1

Юрагимда сақлаганларим: “Кўча — хандон, уй — зиндон” эримни қандай ўзгартирай?

МУТОЛАА 31.03.2016, 16:34
Юрагимда сақлаганларим: “Кўча — хандон, уй — зиндон” эримни қандай ўзгартирай?

Таҳририятга келаётган мактубларнинг аксариятида ибратли, сабоқ бўладиган воқеалар акс этган. Уларни ўқий туриб ўйга толасан, киши. Ушбу хат ҳам ана шундайларидан бири. Исмини сир тутишимизни сўраган, қашқадарёлик мухлисамизнинг ҳаёти барчамизни мулоҳазага чорлайди...

Баъзида халқимизнинг донолигига таҳсин ўқийман. Айрим гапларни шундай топиб айтганки, беихтиёр сергакланасан. Масалан, “Кўча — хандон, уй — зиндон” мақоли жуда топиб айтилган. Айниқса, менинг турмуш ўртоғимга нисбатан...

У билан турмуш қурмасимиздан аввал ҳам бир жойда ишлардик. Шунақа хушмуомала, мулойим ва ширинсўз йигит эдики, гаплашган қиз маҳлиё бўлганини ўзи ҳам билмай қоларди. Мен тарихдан дарс берар, у эса мусиқа ўқитувчиси эди. У ўқувчиларга сабоқ бериш билан бирга тўй-томошаларда ҳам қўшиқ айтиб даромад қиларди. 

Мактабдаги барча аёл ўқитувчилар уни оғзидан бол томиб мақтар, эркаклар эса уни ёқтиришмасди.

—  Кўпчилик мени кўролмайди.  Чунки мен улардан кўпроқ пул топаман. Ойликка қараб ўтирмайман. Баъзилар боласи бўй етиб энди уй қураяпти, менинг эса мана ҳали уйланмай туриб, ўз уйим бор, — дерди у эркакларнинг муносабатини изоҳлаб. — Таъмирласам бўлгани. Кейин уйланаман...

Очиғи, унинг “уйланаман” деган гапи кўпчилик қизларнинг юрагига чўғ солган бўлса керак. Уйли-жойли, ҳатто машина олиш учун ҳам пул жамғараётган, мустақил фикрли, келишган йигитни ким орзу қилмайди дейсиз? Тағин доим тилидан бол томиб курса, ширинсуҳан бўлса...

Борган сари унинг тўй ҳақидаги гаплари кўпаяр, бу менинг ғамимга ғам қўшарди. Эшитганман, айрим сурбет қизлар уни то уйигача қидириб келганмиш. Телефони эса бир дақиқа ҳам тинмасмиш...

Ич-ичимдан унга нисбатан майл сезсам-да, буни ташимга чиқармас, бошқаларга ҳам асло билдирмасдим. Лекин у негадир охирги пайтларда мен билан гаплашишга ошиқар, танаффус бўлиши билан ёнимга келишга интиларди. Пайдо бўлиши билан қизғин суҳбатга киришиб кетарди. Унинг гурунги ҳам қизиқ эди.

—  Тўйлар ҳангомага бой-да. Ҳар тўйда ҳар хил мода чиқади. Ёқа ушлайсан. Бир ҳафта олдин борган тўйимда, келин-куёв ресторанга кираётганида гулбарг сочишувди бошларидан. Худди Ҳиндистондагидек. Кейин оёқлари остидан тутунга ўхшаш нарса пуркайдиган бўлишди. Кечаги борган тўйимда эса куёв келинни ресторанга кўтариб кирди. Ҳар бало чиқаради, бу одамлар. Ҳар куни ўзгартиришади, анъаналарини. Келин дугона, куёв жўраларни айтмайсизми? Улар ҳам бир-бирига шарт қўйиб, ҳар бало қилишади. Ўтган куни бир келин дугона билан куёв жўра рақс тушиб мусобақалашганди, кеча борган тўйимда куёвнинг ёнида турган йигит келининг ёнидаги дугонасини микрофонда эълон қилиб, шеърий баҳсга чорлади. Тўғри, баъзида бу кутилмаган ҳодисалар билан тўйлар зўр ўтади. Лекин баъзилари бачканалашиб кетади-да! — дерди у ҳар кунги тўй таассуротларини бўлишиб. — Ресторанларда бўлаётгани ҳам менга ўхшаганларга яхши. Аввалгидек ёзни кутиб ўтирмайман. Ҳар куни бир-икки сўм бор-да!

