АсосийJamiyat

Тошкентда инглиз тилида биринчи халқаро ёшлар саммити ўтказилди

Бугун Тошкентнинг “Ёшлар ижод саройида” “Бизнинг қадриятлар – келажагимиз пойдевори” мавзусидаги халқаро ёшлар саммити иш бошлади.

Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмасининг Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси – YLDP томонидан 27 мартга қадар  “Ёшлар ижодиёт саройи”да Ўзбекистон ёшларининг “Бизнинг қадриятлар – келажагимиз пойдевори” мавзусида Халқаро ёшлар саммити доирасида  ўтказилмоқда.

Ушбу ёшлар саммити инглиз тилида ўтказилаётган биринчи катта саммит ҳисобланади. Саммитнинг асосий мақсади - республика ёшларининг миллий қадриятлар ва анъаналарини асрашдаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган.

Тадбир доирасида ёшлар инглиз тилида саммит мавзуига оид экспертлар фикрларини ўрганишади ҳамда бир-бирларини қизиқтирган турли мавзуларда фикр алмашади. Мазкур анжуманга 400 га яқин ёшлар жалб этилган. Унда ёшлар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Миллий туризмнинг аҳамияти”, “Соғлом оила – соғлом жамият пойдевори”, “кийиниш ва муомала маданиятининг долзарблиги”, “Иқтисодий тараққиётнинг ўзбек модели”, “Атроф-муҳит муҳофазаси ёшлар нигоҳида” каби мавзулар бўйича семинар-тренингларда иштирок этишади. Саммитнинг 2-кунида ёшлар  ижтимоий лойиҳаларни тақдим этиб, гуруҳлараро куч синашади. 

Халқаро ёшлар саммити доирасида миллий қадриятлар кўргазмаси, маҳорат дарслари, шунингдек, эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастурлари ўрин олган.

Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси қошидаги Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси - YLDP 2014 йилнинг февраль ойида ташкил этилган. Шу кунга қадар лойиҳа томонидан республика иншолар танлови, инглиз тилида иш ҳужжатларини юритиш ва ёзма нутқни шакллантиришга қаратилган “Ёзма нутқ ҳафталиги”, ўнлаб тўгараклар йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

    Бошқа янгиликлар