Америка-Исроил гуманитар ёрдам марказларидан келган ун қопларида оксикодон туридаги гиёҳванд модда бўлган таблеткалар аниқланди. Бу ҳақида Ғазо сектори ҳукумати матбуот хизмати хабар берди, дея ёзмоқда "zamon.uz".
“Гиёҳванд моддаларни ун солинган қопларга жойлаштириш фуқаролар соғлиғи ва жамиятнинг ижтимоий тузилишига қарши қаратилган жирканч жиноятдир”, дейилади баёнотда.
Ғазо ҳокимияти Исроилни гуманитар ёрдам баҳонасида гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиш орқали фаластинликлар орасида гиёҳвандликни ёйишга уринишда айбламоқда. Расмийларнинг фикрича, бундай моддалардан “ифлос урушнинг юмшоқ қуроли” сифатида фойдаланиш ҳарбий жиноят ҳисобланади ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузади.
Ҳокимият вакиллари бундай марказлардан озиқ-овқат оладиган аҳолини ҳушёр бўлишга, инсонпарварлик ёрдамини синчковлик билан текширишга ва шубҳали моддалар ҳақида зудлик билан хабар беришга чақирган.