили Стив Беллис хизмат юзасидан Тошкентга ташриф буюрди. 

2015 йилда “Локомотив” ҳамда “Флитвуд Таун” ўртасида расмий ҳамкорлик имзоланган бўлиб, бундан кўзланган мақсад ўзбекистонлик ёш иқтидорли футболчиларни Англияда малака оширишини таъминлаш учун қўйилган дастлабки қадам бўлганди.

Ушбу ҳамкорликнинг илк самараси ўлароқ ўтган йилнинг кузида “Локомотив”нинг икки футболчиси, дарвозабон Рустам Нартажиев билан ҳимоячи Сергей Прохоров “Флитвуд Таун”да уч ойлик малака ошириб қайтганди. Ва ҳар иккала футболчи ҳам айнан европалик мутахассисларнинг кузатувидан сўнг уларнинг таклифига биноан Туманли Альбионга йўл олишганди. Маълумот учун Тошкентга ташриф буюрган Стив Беллис мазкур клубнинг “Халқаро бўлими”да фаолият юритади ҳамда хориж клублари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида иш олиб боради. Бундан ташқари, бу мутахассис бунгача Англиянинг бошқа бир клуби “Эвертон”да консультант бўлиб ишлаган.

Стив Беллиснинг Тошкентга ташрифидан кўзланган мақсад, “Локомотив” ҳамда “Флитвуд Таун” ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, “Локомотив”нинг Англияда ёзги ўқув-йиғин машғулотини ўтказишни таъминлаш, Европа клублари билан ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, “Локомотив”га англиялик мутахассисларни жалб қилишда яқиндан ёрдам бериш, ўзбекистонлик футболчиларнинг юксак савиядаги ўйинчи бўлиб етишиши учун хорижда фаолиятини йўлга қўйишда кўмак бериш ва бошқа масалалар ўрин олган. Биз воқеалар ривожи билан батафсил таништириб борамиз. Англиялик меҳмон бугун бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Филиппин ўйинига ҳам ташриф буюради.

Бошқа янгиликлар