АсосийJamiyat

Буйрак трансплантациясини қачон амалга ошириш мумкин?

'Буйрак трансплантациясини қачон амалга ошириш мумкин?'ning rasmi

ССВ Матбуот хизмати буйрак трансплантацияси бўйича маълумот берди.

Саволларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев жавоб берди:

—  Касалликнинг қайси даражасида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилади?

—  Буйрак етишмовчилигининг ривожланганлик даражаси беш босқичга бўлинади. Хасталик бешинчи даража — терминал босқичгача етган бўлса, яъни буйрак фаолияти кескин пасайиб кетиб, организм талабларига тўлиқ жавоб бера олмай қолса ва бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга монелик қиливчи омиллар бўлмаса, буйрак трансплантациясини амалга ошириш зарур.

Умуман олганда, сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичида беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун буйракнинг ўрнини босувчи терапияси амалга оширилади.  

Бу терапия гемодиализ, перитонеал диализ ва буйрак трансплантациясини ўз ичига олади. Буйрак трансплантациясининг қолган иккита муолажадан афзаллиги шундаки, беморнинг умр кўриш давомийлиги 1,5-2 бараварга ошади.

Гемодиализда бемор сунъий буйрак аппаратига боғлиқ бўлиб қолади, ҳаракатланиши чекланади, ҳаёт сифатлари бузилади. Бундан ташқари, гемодиализ муолажаси анча қиммат процедура ҳисобланиб, дори-дармонлари, диализатор аппаратларига сарфланадиган харажатлардан кўра, буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бир неча баробар арзонроқ ҳам бўлади.

Буйрак трансплантацияси болалар учун “танланган усул”дир. Яъни гемодиализ муолажасининг болалар жисмоний ривожланишига катта зарар етказиши ҳисобга олиниб, уларда кўпроқ буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини танлаш маъқул кўрилади.

Иммунодепрессант ва гормонал дори воситалари қабул қилгани сабабли буйрак трансплантациясини бошидан кечирган беморларнинг иммунитети пасаяди.  

Шунинг учун, бундай беморлар ҳаво-томчи йўллари орқали юқувчи ўткир респератор ҳамда грипп касалликларини юқтириб олишдан сақланишлари, мўтадил ҳароратдаги суюқликларни истеъмол қилиши, бадан тарбия ва соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилиб яшашлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, буйрак кўчириш амалиётидан кейин беморларга тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, ностероид яллиғланишга қарши дори воситалари, антасидлар, биологик фаол қўшимчалар истеъмол қилиш, оғир спорт турлари ва меҳнат билан шуғулланиш тавсия қилинмайди.

—  Буйрак трансплантацияси соҳасида Ўзбекистон қандай салоҳиятга эга?

—  Давлатимиз раҳбарининг 2018-йил 12-июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг мамалакатимизда нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.  

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази,  академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик маркази  ҳамда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириш амалиётини бажаришга рухсат берилди.  

Бундан ташқари, ҳозирги кунларда вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам буйрак трансплантацияси амалга ошириб келинмоқда. Охирги 3 йил давомида мамлакатимизда 400 га яқин буйрак кўчириш билан боғлиқ мураккаб  жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Айни пайтда марказимизда таъмирлаш ишлари тугатилган янги тиббиет муссасаси барпо этилди, хозирда замонавий тиббий техник жиҳозлар кўпайтириб, трансплантация фаолиятини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.  

2022-йилдан  ушбу тиббиёт муассасасида буйрак ва жигар трнасплантациясини амалга ошириш мумкин бўлади ва бунинг натижасида, мамлакатимизда амалга ошириладиган буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари икки баробарга кўпаяди.

Шу йўналишдаги кадрларимиз сони ва сифатини ошириш мақсадида жаҳоннинг тиббиёт соҳасидаги етакчи ҳисобланган Ҳиндистон, Россия, Туркия, Япония каби давлатлар билан ҳамкорлик, меморандум шартномалари имзоланган. Унга кўра, ана шу давлатларга ёш мутахассисларимизни малака ошириш учун режали равишда юборишимиз мумкин бўлади.

    Бошқа янгиликлар