Буни қарангки, у суҳбатлаша-суҳбатлаша кутилмаганда совчи юборди. Ҳатто ўзимга айтгани ҳам йўқ. Бундан хурсанд бўлишимни ҳам, хафа бўлишимни ҳам билмасдим. Сабаби, қўшни қишлоқдан қатнаб дарс бераётганим сабаб оиласини яхши билмайман. 

У совчи юборгани ҳақида ишхонадагиларга ҳеч нарса демагач, менам индамай қўя олдим. Ота-онам ўзича суриштирган бўлди-да, мендан сўраб ҳам ўтирмай розилик беришди.

—  Бирга ишлайсан, ораларингда бир гап бордирки, сенга совчи юборган, — дея ўз ишларини оқлади онам. 

Шу билан фотиҳамиз белгиланадиган бўлди. Ана шундан кейингина у мактабга келиб бу ҳақда сўз очди.

—  Шунга тегяпсизми? — пешанаси тиришди ёши каттароқ ўқитувчиларимиздан бирининг.

—  Жуда яхши қизсиз, болам. Сал суриштирмабсиз-да. Ҳар ҳолда биз уни ўқитганмиз, — деди бир эркак ўқитувчи ҳам. 

Хуллас, фотиҳамиз ишхонадаги фақат ёш аёл ҳамкасбларимни хурсанд қилди. Қолганлар эса бош чайқашди. Бундан албатта, дилим ғашланди.

Лекин ўзим кўп суҳбатлашганим, бирор ножўя ҳаракати ва гап-сўзини билмаганим учун бахтли бўлишимга ишондим. 

Афсуси, тўйимизнинг эртасигаёқ унинг асл башараси намоён бўла бошлади.

—  Уйланибсиз деб эшитдим, энди мен нима қиламан? Бизнинг қишлоққа тўйга ҳам келмай қўйдингиз? — дея йиғлаб телефон қилди бир қиз. 

Тушунмаганим - эрим қизнинг қўнғироқ қилаётганини била туриб, телефонни овоз кучайтиргичга қўйди. Яна мени бор ҳам демай, жавоб берди:

—   Икки кундан кейин қишлоқларингда “заказ”им бор. Учрашамиз, асалим...

Аввалига мен буни синов деб ўйладим. Шунчаки менинг рашк қилиш-қилмаслигимни билиб олмоқчи, дея ўзимга тасалли бердим. Йўқ, у деярли ҳар куни шундай қила бошлади. Ҳар куни турли қишлоқлардан бошқа-бошқа қизлар қўнғироқ қилар, алданганини айтиб хафа бўларди. Эрим эса ҳеч нарса бўлмагандек, уларга ширин гапиришда давом этарди:

—  Нима қилай жоним? Ота-онамга қарши бора олмадим. Аммо муҳаббат сўнмайдиган туйғу. Сени кўриб туришимнинг ўзи ҳам менга далда беради. Ҳали учрашамиз!

Бир ҳафтача миқ этмай юрдим. 

“Энди гапираман, ичимга ютмайман, қадрим йўқми? Мен кимман, ўзи?” дея ёрилай-ёрилай деб юрганимда эримнинг ўзи тилга кириб қолса денг.

—  Ҳа-а-а! Шунчалик бепарвомисан? Сен учун зиғирчалик аҳамиятга эга эмасманми? Эр ўрнида кўрмайсанми, ё? — дея менга иддао қила бошлади. 

—  Нега бунақа деяпсиз? Нима қилдим, мен? — росмана ҳайрон бўлдим.

—  Шунча қиз билан гаплашдим, тўпиғингга ҳам келмади. Нима, ё бошқаси борми ҳаётингда! Фақат уни ўйлаб, мен ҳушингга ҳам келмаяпманми? — шундай дея у томоғимдан бўғиб олди. — Айтиб қўяй, ўзингни катта олма! Тумшуғингни кўтарма, менга! Хоҳласам, ҳозир сени қўйиб юбориб, ўша қизлардан бирини олишга қурбим етади. Айт, ким бор миянгда? Нима учун бунча лоқайдсан, менга?

—  Ахир нима дей? Сиз билан энди яшаб турган бўлсам?! Бир ҳафталик келинчак жанжал чиқармайман-ку! Инсофни ўзингизга берсин! — дедим қўрққанимдан йиғлаб юборарканман.

