Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган ҳудудий ҳокимликлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари томонидан иш вақтидан ташқари вақтлардаги ва айрим ҳолларда дам олиш кунлари йиғилишлар ташкил этилаётганлиги тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг баёнотига кўра, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик, ва ташкилотларга ходимларни ишдан ташқари вақтда ҳамда дам олиш кунлари ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.
️Вазирлик барча ишчи ходимларга иш вақтидан ташқари вақтлардаги йиғилишлар, видеоселекторларга қатнашиш бу ихтиёрий эканлигини ҳамда ходимлар йиғилишларга қатнашмаган тақдирда иш берувчи томонидан бирон бир интизомий жазо қўллаш мумкин эмаслигини эслатиб ўтди.
️Таъкидланишича, Давлат меҳнат иснпекциясига йиғилишларда мажбуран иштирок этган ходимлар томонидан мурожаат келиб тушмаган.






