31 июль куни Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ер – умуммиллий бойлик, Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидандир.

Соҳалардаги кенг кўламли ўзгаришлар ер ва унга боғлиқ ресурсларнинг аниқ ҳисобини юритиш, улардан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Муҳокама қилинган Қонун билан 6 та кодекс ҳамда 12 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан,
Биринчидан, қонунларда асосий тушунчалар акс эттирилган алоҳида модда билан тўлдирилмоқда.
Иккинчидан, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш ҳамда ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини ким ошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш каби ваколатлари бекор қилинмоқда.

Учинчидан, юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган доимий эгалик қилиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, шунингдек, жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари чиқариб ташланмоқда.
Тўртинчидан, ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун асос бўлувчи ҳолатлар ва ижарага бериш муддатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Бешинчидан, Қонун билан аниқ белгиланган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан
тўғридан-тўғри ажратишга рухсат берилмоқда.
Олтинчидан, ер участкаларини ажратиш ва улардан оқилона фойдаланиш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги механизми жорий этилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик соҳасидаги ер муносабатлари янада такомиллаштирилади;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар мақбуллаштирилади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, айниқса, суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш таъминланади;
ер участкаларини беришда шаффофлик ва очиқлик таъминланади ҳамда инсон омилига боғлиқ коррупция ҳолатлари камаяди;
фуқароларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратиш тизимига нисбатан ишончи ортади;
ер ажратишда ягона шахс томонидан қарор қабул қилиш механизми тугатилади ва ерга нисбатан мулкчилик ҳуқуқи мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.