—  Менга инсоф тилама! Ўзингни бил! Тушундинг! Мен шунақаман! Кўнглим тусаган ишни қиламан! Сенинг вазифанг — хотинлигингни қил! Уйни саражомла, келганимда уйғоқ бўл, овқат тайёр бўлсин! Кийимларим ҳар доим тахт турсин!

“Шундоқ ҳам бу юмушларни қилаётган бўлсам, нега бунақа қилади?” дея кун бўйи эзилиб юрдим. 

“Эр-хотин турмуш қурганидан кейин биринчи беш йилликда бир-бирини тушунишга қийналади. Кўпчилик оилалар бу даврдан ўтолмай ажрашиб кетади”, деган мазмундаги маълумотни бир газетадан ўқиб қолгандим. 

“Бизда ҳам шунақа давр ҳозир. Сабр қилишим керак. Бир-биримизни тушуниб олгач, яхши яшаб кетамиз”, ўзимни шундай дея овутдим.

Аммо эримнинг инжиқликлари кун сайин ошиб бора бошлади. У тўйлардан кечаси соат икки-учларда қайтар, яна ўша вақтда мендан уйғоқ бўлишимни, овқат ҳам иссиқ ҳолда хонтахта устида туришини талаб қиларди. Албатта, буни уддалардим. Лекин баъзида кийимлари устидан жанжал чиқарарди. Ранг-баранг кўйлаклари жуда кўп бўлса-да, айнан мен ювиб қўйганимни ё ювишга улгурмаганимни “кияман”, деб туриб олар, тайёрмаслигини билиб юзимга тарсаки тортиб юборарди. 

—  Кўйлагингиз кўп-ку! Бошқасини кийиб турсангиз бўлади-ку, мен азобламай. Ўзи кечаси соат учта ечдингиз. Ўша пайти ювиб қўйгандим. Тонгда туриб кияман деяпсиз. Ҳали дазмол қилиб улгурганим йўқ, ахир. Тушунсангиз бўлади-ку!

—  Менга ақл ўргатяпсанми? — тағин ундан калтак ейман. 

Хуллас, ҳамма “Асал ойи” деб атайдиган тўйимизнинг илк ойи мана шу тарзда ўтди. Кейин ҳам эримда ҳеч ўзгариш бўлмади. Тинимсиз қизлар билан гаплашар, менга эса зуғум қилгани-қилган эди. 

Энг қизиғи, ишга — мактабга дарс бергани бирга борардик. У шуни талаб қиларди. Шунча кўргиликдан кейин менинг у билан бирга юргим келмас, у эса худди ошиқ-маъшуқлардек қўлидан тутиб олишимни, ёнма-ён жилмайиб юришимни истарди. 

—  Э-э-э, севишганлар келяпти-ку! — бизни бу ҳолда кўрган ҳамкасбларимиз ҳавас билан дерди. — Бирам бир-бирларингга моссизларки...

—  Мос бўлмасак, бунга уйланармидим?! — жилмайиб ҳамманинг олдида бурнимни ҳам чимчилаб қўяди у. — Юракдан ургани учун олганман-да!

У шунақа. Ҳар доим, ҳамманинг — дўстлари, ҳамкасблар, қариндошлари ва менинг яқинларим ёнида ўзини шундай тутади. Шўх, оқкўнгил, самимий ва бахтли кўрсатади. 

“Бир жаҳли чиққан экан-да! Мана яхши одам-ку! Энди уйда ҳам шундай бўлади!” — умидлана бошлайман илжайиб.

Афсус, минг афсус. У ўзгармайди. Уйга келиши билан буткул бошқа одамга айланади:

—  Нима, одамларнинг олидида мени ёмон кўрсатмоқчи бўлдингми? Тумтайиб олмоқчи бўлдинг? Ёмонми, мен? 

—  Йўқ, — дейман елка қисиб. 

Аммо “Нима учун икки қиёфада яшайсиз?” дея сўрай олмайман. Шу ҳолда мана, уч йилни ҳам ўтказдим. Бу орада туғилган қизалоғимиз ҳам уни ўзгартира олмади. Унга қараб, “Кўча — хандон, уй — зиндон”, деган мақол бежизга айтилмаганига амин бўламан. Тиш ёриб бировга унинг асл қиёфаси ҳақида айтмайман. Ичимда сақлайман. Сизларга ёзишимдан мақсад эса, мана шундай одамларни ўзгартириб бўладими? Улар нима учун бунақа? Нима учун ҳеч бир сабабсиз мени қийнайди? Маслаҳатларингизни кутиб қоламан...

Н.УСАНБОЕВА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1